Транспорт турлари ичида энг ёқтирганим - метро. Тез-тез қатнайди. Шинам, чиройли. Ёзда салқин, қишда эса иссиқ. Ҳулас, ҳар томонлама қулай. Шу боис бирор жойга боришни режалаштирсам транспортнинг бошқа турларидан кўра кўпроқ метрони афзал кўраман.
Баҳор келиб, ҳар томондан аёллар шаънига илиқ сўзлар сўзланаётганиданми, билмадим, тунов куни метрода кетаётиб бир нарса диққатимни тортди. Бугунги кунда Тошкент метрополитенида учта йўналиш фаолият кўрсатмоқда. Бу йўлларда жами йигирма тўққиз бекат мавжуд. Яна уч бекат қурулиш жараёнида, тўрттаси эса лойиҳалаштирилмоқда. Ҳар доим бекатлар номи эътиборимни тортади. Кимларнинг, нималарнинг номига қўйилган, нима учун, қандай муносабат билан деган фикрлар ўтади ҳаёлимдан. Вагон деворига осиғлиқ рўпарамдаги чизмага қарайман. Бекатларга номи қўйилган машҳур инсонларнинг исмларини бир бир ўқийман. Пушкин, Ҳамид Олимжон, Ҳамза, Мирзо Улуғбек, Собир Раҳимов. Чкалов, Ойбек, Алишер Навоий, Ғафур Ғулом, Беруний. Юнус Ражабий, Абдулла Қодирий, Ҳабиб Абдуллаев.
Таажжуб, ўн учта бекатга машҳур шахслар исмлари берилибдию лоақал биттагинасига аёл кишининг номи берилмабди. Балки қурилаётган ёки лойиҳалаштирилаётган бекатларнинг бирортасига аёл номи берилгандир деб яна чизмага қарадим. Яна аёллар йўқ: Бобур, Усмон Носир, Файзулла Хўжаев. Юқорида номлари зикр этилган таниқли шахслар шаънига тил теккизмоқчи эмасман, уларнинг ҳар бирига бир эмас, йигирмалаб бекат номи қўйилса арзигулик иш бўлади, лекин наҳотки шундай катта метрополитенимизда лоақал бир бекат аёл номи билан атала олмаса?
Юртимизда машҳур аёллар камми? Узоқ мозийга назар ташлайман. Мардонавор Тўмарис, соҳибқирон Амир Темурнинг суюкли ёри, маслаҳатгўйи Сароймулкхоним, Мирзо Улуғбекнинг онаси, ақлу заковат бобида беназир Гавҳаршодбегим, мумтоз адабиётимизга гўзал ғазаллари билан мислсиз ҳисса қўшган Зебунисобегим, Нодирабегим, Увайсий, Анбар Отинлар… Ҳар бири бир олам.
Яқин тарихимизда ҳам талайгина аёллар из қолдириб кетишган. Мардлик ва жасоратда эркакларга ҳам ўрнак бўла оладиган Қурбонжон Додҳо, гўзаллик ва нафосат куйчилари Зулфияхоним, Саида Зуннунова, Ўзбек санъатини дунёга танитган Мукаррама Турғунбоева, Ҳалима Носирова, Зайнаб Садриевалар. Бу рўйхатни ҳали узоқ давом эттириш мумкин.
Биз фахр билан тилга оладиган аждодларимиз аёллар номига иншоотлар қурдирмаганмилар? Самарқанд ҳуснига ҳусн қўшиб турган Бибихоним масжид-мадрасаси, Ўз вақтида энг машҳур мадрасалардан ҳисобланган Гавҳаршодбегим мадрасаси, Акбаршох суюкли ёри учун қурдирган ва дунёнинг мўжизаларидан ҳисобланадиган Тож Маҳал.
Бугун юртимизда аёлларга ҳар жабҳада жуда катта эътибор қаратилаётгани сир эмас. Тошкент метроси гўзал пойтахтимизнинг висит картаси десак ҳам бўлади. Келган одам метро бекатлари, уларнинг номлари, у ерларнинг безакларини кўриб, тарихимиз, маданиятимиз ҳақида озми-кўпми тасаввурга эга бўлади. Шундай экан, юртимизда аёлларга кўрсатилаётган эътиборниг белгиси сифатида янги бекатларга аёллар номлари берилса жуда гўзал иш бўларди.
Муфаззал
[мессаге тйпе="инфо" титле="Инфо"]Мазкур мақола аёл.уз сайтида 2008 йил 6 Март куни чоп этилган эди. Шу пайтдан бери бу ерда номи санаб ўтилган баъзи метро бекатларининг номи ўзгартирилган бўлсада бу мақола ҳали ҳам до;лзарб деб биламиз.[/мессаге]