Австралиянинг Сидней университети олимлари апельсинлар эти ва пўсти таркибига кирувчи моддалар кўз пардасининг соғлом ҳолатини сақлаш учун жуда фойдали экани ҳақидаги маълумотларни тақдим қилишди. Кўз пардасида инсон қариган сари салбий ўзгаришлар юз беради.
Олимларнинг айтишича, цитрус мевалар мунтазам истеъмол қилиниб турилиши керак. “Апельсин ва цитруслар бир ҳафтада бир марта истеъмол қилинганда ҳам кўз саломатлиги анча яхшиланади. Кунига бир дона апельсин ейиш кўз пардасининг қисман ёки тўлиқ ёмонлашиши имкониятини бирданига 60 фоизга камайтиради”, деб айтилган илмий мақолада.
Тадқиқот муаллифлари 15 йил давомида рационларида турли озиқа манбаларидан кўп миқдорда антиоксидант моддалар – флавоноидлар бўлган австралияликларнинг овқатланиши ва кўриш қобилиятини ўрганишган.
Тадқиқот вақтида цитрус мевалар кўриш қобилиятига ҳақиқатан ҳам фойдали экани тасдиқланган. Флавоноидлар бошқа маҳсулотларда мавжуд бўлса-да, бироқ апельсин ва бошқа цитрус мевалардан олинганлари бу борада самаралироқ бўлган. Мисол учун, чой, вино ва олмалардан олинадиган флавоноидлар кўз пардаси ёмонлашиши хавфини 25-30 фоизгагина камайтирган.
Мутахассисларнинг айтишича, кўз пардаси ёмонлашиши кенг тарқалган касаллик бўлиб, ҳар еттинчи катта ёшли инсонда учрайди. Олимларнинг фикрича, бу касалликдан ҳимояланиш учун ёшликда мунтазам равишда апельсин ва цитрус мевалар истеъмол қилиб юриш керак.
Манба: Kun.uz