Иш

Атоқли раҳбар бўлишни истайсизми? Унда кундалик тутинг

Бугунги кунда жамиятимизнинг турли соҳаларида аёлларнинг фаол иштирок этаётганлигини кўришимиз мумкин. Тиниб-тинчимас аёллар нафақат уй юмушлари ва фарзанд тарбияси, балки бошқарув соҳасида ҳам кўплаб муваффақиятларга эришаётганлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. Раҳбар учун ўз-ўзини таҳлил қилиш муҳим саналади.

Ўз-ўзини таҳлил қилиш орқали киши тажрибаларини қайта кўриб чиқади ва эски муаммоларни ҳал қилишда янги ечимларни топа олади. Кундалик тутиш дунёга турли томонлардан қарай билиш, ҳодисаларга қайта баҳо бериш ва рақиблардан аввал янги ечимларни топишга ёрдам беради.

Раҳбарлар бирор нарсани бошқалар кўришидан аввалроқ кўра олиш, бошқалар англаб етишидан олдинроқ тушуниб етиш ва бошқалардан аввалроқ ҳаракатни бошлаш қобилиятига эга.

Ҳаёт тарзимиз шунчалик шиддатлики, ички овозимизга қулоқ тутиш учун вақт етмайди. Бироқ биз бунинг учун кундалик тутишимиз мумкин.

Профессор, тадқиқотчи ва рассом Ненси Адлер оддий машғулот - кундалик юритишни маслаҳат беради. 125 дан ортиқ мақола ҳамда ўнта китоб ва тўпламнинг муаллифи Ненси Адлер етакчилик қилиш соҳаси бўйича тадқиқотлар олиб боради ва кишиларга маслаҳатлар беради.

Кундалик юритишни бошлаш учун нималар керак бўлади?

  1. Дафтар сотиб олинг

Кундаликни онлайн тарзда юритиш қўлда ёзганчалик натижа бермайди. Шунинг учун дафтар харид қилинг.

  1. Кундалик учун кунига 15 дақиқа ажратинг

Агар кундаликка қайдлар учун 15 дақиқа вақт ажрата олмасангиз, уч дақиқадан бошланг.

  1. Тинч жой топинг

Кундаликка ёзаётганингизда сизга ҳеч ким халақит бермасин.

  1. Фурсат танланг

Агар бунинг учун ҳар куни бир вақтни танласангиз янада яхши, унга ажратадиган дақиқани бошқа ишлардан қўриқланг. Бу ўзингиз билан маслаҳатлашадиган вақтингиздир.

  1. Миянгизга келган ҳар бир фикрни қайд этиб қўйинг

Дафтарнинг бўш саҳифалари сизни ўзингиз билан виждонан мулоқот қилишга таклиф қилади. Унда сиз ҳар қандай фикрингизни ифодалай оласиз.

  1. Кундаликни ҳеч кимга кўрсатманг

Сизнинг мушоҳадаларингиз фақат сизга тегишлидир. Улар сизга ҳеч бир маслаҳатчи ёки эксперт бера олмаган нарса - ўзига хос нуқтаи назарингизни бера олади!

Мақолани тайёрлашда "Лайфхакер" сайти маълумотларидан фойдаланилди.