Давлат қабул комиссиясининг 5-сон баёни асосида жами 276 та йўналиш бўйича оширилган тўлов-контракт миқдорлари тасдиқланди. Бу ҳақда Олий таълим вазирлиги хабар бермоқда.
Унга кўра, энг арзон супер-контракт миқдори 82 млн 935 минг сўм бўлиб, 141 та йўналишда (51,1%) абитуриентлар айни шу миқдордаги супер-контрактни тўлаб талабага айланишлари мумкин.
Энг қиммат супер-контракт эса ўтган йилдагидек ҳуқуқ соҳаси учун белгиланди – 25 баробар! Бунга кўра, юрист бўламан деган, лекин етарли балл тўплай олмаган абитуриентлар биринчи йил учун 276 млн 450 минг сўм тўлаб, талаба бўлишлари мумкин.
Шу каби супер-контракт учун 276 та йўналишга жами 11 хил миқдордаги нархлар белгиланди.
Эслатма: тўплаган баллари тўлов-контракт доирасидаги қабул квоталари чегарасига 4 баллдан ортиқ балл етмаган, бироқ энг юқори баллнинг 30%дан (56,7 балл) кам бўлмаган ҳолда, ўқиш истагини билдирган абитуриентлар супер-контракда ўқиши мумкин.
Супер-контракт фақат биринчи йил учун тўланади (оддий контрактнинг суммаси ҳам шунинг ичида), кейинги йилларда эл қатори оддий контракт тўланади.
Супер-контракт миқдори ҳақида Бош вазир ўринбосари ҳамда Олий таълим вазирлиги берган маълумотларнинг тўлиғи билан бу ерда танишишингиз мумкин.