Қашқадарёда ЙПХ ходимларига ҳужум қилишди

05.11.2018 | Жамият | 4507

Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига қарашли йўл патруль хизмати инспекторлари Косон тумани «Гувалак» маҳалласи ҳудудида одатдагидек хизмат вазифасини бажараётган эди.

Инспекторалар Жасур Йўлдошев, Иномжон Қораев ва Шаҳзод Чориев томонидан йўлда ҳаракатланаётган автомобиллардан навбатдагиси тўхтатилиб, инспекторлар «Кобальт» ҳайдовчисининг ҳужжатларини кўздан кечиришга чоғланди. Кичик сержант Ж.Йўлдошев автомбиль ҳайдовчисидан ҳужжатларни тақдим қилишни сўрайди. Ўзини Ҳусниддин Тўрақуловман, деб таништирган шахс ҳеч қандай ҳужжатлари йўқлигини айтади.

Инспекторлар ушбу ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштиради. Шундан сўнг автомашинани вақтинчалик жарима майдончасига олиб борилиши керак эди.

Аммо Х.Тўрақулов ва унинг йўловчилари, яъни турмуш ўртоғи Муҳаббат Жуманазарова, ўғли Шоҳрух Эгамбердиев, қизи Кумуш Эгамбердиева ходимларга фаол қаршилик кўрсатишади.

Ш. Эгамбердиев қўлига пичоқ олиб Косон тумани ички ишлар бошқармаси 11-сонли ички ишлар бошқармасига тегишли «Дамас», русумли автомашина ойнасини синдириб, баллонларига шикаст етказади. Шундан сўнг йўловчилар автомашинасига ўтириб, воқеа жойидан қочиб кетган.

Йўловчи йигитнинг қуюшқондан чиқиб кетиб, амалга оширган қўпол ҳаракатлари натижасида кичик сержант Ж.Юлдашев ва сафдор И.Қораевга жароҳат етказилган. Уларга касалхонада тиббий ёрдам кўрсатилди.

Бундай вазиятда йўловчиларнинг инспектларни қандай сўзлар билан «сийлаши"ни айтмасак ҳам, кундай аён.

Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармасидан маълум қилишларича, кўрилган тезкор чоралар натижасида Ш. Эгамбердиев ушланиб, Х.Тўрақулов, М.Жуманазарова ва К.Эгамбердиева туман прокуратурасига топширилди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.