— Турмушга чиқмаганман. Яқинда кўкрагимда без пайдо бўлди. Текширтирсам, липома деб ташхис қўйишди. Операция йўли билан олдиришни маслаҳат беришди. Бундан бошқа йўли йўқми?
Хуршида, 23 ёш, Сурхондарё вилоятидан
Дилобар МИРРАҲИМОВА, маммолог: — Қиз бола кўкрагида без пайдо бўлишининг асосий сабаби қалқонсимон без фаолияти бузилиши билан боғлиқ. Дори-дармонлар ёрдамида қалқонсимон без фаолиятини тиклаш мумкин, лекин пайдо бўлган без сўрилиб кетмайди. Кўкрак безида пайдо бўлган ҳар қандай тугун ёмон асорат қолдириши мумкин. Шунинг учун ҳам тугунни жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш керак. Ҳозирги пайтда пластик жарроҳлик йўли билан чандиқ қолдирмасдан операция қилиш имкониятларига эгамиз. Операциядан кейин кўкракнинг кўриниши ва шакли ўзгармайди, чандиқ қолмайди. Агар тугун олинмаса, турмушга чиққандан сўнг, ҳомиладорликда ёки эмизикли даврда тугун катталашиб кетиши ва ёмон асоратларга олиб келиши мумкин.
Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси