Фарғоналик ўндан ортиқ прокурор нега саккиз йилдан бери бир жиноят ишини беркитиб келмоқда? (видео)

01.11.2018 | Блог | 7032

Сайтимизга Фарғона вилояти Бағдод туманида яшовчи Маъмуржон Азизовдан хат келди. Сарғайиб кетган хат. Нега деганда 8 йилдан бери ҳар қандай қоғоз сарғайиб кетади, одамни қўяверинг. Суд ва прокуратура идоралари отангга бор, онангга бор қабилида сарсон қилиб чарчамаган 2-гуруҳ ногирони М. Азизов сўнгги умидини жамоатчиликка тикди.

“Ассалому алайкум. Мен Маъмуржон Азизов Бағдод тумани, Неъматуллаев кўчаси 46-уй, 16-хонадонда яшайман. Иккинчи гуруҳ ногирониман.

Сизларга мурожаат қилишимдан мақсад бир неча йилдан бери ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари очиқ-ойдин исботланган жиноят ишини асоссиз равишда беркитиб келиши ва куппа-кундузи қонун талабларини ўзбошимчалик билан оёқости қилаётганлигидир.

Асли иш нимадан бошланганди?

Республикамиздаги энг катта қурилиш корхоналаридан ҳисобланган 545-ХМКК ва 92-ХМКК бирлаштирилиб, ташкил бўлган корхонада беш юздан ортиқ ишчи-хизматчи меҳнат қилган.

Бироқ 92-ХМКК корхонаси сохта ҳужжатлар асосида корхона раҳбари Т. Холдаров томонидан Давлат мулк қўмитаси Фарғона вилоят бошқармаси мансабдорлари билан жиноий тил бириктириб, хусусийлаштириш тўғрисидаги мавжуд қонунларни четлаб ўтган ҳолда асл баҳосидан етмиш (!) баробар арзон баҳода сотиб олган.

Т. Холдаров ва бир гуруҳ мансабдор шахслар бизнинг ҳиссамиз ва давлат мулкини кепак баҳосида олиш мақсадида сохта ҳужжатлар тайёрлаб тақдим этган. Бу билан улар Жиноят кодексининг 209-моддасининг 2-қисми ва 167-моддасининг 3-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятларни содир қилган. Буни “Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Фарғона вилоят бошқармасининг 10.03.2015 №16/643-сонли, 04.02.2016 ва 16.02.2017 йилги маълумотномалари ва Фарғона вилоят НТБсининг 03.10.2011 йилги далолатномаси тасдиқлайди.

Ушбу жиноят ишини бир неча йилдан бери вилоят ва туман даражасидаги 15 нафар прокурор ва прокуратура ходимлари (жумладан, Ф. Р. Тўйчиев, М. Д. Мўминжонов, С. А. Ҳасанов, А. Ёқубов, Э. Жўраев, А. Асқаров, Г. Эгамбердиев, М. Абдураҳмонов, Б. Б. Пўлатов, Ж. Р. Низомов, С. Эшқувватов, Ш. М. Каримов, Б. Ваҳобов, Б. Исмоилов ва А. Юнусов)  асоссиз равишда ёпиб келмоқда.

Ўтган йиллар мобайнида кўп карра ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига ёздим, бироқ натижа бўлгани йўқ.

Бу иш юзасидан Фарғона вилоят прокуратурасига мурожаат қилганимда 06.06.2016 санаси билан №16/1003-15-128 шаклидаги жавоб олдим, унда менинг ишим ҳар томонлама кўриб чиқилгани ва Бағдод туман прокуратурасига терговдан олдинги текширув учун йўллангани ёзилганди. Бироқ бу билан иш мутлақо ҳал бўлгани йўқ. Нима учун вилоят прокуратураси ўз назорати остида бўлган ишнинг ижросини охиригача назорат қилмайди?

Сўнгги вақтда Фарғона вилояти ДХХ бошқармасига мурожаат қилдим. Менинг аризам ДХХ ходимлари У. Исмоилов ва Г. Сафаров томонидан текширилди ва ўрганиб чиқилди. Натижада У. Исмоилов ва Г. Сафаров аризада келтирилган фактларни тўла тасдиқлади. Шундан сўнг ДХХнинг ташаббуси билан консилиум ўтказилди, унда вилоят прокуратурасидан Ф. Р. Тўйчиев ва М. Д. Мўминжонов иштирок этди. Консилиумда жиноят иши батафсил текширилди, якунида Ф. Р. Тўйчиев ва М. Д. Мўминжонов аризада келтирилган фактлар тўғрилигини тан олди ва 4 кун ичида чора кўришга ваъда берди.

Орадан ярим йилдан кўп вақт ўтди, бироқ ҳеч қандай чора кўришгани йўқ.

Мен ҳуқуқни ҳимоялаш органларига ёзиб чарчадим. Бир хатимга уч ойда жавоб келади. Тўртта хат ёзсам бир йил ўтади.

Мурожаатларимдан натижа бўлмаётганлиги учун тинч намойиш ўтказишга рухсат сўраб Фарғона ҳокимлигига мурожаат қилдим, жавоб берилмади. Мамлакат президентига уч марта хат ёздим. Афсуски, вилоят ва туман прокуратураси ҳанузгача жиноий ишни ёпиб келишга муваффақ бўлмоқда.

Мурожаатимда тилга олган прокурорларни жиноятчиларга шерик, ўз лавозимига номуносиб деб биламан. Улар ўз ўрнида экан, қонунлар ижроси таъминланмайди.

Юқоридаги сўзларимни давлат органларининг қуйидаги маълумотнома ва ҳужжатлари тасдиқлайди:

  • Фарғона вилоят Назорат-тафтиш бошқармасининг (КРУ) 03.10.2011даги маълумотномаси;
  • Фарғона вилоят Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ҳудудий бошқармасининг 10.03.2015даги №16/643 сонли маълумотномаси;
  • Фарғона вилоят хусусийлаштириш бошқармасининг 04.02.2016даги №3/9-сонли маълумотномаси;
  • Фарғона вилоят хусусийлаштириш бошқармасининг 10.02.2017 ва 16.02.2017даги маълумотномаси;
  • Бағдод тумани ҳокимининг 20.09.2015даги №83-сонли маълумотномаси

Мен ва уч юз қирқ икки нафар акционернинг ҳақини ўзлаштириб олган Т.Холдаров ва унинг шерикларидан ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишингизни, Т. Холдаров ва унинг қилмишини беркитиб келаётган прокурорларни жазога тортишда ёрдам беришингизни сўрайман. Барча тегишли ҳужжатларни тақдим этишга тайёрман.

Телефон рақамим: +99891 6909868. Маъмуржон Азизов”

 

Sof.uz сайти бу борада Фарғона вилоятидаги тегишли мансабдор шахслардан изоҳ кутади.