Фотогалерея: Шавкат Мирзиёев ва Зироатхон Мирзиёева Тож Маҳалда

30.09.2018 | Ўзбекистон | 3279

Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга 30 сентябрь куни Аградаги Тож Маҳал мажмуасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент Ҳиндистонга давлат ташрифини ушбу тарихий обидадан бошлагани бежиз эмас. Бобурийлар мероси бўлган ушбу ёдгорлик ўзбек ва ҳинд халқларининг тарихи муштараклиги, икки мамлакат алоқалари мустаҳкам асосга эга экани ифодасидир.

Маълумки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодлари Ҳиндистонда улкан мақбаралар, қалъалар, шаҳарлар бунёд этган. Савдо, илм-фан, маданият, меморчиликни ривожлантирган. Тож Маҳални ҳам Бобур бобомизнинг авлоди Шоҳ Жаҳон қурдирган.

Унинг меморий ечими шунчалик мураккаб ва ноёб бўлганки, минглаб қурувчилар томонидан 20 йилдан зиёд вақт давомида барпо этилган. Мақбара ва минораларнинг ҳамма жойи оқ мармар билан қопланган. Ёдгорлик юртимиздагидек нақшлар ва Қуръон суралари билан безатилган.

Тож Маҳал дунёнинг етти мўъжизасидан бири саналади. 1983 йилда UNESCO’нинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Бу тарихий обида ҳамон гўзаллиги ва муҳташамлиги билан бутун дунё сайёҳларини ўзига жалб этади. Бу ерга ҳар йили қарийб 5 миллион турист келади. Тож маҳал Ҳиндистоннинг туризм салоҳияти, айниқса, аграликлар ҳаётида муҳим ўрин тутади.

Мақбара зиёрати чоғида Қуръон тиловат қилинди.

Ҳиндистонлик расмийлар билан мулоқотда Президентимиз Ўзбекистонда ҳам қадимий обидалар, муқаддас зиёратгоҳлар кўплиги, икки мамлакат ўртасида сайёҳлар борди-келдисини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев мажмуанинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.

Давлат раҳбари Нью-Деҳли шаҳрига жўнаб кетди.