Маданият

"Менга ёрдам беринг, нима қилсам семираман?"

«Аввалдан озғин эдим. Фарзандли бўлгач, вазним янаям камайиб кетди. Калорияга бой егуликлар истеъмол қилсам ҳам семиролмайман. Ҳамма озаман деганда мен семираман дейишим кимгадир эриш туюлиши мумкин. Аммо суякларнинг бўртиб чиқиб қолиши хунук кўринаркан. Менга ёрдам беринг, нима қилсам семираман?»

Озода, Тошкент шаҳри

Аксарият одамлар семириш осон, лекин озиш қийин, деб ўйлашади. Лекин ундай эмас. Чунки танамиздаги ҳужайралар ҳар икки ҳолатда ҳам бир хил фаолият юритади. Организми соғлом бўлган инсонларнинг семириши қийин кечади. Хўш, уй шароитида соғлиққа зиён қилмай вазн орттириш мумкинми? Саволимизга диетолог Шоира ТУРОПОВА жавоб беради.

Ҳаёт тарзимизни ўзгартирамиз

Тонгда кўзгуга қараб, «мен соғломман, керакли вазнга эга бўламан», деб ўзингизни ишонтиринг. Олдингизга қўйилган мақсад сари олға боринг. Балки бу гаплар сизга эриш туюлаётгандир, аммо ҳар қандай ишдаги самара ички хоҳиш орқали амалга оширилади. Ҳаётдан завқланиб яшаш лозим, асабийлашмасликка ҳаракат қилинг. Зеро, асабийлик вазн ортишига тўсқинлик қилади. Энг муҳими ташқи кўринишингиздан айб қидирманг.

Тўғри тартибда овқатланинг.

Бир ўтиришда тўйиб овқатланманг. Тез-тез, оз миқдорда танаввул қилинг. Кунига 3 маҳал овқатланиш нотўғри. Иссиқ овқат ейиш мумкин, аммо ҳар соатда ошқозонни алдаб турувчи қўшимча озуқалардан фойдаланиш лозим. Масалан, 8:00 да нонушта қилдингиз, 9:30 ларда енгил тамадди қилинг. Бирорта хўл мева, кам миқдорда бодом, писта, ёнғоқ мағизларини истеъмол қилишингиз мумкин. Бўш вақтингизда сабзавот ва кўкатлардан салат тайёрлаб қўйинг. Оғир ҳазм бўладиган нарсаларни куннинг биринчи қисмида танаввул қилганингиз маъқул. Тушликка қадар яна бирон нимани ошқозонга «ҳайданг». Таом пишираётганда, албатта, дуккакли экинлардан фойдаланинг. Тушлик ва кечки овқат орасида яна икки марта овқатланинг. Энди кечки овқатдан уйқуга қадар бир марта тановул қилинг. Сутли маҳсулотлар ва мевалар қоришмасидан йогурт тайёрлаб ичинг.

Агар кунингизнинг аксарият қисми кўчада, ишхонада ўтадиган бўлса, доим ўзингиз билан бир, икки тишламли егулик олволинг. Ошқозон оч қолиши мумкин эмас.

Суюқликнинг аҳамияти

Вазн орттириш ҳам озиш сингари 2 усулда амалга оширилади. Биринчиси, ичкаридан ёғ йиғиб, иккинчиси, мушакларимизни семиртиришдир. Ёғлар орқали вазн орттириш салбий, мушаклар ёрдамидагиси ижобий усул ҳисобланади. Бунда эса доимий равишда тоза сув ичишга одатланиш лозим. Маъданли ва қайнатиб тиндирилган сувлар айни муддао. Бу турдаги сувлар организмда янги хужайраларни пайдо қилиб, ёшаришга, теримизни тиниқлаштиришга ёрдам беради.

Оқсил билан дўстлашамиз

Оқсилга бой таомлар очлик ҳиссини назорат қилишга ёрдам беради. У организмда ўзлаштирилганда мияга тўқлик сигнали бориб, моддалар алмашинуви яхшиланади. Шу орқали мушаклар вазнига мадад бўлади. Оқсил етишмовчилиги мушаклар камайиши, иммунитет пасайишига, нафас ва юрак тизими фаолиятининг сусайишига олиб келади. Таомномада кўпроқ сут ва қатиқ маҳсулотлари, ёнғоқлар, ловия турлари, гўшт маҳсулотлари, балиқдан фойдаланинг.

Жисмонан фаол бўлинг

Маза қилиб овқатланиб, дарров ухлашга ёки ётиб телевизор кўришга шошилманг. Ошқозонга ёрдам беринг. У бечора ётоқлик ҳолатингизда овқатларни қандай парчаласин? Бироз сайр қилинг, кўпроқ пиёда юринг. Кун тартибингизга жисмоний машқларни ҳам киритинг. Машқларни хурсандчилик билан, яхши кайфиятда бажаринг. Бу озишни истаганлар учун тавсияларку, менга нима даҳли бор, дерсиз? Йўқ, ундай эмас! Таомлангач, ётиб ухласам семираман, деб ўйласангиз хато қиласиз. Ейилган маҳсулот организмда тўғри парчалансагина вазн ортиши рўй беради.

Озуқавий қийматни кўздан қочирманг

Маҳсулот танлашда, албатта, унинг яроқлилик муддатини текшириб харид қиласиз. Лекин унинг озуқавий қийматига аҳамият бермайсиз-да. Озуқавий қиймат – маҳсулот таркибидаги минерал, витамин, ёғ, оқсил, углевод ва бошқа турдаги моддалар миқдори кўрсатилган кетма-кетликдир. Эътибор берсангиз, кўпгина озуқалар таркибида углевод миқдори юқори бўлади. Уни истеъмол этган мижоз нотўғри вазн орттиради. Табиий йўлда самарага эришмоқчи бўлсангиз, оқсил ва витамин миқдори катта индексли маҳсулотларни харид қилинг.

Ўз вақтида дам олинг

Айрим инсонлар кечаси жуда кеч ухлайдилар ёки кундузи ухлаб, кечаси бедор юрадиганлар ҳам топилади. Бў нотўғри, албатта. Организм қуёш чиқиши билан уйғониб, кун ботиши билан хордиқ чиқаришга мослашган. Шу боис мутахассисларимиз уйқуни тартибга солишни маслаҳат беришади. Режали уйқу инсон саломатлигига катта таъсир кўрсатади. Теримизнинг ором олиши, тиниқлашиши, мия фаолиятининг яхшиланиши, фикрлашимиз, кайфиятимиз ҳам ўз-ўзидан ухлаш тартибимизга боғлиқ.

Манба: Darakchi.uz