Ўз бошлиғини пичоқлаган Мажбурий ижро бюроси ходими 16 йилга қамалди

07.10.2018 | Жамият | 3002

3 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди ўз бошлиғини пичоқлаган МИБнинг собиқ давлат ижрочиси Ибрат Шавкатовни айбли деб топиб, унга нисбатан 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати хабар қилди.

Собиқ давлат ижрочиси Ибрат Шавкатов 2017 йил 30 июндан 22 ноябргача бюронинг Қарши туман бўлимида, 22 ноябрдан 2018 йил 2 майигача эса Яккабоғ тумани бўлими давлат ижрочиси лавозимида ишлаган.

3 май куни тахминан соат 15:00 да Ибрат Шавкатов у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинишида бўлим бошлиғи Баҳром Жўраевни айбдор санаб, хизмат хонасида ўзи билан олиб юрган ошхона пичоғини унинг қорин соҳасига бир маротаба санчади.

Яккабоғ туман тиббиёт бирлашмаси томонидан Б.Жўраевга «Қорин олд девори санчилган кесилган жароҳати, қорин бўшлиғи аъзолари жароҳати» каби ташҳис қўйилиб, жарроҳлик амалиётига олинган ва кўрсатилган зарурий муолажалар натижасида унинг ҳаётини сақлаб қолишга эришилган. Бироқ Баҳром Жўраев 1 август куни Тошкентда Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий маркази жонлантириш бўлимида вафот этади.

Яккабоғ тумани прокуратураси томонидан собиқ давлат ижрочиси И.Шавкатовга нисбатан 3 май куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 25 ҳамда 97-модда 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

И.Шавкатовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Қашқадарё вилояти прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилди.