Психология фанида экстраверт ва интроверт каби тушунчалар мавжуд. Экстраверт – хулқ-атвори атрофдаги одамлар улар билан ўзаро фаол ҳамкорлик қилишга қаратилган шахс.
Интроверт – хатти-ҳаракатлари ичга, яъни ўз-ўзига қаратилган шахс.
Айнан шу тушунчалардан келиб чиқиб бу икки тоифа ҳақида қарашлар юзага келган. Ушбу мақолада бу қарашлар қанчалик ҳақиқатга яқинлиги борасида сўз юритилади.
Интровертлар ҳар доим ҳам уятчан эмас, экстравертлар ҳам мулоқотдан чарчайдилар.
1. Интровертлар тадбирлардан завқ олишмайди
Улар вақтларини ёлғизликда ўтказишни хуш кўришади ва экстравертларга қараганда ташқи омиллардан тез чарчайдилар. Бироқ бу уларга тадбирлар умуман ёқмаслигини англатмайди. Бор-йўғи интроверт уйга вақтлироқ кетишини англатади, холос. The Relationship between Extraversion and Happiness тадқиқотлари натижаларига кўра, ҳар икки тоифадаги одамлар мулоқотдан бирдек ҳузурланишади.
Ҳатто тадбирлардан сўнг интровертлар ўзларини бўшаб қолгандек ҳис қилади, деган фикр ҳам мутлақ тўғри эмас. Уларнинг ҳар иккиси ҳам мулоқот вақтида бахтни, ундан кейин эса чарчоқни ҳис этади. Ўзаро суҳбат учун ҳаракат қилишга тўғри келгани боис чарчаш ҳисси табиий. Бу ерда гап интровертлик ёки экстравертликда эмас, инсон табиатидадир.
2. Интровертлар ҳар доим уятчан, экстравертлар — эркин
Уятчан одамлар жамоада хавотир, қўрқув ва ноқулайликни ҳис этишади. Интровертлар шовқинли байрам кечаларини ёқтиришмайди, бироқ мулоқотда ўзларини қулай ҳис қилишади.
Интровертлик ва уятчанлик қисман кесишади, олимлар бу нима учун содир бўлишининг жавобини билишмайди.
Балки интровертларда миянинг қўрқув учун жавоб берадиган қисми фаолроқдир. Шунинг учун хавотир ижтимоий жараёнларда ишончсизлик ва уятчанликка айланади.
Бироқ буни бошқача тушунтириш ҳам мумкин. Интровертлар камроқ мулоқот қилишни истаганликлари учун уларда ижтимоийлашув тажрибаси камроқ. Натижада улар мулоқот вақтида ўзларини ноқулай ҳис этишади. Бироқ бу ҳаммага тегишли эмас.
Қайси тоифадаги одам бўлишингизга қарамай, ўз-ўзига ишонч ҳиссини ривожлантириш мумкин. Бунинг учун ижтимоий кўникмалар устида ишланг ва уларни доимий равишда машқ қилинг.
3. Интровертлар яқинлик ва муносабатларга экстравертларчалик эҳтиёж сезишмайди
Интровертлар вақтининг кўп қисмини ёлғизликда ўтказишлари зарур. Бироқ бу улар яқин муносабатларга эҳтиёж сезмасликларини англатмайди. Фарқ бу муносабатларнинг миқдори ва характеридадир.
Экстравертлар жуда кўп инсонлар билан мулоқот қилишни ёқтирадилар ва уларнинг танишлари доираси ҳам кенг. Интровертлар эса одамларнинг кичик гуруҳини хуш кўришади ва уларга бир неча дўстлар доираси етарли.
Шунга қарамай, мулоқот барча учун зарур. Mental health and social relationships тадқиқотлари натижаларига кўра, яқин муносабатлар соғлик ва қалб мувозанати учун жуда муҳим.
4. Интровертлар суҳбатларда иштирок эта олишмайди, чунки уларни ёқтиришмайди
Баъзи маълумотларга кўра, экстравертлар интровертларга қараганда кўпроқ машқ қилишади. Бироқ бу интровертлар спорт билан шуғуллана олмасликларини англатмайди. Спорт жисмоний ва руҳий саломатлик учун зарур ва ҳамма машқ қилиши лозим.
Суҳбат қуришга ҳам эҳтиёж туғилади. Бироқ нотаниш одамнинг ёнига келиб, ундан Ницшенинг ғоялари тўғрисида сўраш ноўрин.
5. Мулоқот экстравертларга қийинчилик туғдирмайди
Экстравертларга кўпроқ мулоқот керак бўлгани учун нимагадир ҳамма бу эҳтиёж уларни уйдан кўчага судрайди, деган фикрдалар. Агар бундай одам ҳеч қаерга бормай, диванда ётиб, сериаллар кўрмоқчи бўлса, у аслида интроверт эмасмикан, деган фикр уйғонади.
Бироқ ҳаммамиз ҳам қарама-қаршилик камроқ бўлган йўлни танлаймиз. Иш қилмасдан, дам олишни исташ сизни интровертга айлантирмайди. Қаергадир бориш учун ҳамма ҳам ҳаракат қилишига тўғри келади. Баъзида буни умуман истамаймиз. Учрашувлардан кейинги чарчоқ ҳисси эса барчага таниш, чунки мулоқот ҳар қандай одамдан меҳнатни талаб этади.
Манба: Kun.uz