Шавкат Мирзиёев Дональд Трампга ҳамдардлик билдирди

29.10.2018 | Жаҳон | 3136

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Питтсбург шаҳридаги синагогада содир бўлган отишма оқибатида кўплаб инсон ҳалок бўлгани муносабати билан АҚШ президенти Дональд Трампга ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Шу йилнинг 27 октябрь куни Питтсбургдаги синагогага бостириб кирган 46 ёшли Роберт Бауэрс шанба ибодатига йиғилганларни ўққа тутган, отишма оқибатида 11 киши ҳалок бўлиб, камида 6 киши тан жароҳати олганди.

Ҳужумчи қотиллик ва кишилар жонига қасд қилганликдан ташқари диний низо қўзғатганлик ва дин эркинлигига монелик қилганликда айбланмоқда. АҚШ бош прокурори Жефф Сешнсга кўра, агар Роберт Бауэрснинг айби исботланса, унга ўлим жазоси ҳам берилиши мумкин.