Биласизми?

Иссиқ кунда музқаймоқдан тийилиш керакми?

Биз катталар доим болаларимизни “Музқаймоқ олиб беринг”, деган хархашаларига “Томоғинг оғриб, тишинг шамоллаб қолади. Шунинг учун олиб бермайман!”, деган баҳоналарни қиламиз. Аслида ҳам шундайми? Нега ушбу ширинликни кўп истеъмол қилувчи катталарда бу оғриқлар борасида муаммо пайдо бўлмайди?

Агар болангизнинг ошқозони овқатларни қийналмасдан енгил ҳазм қилса, бунда ҳеч иккиланмасдан унга музқаймоқ олиб беришингиз мумкин. Аммо бир томони бор: 6-7 ёшгача бўлган болалар иммунитети бироз кучсизлиги учун уларга музқаймоқни муз ҳолатида эмас, эритилган ҳолда бериш керак. Унга мураббо ёки шунга ўхшаш витаминга бой ширинликлар қўшиб берилса бола учун янада фойдали бўлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, кишилар музқаймоқни иссиқ ҳавода, терлаб турган ҳолатида еса, унинг нафақат томоғи оғиб қолиши ва ошқозон-ичак фаолияти шамоллаб, ишдан чиқиши мумкин. Натижада тана ҳарорати кўтарилиб, иситма қилиш хавфи кучайишига олиб келади. Бундай ҳолатда катталар учун ҳам музқаймоқни истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

Ҳамма музқаймоқлар ҳам киши парҳезининг бузилишига олиб келмайди. Тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилишни хоҳлаган киши овқатдан сўнг умуман музқаймоқ емаслиги лозим. Аммо ёғ ва углеводсиз, мевали музқаймоқлар бундан мустасно. Қандли диабет аломати бор кишиларга ушбу ширинлик истеъмол қилиш чекланади. Шакарсиз кўринишларини ейишлари мумкин. Аммо Ўзбекистонда шакарсиз, аччиқ ва шўр музқаймоқлар учрамайди. Хитойда, Ҳиндистонда ва кўплаб Европа мамлакатларида гўшт, саримсоқ, ва ҳатто саккизоёқ сиёҳи таъмдаги музқаймоқлар сотилмоқда. Улар ширин бўлмаса ҳам кишига ёқимли таъм ва кайфият бахш этади.

Иссиқда кўп бор гувоҳи бўлгансиз, чанқаб турган пайтларингиз дармон истаб ушбу ширинликни истеъмол қиласиз. Аммо таркибида шакар миқдори кўп бўлганлиги учун егулик одамнинг чанқоғини қондиришга эмас тескари таъсир кўрсатади.

Музқаймоқ таркибида ҳам сут маҳсулотлари бўлганлиги учун уни сутли маҳсулотлар билан истеъмол қилиш тақиқланган егуликлар билан танаввул қилмаслик мақсадга мувофиқ.

Музқаймоқ еганингизда оғзингиздан ёқимсиз ҳис туйсангиз, демак, сизнинг, тишларингизда муаммо бор ёки ошқозонингизга бундан олдин ейилган музқаймоқлар катта салбий таъсир кўрсатган. Шунинг учун оч қоринга ушбу ширинликни ейиш, иссиқ овқат, чой ёки кофедан кейин дарҳол музқаймоқ истеъмол қилиш тиш эмалида дарзлар пайдо бўлишига олиб келади. Музқаймоқлар узоқ муддат оғизда чайнаб истеъмол қилинмагани учунгина тишларга айтарли зарар келтирмайди.

Деътологларнинг таъкидлашича классик музқаймоқлар - ҳеч қандай мева ва какаосиз соф сут ва қаймоқ аралашмаларидан тайёрланган музқаймоқлар соғлик учун энг фойдали ҳисобланар экан. Шунинг учун уларни ҳар қандай ҳаво шароитида истеъмол қилинса-да соғлик учун зиёни йўқ.

Дилобар Аслиддин қизи, ЎзА