Маданият

Гиалурон моддаси. Ёшартиради, ҳимоялайди, гўзаллик улашади!

Гўзал ва бетакрор кўринишимиз, ажинларнинг олдини олиш ва борларини бартараф этишда терини намлантириб туришимиз жуда муҳим. Ҳам ичкаридан, ҳам ташқаридан. Ичқаридан қандай қилиб намлантирилади, дейсизми? Гиалурон моддаси ёрдамида-да, албатта! Косметолог Маҳбуба МАМАНОВА бугун шу мавзуга тўхталади. 

Бу ўзи қандай модда?

Косметик восита танлаш чоғида ёки реклама роликлари орқали «гиолурон кислотаси» деган сўзларга кўзингиз тушган бўлса керак. Таллаффузи бироз мушкул бўлса-да, айнан шу модда теридаги намликни сақлаб, қаришдан ҳимоялайди. Аслида гиалурон кислотаси ҳужайраларимиз орасида мавжуд гелсимон модда бўлиб, унинг бир дона молекуласи 500 тагача сув молекуласини ушлаб қолишга қодир. Бундан ташқари, терининг чўзилувчан ва майинлигини таъминловчи коллагенлар ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради.

Узоқ муддат қуёш нурлари остида бўлганингизда тери шўралаб, тўкила бошлашини кузатгансиз-а? Айнан гиалурон кислотаси етишмаганида тери остидаги суюқлик парлана бошлайди. Ёш улғая бошлаганда ҳам шунга ўхшаш вазият кузатилади. Натижада ажинлар юзага келади. Ажинларнинг олдини олиш учун гиолурон кислотасини эҳтиёт қилиш, керак бўлса, ишлаб чиқарилишини рағбатлантириш талаб этилади.

«Сеҳрли» кремларга ишонишса бўладими?

Агар абадий гўзалликнинг сири бир қути кремга жойланганида дунёда бирорта ҳам кекса инсон қолмасди, нима дедингиз? Шунинг учун парвариш воситаларидан мўъжизавий натижани кутиш ноўрин. Ишлаб чиқарувчилар крем, зардоб, ниқоб ва геллар таркибига янгича моддаларни қўшганликларини, шу моддалар терининг чуқур қатламларигача етиб бориб, ажинлардан халос этишини айтиб, тинимсиз бонг уришмоқда. Ва шундай инновацион моддалар қаторига гиолурон кислотасини ҳам киритишган. Бўлса бордир, кремларга бундай моддалар қўшилган ёки акси эканлигини муҳокама қилиш фикридан йироқмиз. Бироқ ўша гиалурон кислотасининг ҳажми теридаги тешиклардан ўта оламаслигини яхши биламиз. Қанча ишқаласангиз ҳам, тери остига кириб боролмайди. Демак, воситангиз чуқур таъсир ўтказишга қодир эмас, бироқ эпидермисга фойдаси тегиши аниқ. Яъни тери юзасида юпқа плёнка ҳосил қилиб, сув парланиб кетишини секинлаштиришга кўмаклашади. Бугунги кунда косметологияда ўта майда молекулали воситалар ҳам мавжуд бўлиб, улар лазер нури ёки электр токи ёрдамида терига сингдирилмоқда.

Гўзаллик уколлари-чи?

Ҳа, тери остига юбориладиган ёшартирувчи уколларнинг асосини ҳам айнан гиалурон кислотаси ташкил этади. Унга бир қанча витаминлар ва фойдали моддаларни қўшиб, мезотерапия амалиётини ўтказиш мумкин. Гелсимон гиалурон кислотаси ёрдамида эса чуқур ажинлардан халос бўлиш имконияти мавжуд. Шу ўринда гиалурон кислотаси сўрилиб кетганидан сўнг тери аввалги кўринишига қайтиб қоладими деган ҳақли савол туғилиши мумкин. Қизиқ томони шундаки, организмнинг ўзи шу модда ишлаб чиқарилишини рағбатлантирар экан. Бу эса натижа узоқроқ сақланишини таъминлайди.

Эшитдингизми, хапдориси ҳам чиқибди?

Дорихона ва интернет дўконларда суюқ ёки капсула кўринишидаги гиалурон кислотасини ҳам учратишингиз мумкин. Лекин улар бутунлай бесамар ҳисобланади. Чунки ошқозонга тушиб парчалангач, модда бутун организм бўйлаб тарқатилади. Унинг қанча қисми айнан юз ёки бўйинга таъсир қилиши ўрганилмаган. Шунинг учун бундай воситаларга мурожаат қилиш тавсия этилмайди.

Таомномамизга янгилик киритамиз

Организмимизнинг ўзи табиий гиалурон кислотаси ишлаб чиқара олиши ҳақида гаплашдик. Бу жараённи рағбатлантириш учун ёшлик ва гўзалликни сақлаб қолувчи маҳсулотларни истеъмол қилиб бориш лозим. Шундай таомлардан бири товуқ гўштидан тайёрланган қайнатма шўрва ҳисобланади. Уни мунтазам истеъмол қилсангиз, терингиз таранг ва чиройли кўринади. Бундан ташқари, фитоэстрогенларга бой соя пишлоғидан ҳам кўпроқ тановул қилишга одатланинг. Япон гўзалларининг юзларини кўргансиз-а? Ёз неъматларидан эса узум чиройингизни узоқ сақлаб қолишга қодир. Таомномангизда шундай фойдали маҳсулотларни кўпайтирсангиз, ишонамизки, йиллар сизга ўз таъсирини ўтказа олмайди.

Манба: Darakchi.uz