БМТ: Яманда бир ярим мингдан ортиқ бола ҳалок бўлди

08.08.2017 | Жаҳон | 2507

Яманда давом этаётган фуқаролар уруши туфайли қурбон бўлган болалар сони ортиб бормоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг болалар жамғармаси – ЮНИСEФ Ямандаги вазият юзасидан ахборот берди. Бу ҳақида Анадўлу агентлиги хабар бермоқда.

Уруш туфайли йил бошидан бери мамлакатда камида 201 нафар бола ҳаётдан кўз юмган. Улардан 152 нафари ўғил ва 49 нафарини қиз болалар ташкил қилган. ЮНИСEФнинг Ямандаги вакили Мерткселл Релано Твиттердаги саҳифасида маълум қилишича, 2017 йилда 347 нафар яманлик болалар майиб бўлган, шундан 113 нафари қиз болалар ҳисобланади.

Давом этаётган фуқаролар урушининг жанговар ҳаракатларида болалар ҳам иштирок этмоқда. БМТ вакилининг айтишича, 2017 йилда 377 нафар вояга етмаган ўғил болалар урушга жалб қилингани аниқланган.

Мазкур ахборот ҳусий исёнчилари томонидан Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Саъда вилоятида 12 кишини ўлдиргани айтилганидан бир неча кун ўтиб эълон қилинган. БМТ вакилига кўра, мазкур ҳужумда 2 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалардан 6 нафари ҳалок бўлган.

ЮНИСEФ томонидан март ойида эълон қилинган ҳисоботга кўра, Яманда уч йилдан бери давом этаётган фуқаролар урушида камида 1 546 нафар бола ҳаётдан кўз юмган ва 2 450 бола жароҳатланган.

Яманда 2014 йилда Эрон дастаклаётган ҳусий исёнчилари ҳукуматга қарши қуролли курашга киришиши билан фуқаролар уруши бошланган эди. Исёнчилар мамлакат ҳудудининг катта қисмида назоратни қўлга олган ва 2015 йил баҳорида пойтахт Сана шаҳрини ҳам эгаллаб олган эди. 2015 йилнинг март ойида Саудия Арабистони бошчилигидаги араб давлатлари коалицияси ағдарилган ҳукуматни дастаклаш учун урушга кирган.

Халқаро Қизил хоч қўмитаси маълумотларига кўра, уруш туфайли 3 миллиондан ортиқ яманлик қочқинга айланган. Мамлакат бўйлаб 20 миллион одам гуманитар ёрдамга муҳтож. Озиқ-овқат, ичимлик суви ва дори-дармон етишмаётган, тиббиёт инфратузилмаси вайрон бўлган Яманда вабо шиддат билан тарқалмоқда. Ҳозирга 425 минг одам вабо юқтирган ва касаллик туфайли ҳалок бўлганлар сони 2 минг кишига яқинлашган.