ИИББ: Чилонзордаги ҳодиса юзасидан шошилинч хулоса чиқарманглар

31.10.2018 | Жамият | 3446

Бугун тонгда Чилонзорда содир бўлган бахтсизлик юзасидан шошилинч хулоса чиқарманглар, деб журналистларга мурожаат қилди Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев.

“Прокуратура ушбу иш юзасидан жиноий иш очган.

Сизлардан ушбу фожеа юзасидан шошилинч хулоса чиыариш ёки изоҳлар бермасликни сўраймиз. Ҳозирча ҳеч нарса аниқ эмас, саволлар жуда кўп. У ерда ҳамма нарса текширилади: газ ҳам, сув ҳам, ҳаво ҳам, лимонад, печенье ва бошқа нарсалар ҳам.  

Бизни ҳам тўғри тушунинглар. Ҳозир ота-она оғир қайғуда, 

уларга савол беришнинг ўзи ноқулай. Улар билан рухшунослар ишламоқда. У ерда тез ёрдам машинаси ҳам навбатчилик қилмоқда. Биз бироз кутиб туришимиз керак.

Агар экспертиза йўли билан фожеа сабабини аниқлашнинг иложи бўлса, биз буни сизларга албатта хабар қиламиз”, - деди Тошхўжаев журналистларга.

Эслатиб ўтамиз, бугун эрталаб Тошкентнинг Чилонзор туманидаги Дилхуш кўчасида истиқомат қилувчи хонадоннинг тўрт нафа аъзоси кутилмаганда вафот этган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган расмий хабарда улар газ ёки овқатдан заҳарланган бўлиши мумкинлиги айтилган. Якуний хулоса барча текширувлардан сўнг маълум бўлади.