Саломатлик

Иммунитетни мустаҳкамловчи озиқ-овқатлар

Кузги-қишки давр — бу нафақат кучли таомлар ва иситувчи шўрвалар истеъмол қилиш даври ҳисобланади. Йилнинг бу фаслига шамоллаш касалликларига чалинишнинг энг авжига чиққан даври ҳам тўғри келади.

Мутахассислар касаллик ўзини намоён қилгунча кутиб ўтирмасликни ва организмнинг иммун хусусиятларини кучайтириш билан жиддий шуғулланишни маслаҳат беради. Бунда кундалик озиқ-овқат рациони асосий роллардан бирини ўйнайди.

Уни, катта қисми фойдали овқатлардан иборат бўладиган қилиб тузиш жуда муҳимдир.

C витаминига бой бўлган цитрусли ва бошқа озиқ-овқатлар

Мутахассисларнинг фикрича, иммунитетни кўтариш учун овқатга C витаминига бой бўлган катта миқдордаги озиқ-овқатлар ишлатилиши керак.

Цитруслилар — бу C витамини ҳақида сўз юритилганда биринчи бўлиб ақлимизга келадиган мевалар. Лекин экспертлар C витаминининг бошқа кўплаб табиий манбалари ҳам борлигини таъкидлайди.

Фақат апельсин ва мандаринлар ейиш шарт эмас. Тўқ рангли барг кўкатлар, қизил ширин қалампир, қулупнай, брюссель карами ва бошқа озиқ-овқатлар ҳам C витаминига жуда бой.

Таркибида рух миқдори юқори бўлган озиқ-овқатлар

Организмга етарли миқдорда рух моддасининг келиб тушиши иммун тизими фаолиятини зарур ҳолатда ушлаб туришда муҳим аҳамиятга эгадир.

Рухга бой бўлган озиқ-овқатлар шамоллашнинг олдини олишга, шунингдек касалликнинг кечиш муддатини ва агар у бошланган бўлса, умумий аломатларининг оғирлик даражасини камайтиришга ёрдам беради.

Иммунитет яхши ишлаши учун зарур бўладиган рух миқдорини ушлаб туриш мақсадида пиширилган ловия, парранда гўшти, ёғсиз гўшт, йогурт ва ошқовоқ уруғларини истеъмол қилиб туриш керак.

Пробиотиклар

Мутахассислар ЎРВИнинг олдини олиш воситаси сифатида пробиотикларга эътибор қаратишни маслаҳат беради. Ичак микрофлораси инфекцияга қарши ҳимоянинг табиий омили ҳисобланади.

Тадқиқотлар пробиотик озиқ-овқатларни ҳар куни истеъмол қилиш  иммуномодуляцияловчи таъсир кўрсатишини аниқлади.

Иммунитетни мустаҳкамлаш учун ҳар куни йогурт, творог ва қатиқ истеъмол қилиш тавсия қилинади.

Omega-3 ёғ кислотасига бой бўлган озиқ-овқатлар

Зиғир ёғи ва ёғли балиқ таркибида учрайдиган Omega-3 ёғ кислотаси иммун кучайтирувчи сифатида таъсир кўрсатади.

Тунец, лосось, сардина ва скумбрия балиқлари, шунингдек зиғир уруғи ва зиғир ёғи Omega-3 ёғ кислотасининг энг яхши манбалари ҳисобланади.

Манба: Daryo.uz