Камқонликда юракда шовқин, умумий ҳолсизлик, иммунитет пасайиб кетиши кузатилади. Гемоглобин миқдори тушиб кетиши ёшу қарида бирдек кузатилади.
1. Уйқуга ётишдан аввал 1 стакан қайнаган сувга 2 ош қошиқ наъматак солиб дамланади. Эрталаб уйқудан уйғонганда бу дамламага 1 та лимон шарбатини сиқиб ичиш лозим.
2. Ярим стакандан анор, қизил лавлаги, сабзи, яшил олма шарбатини чиқариб, ярим стакан асал қўшилади. Ҳаммасини яхшилаб аралаштириб, кунига 3 маҳал ярим стакандан қабул қилинади.
3. Ҳомиладорлар қорамол тилини пишириб ейиш орқали гемоглобин миқдорини оширишлари мумкин. Бунинг учун тилни 1,5‑2 соат давомида сувда қайнатиб пишириб олинади. Аммо аксар ҳолларда тилнинг бу тарзда пиширилгани зўр‑базўр ейилади. Биз эса тилни пиширишнинг антиқа услубини тавсия этамиз: бунинг учун зар қоғоз (фольга), туз, 5‑6 бўлак саримсоқ пиёз, 2 ош қошиқ ўсимлик ёғи, зираворлар ва тил керак бўлади. Саримсоқ пиёзни эзиб, туз, ўсимлик ёғи, зираворлар билан аралаштиринг. Тилни ювиб, зарқоғознинг ўртасига жойлаштиринг ва устига зираворлардан таёрланган аралашмани суртиб чиқинг. Тилни зарқоғозга ўраб, 2‑3 соатга салқин жойга қўйинг. Сўнг газ печига қўйиб, 200 даража ҳароратда 1,5 соат мобайнида пиширинг.
4. Кунига 3 маҳал 1 стакандан қовун шарбати ичиш ҳам қондаги гемоглабин миқдорини оширади.
5. Сачратқи (цикорий) ўтидан 1 ош қошиқ олиб, бир стакан қайнатилган сутга солинади. 15‑30 дақиқа тиндириш керак. Докадан сузиб олиб, дамламани учга бўлиб, кунига 3 маҳал истеъмол қилинади.
6. 5‑6 дона олмани 2‑3 бўлакка бўлинг. 5 дона олхўри, 5‑6 дона туршак, бир ҳовуч майиз ва 5‑6 дона ёнғоқ мағзини майдалаб, 1‑1,5 литр сувга солиб, паст оловда 1 соат давомида қайнатинг. Совигач, таъбга кўра асал аралаштиринг. Ҳар куни чой ўрнида шу дамламани ичинг.
7. Сабзини қирғичдан чиқариб, сутда қайнатиб пишириб, истеъмол қилиш ҳам мумкин.
8. Бир ош қошиқ газанда ўт (крапива)ни бир стакан қайнаган сувда дамланг. Ярим соат тиндириб, докада сузиб олинг ва асал қўшинг. Дамламани кунига 3 маҳал овқатланишдан сўнг ичиш лозим.
9. Бир хил миқдордаги қуритилган анжир, туршак, майиз, олхўри ва лимонни идишга солиб, устини қоплагунга қадар қайнаб турган сув қўйинг. 8 соат тиндиргани қўйинг. Сўнг истагингизга кўра суюқ асал аралаштириб, шиша идишга солиб, музлаткичга қўйинг. Ҳар куни бу дамламадан ярим стакандан 3 маҳал ичинг. Ичидаги қуритилган меваларини ҳам енг.
Манба: Darakchi.uz