Агар кўзлар қизариб кетса ва қовоқлар бир-бирига ёпиша бошласа нима қилиш керак? Бу қандай касалликдан дарак беради?
Конъюнктивит нима?
Конъюнктивит — бу кўзларни қоплаб турувчи юпқа парданинг яллиғланиши. Юпқа тўқима — конъюнктива — қовоқларни ва кўзнинг ўзини қоплаб туради, унинг нам ва тоза бўлиб туришига ёрдам беради.
Конъюнктивитнинг аломатлари:
- Қизариш.
- Қичишиш.
- Ёш оқиб туриши.
- Киприкларда ёпишқоқ юмалоқчалар ва пардачаларнинг пайдо бўлиши, айниқса эрталабки пайтлар.
Конъюнктивитни қандай даволаш керак?
Даволаш тарзи унинг сабабларига боғлиқ. Кўп ҳолларда махсус даволаш талаб қилинмайди, конъюнктивит 1-2 ҳафтада ўз-ўзидан ўтиб кетади: вируслар чекинади, пардалар ва киприклар кўз ёши суюқлиги ёрдамида тозаланади.
Бактерияли инфекцияларни антибиотик томчилар ва малҳам дорилар ёрдамида даволашади. Лекин бундай дориларни ўзбошимчалик билан қўллаш мумкин эмас, антибиотиклардан фақат шифокор тавсияси асосида фойдаланиш лозим. Аллергияга эса антигистаминли воситалар ва томчилар яхши самара беради.
Шифокорга қачон мурожаат қилиш керак?
Одатда конъюнктивитнинг асорати бўлмайди, лекин унинг шифокорга боришга сабаб бўладиган таҳликали аломатлари бор:
- Кўзлардаги оғриқ.
- Ёруққа қарай олмаслик.
- Кўзнинг хиралашиши.
- Йиринг.
Касал бўлмаслик учун нима қилиш керак?
- Кўзга тегинишдан олдин қўлларни ювиш.
- Бировнинг сочиғини ишлатмаслик ва уларни тез-тез алмаштириш.
- Ёстиқ жилдларини ўз вақтида алмаштириш.
- Муддати ўтган косметика воситаларидан фойдаланмаслик.
- Бировнинг косметика воситаларидан фойдаланмаслик.
Манба: Daryo.uz