Буёғи неча пулдан тушди: ​​Энергоресурсларни истеъмол қилишнинг ижтимоий нормаси ҳақида 

05.10.2018 | Блог | 4020

Ижтимоий тармоқларда тарқаган ҳужжат лойиҳасига таянадиган бўлсак, энергоресурсларини истеъмол қилишнинг ижтимоий нормасини жорий этиш эҳтимоли, ҳақиқатан ҳам, кўриб чиқилаяпти. Kurbanoff шу масалада ўз фикрлари билан ўртоқлашган эди, шуни сизга ҳам раво кўрдик.

“Ҳозир ушбу масала фаол муҳокама қилинмоқда. Катта эҳтимол билан бу амалиёт ҳаётга татбиқ этилса ҳам керак. Бунда эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрининг туманларидан бири (масалан, Юнусобод тумани) танланади.

Келинглар, шу мавзуда хаёл суриб кўрамиз.

Тасаввур қилайлик, битта квартира учун ижтимоий норма 300 кВт. Ушбу кўрсаткичгача бўлган электр энергияси учун, масалан, 250 сўмдан тўланади. Ундан ошса, дейлик, 300 сўмдан тўланади. Гарчи мантиқан тўғридек кўринса-да (аслида унақа эмас), менда саволлар пайдо бўлаяпти.

Биринчидан, АСКУЭни (гугллаб ўтирмасликларингиз учун: бу “электр энергиясини тижорий ҳисоблашнинг автоматлаштирилган тизими”нинг қисқартмаси, яъни замонавий счетчик ўрнатиш дегани) 2011 йилда якунлашимиз керак бўлган эса-да (ҳа, шунақа муддат қўйилган эди), мазкур муддатни суравердик, суравердик — у ҳалигача ҳамма жойда мавжуд эмас. Ўз-ўзидан, аксарият жойларда электр сарфи эскича услубда, яъни инспекторларнинг уйма-уй юриб чиқиши орқали амалга оширилади. 

Энди асосий савол пайдо бўлади: агар автоматик тизим бўлмаса, ойлик истеъмол миқдорини қандай аниқлаш мумкин? Демак, ҳар ойнинг охирги кунида соат тунги 00.00 да ҳар бир электр ҳисоблагичнинг қаршисига инспектор келиб, счетчикдаги кўрсаткичларни ҳисоблаб чиқадими? Фантастикаю бу. Чунки бунча инспекторнинг ўзи йўқ, қолаверса, ҳеч ким қоқ тунда счетчикма-счетчик югурмайди. Рақамлар яна турфа чиқишда давом этади, яна эътирозлар, яна саволлар кўпаяди.

(Уйма-уй юрадиган инспекторлар ҳақида. Бир марта менда шундай ҳолат бўлган эди: “Ўзбекэнерго”даги шахсий кабинетимда, юмшоқроқ қилиб айтганда, реал ҳаётдан йироқроқ кўрсаткич пайдо бўлиб қолди. Суриштирсам, ҳаммаси оддий йўл билан қилинган экан, яъни инспектор ҳар ой хаёлида ўртача кўрсаткични ҳисоблаб, менинг шахсий кабинетимга киритиб борган. Компанияга мурожаат қилиб, уни олдириб ташладим. Кимки бунга ишонмаса, шикоятни топиб, унинг личка орқали кўрсатишим мумкин. Буни ўзи ҳисоб-китоб қандай юритилишини тушунишингиз учун айтаяпман).

Иккинчидан, ижтимоий норма нега уй хўжалигига боғлаб қўйилаяпти? Нега уйда яшаётганлар сони, квартира ёки уйнинг майдони ва бошқалар ҳисобга олинмаяпти? Дейлик, бир хонадонда 1 киши яшайди ва яна бир хонадонда эса 5 киши яшайди — иккала хонадон учун ҳам 300 кВт норма бўлаяпти. Қанақасига? Ижтимоий адолат тамойили қаерда қолди? Ким кўп истеъмол қилса, яъни уй майдони ёки яшовчилар сонидан келиб чиқалидиган мантиқ қани?

Дарвоқе, агар газга ҳам шундай нормани қўлламоқчи бўлишса, унда табиий газ истеъмоли ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Масалан, менда газ ҳисоблагич умуман йўқ. Айтганча, буям қизиқ бўлган. Лекин буни бошқа бир пайт айтиб берарман.

Албатта, ҳаммаси худди шундай бўлади, дейишдан йироқмиз. Буларнинг барчаси ижтимоий норма ҳақидаги таклифдан келиб чиқиб билдирилаяпти, холос”.

Телеграмдаги davletovuz каналидан