Ҳар бир аёлнинг ўз гўзаллик сири бор. Шу билан бирга, ўзининг махсус синалган рецептлари ҳам йўқ эмас. Бироқ ҳар ким ҳам чирой сирларини ўртоқлашавермайди. Биз эса сиздан ҳеч нимани қизғанмаймиз ва ўзимиз билган гўзаллик сирларини ошкор этамиз.
Полиздаги «косметологлар»
- Юз териси майин бўлиши учун тарвузли ниқобдан фойдаланинг. Бунинг учун 5-6 қават докани тарвуз шарбатида намлаб, юз ва бўйин соҳасига қўйинг. 15-20 дақиқа ўтгач, аввал илиқ, кейин ўнгра совуқ сувда чайинг. Натижа яна-да яхши бўлиши учун озиқлантирувчи крем суртиш мумкин.
- Қовунли ниқоб юз терисининг эластиклигини тиклайди. Уни тайёрлаш учун қовуннинг юмшоқ бўлакларини эзинг. Аралашмани юз терисига юпқа қилиб суртиб, 15-20 дақиқадан сўнг илиқ сувда чайишингиз мумкин.
- Қовоқнинг терини таранглаштирувчи хусусияти халқ табобатида яхши маълум. Бу полиз маҳсулоти тери шамоллашларида ҳам фойдали. Мазкур ниқобни тайёрлаш учун қовоқни йирик тишли қирғичдан чиқариб, бўтқа ҳосил қилинг. Аралашамани докали салфеткага жойлаб, юз ва бўйин қисмига қўйинг. 15-20 дақиқадан сўнг компрессни олиб, намланган сочиқда артасиз. Бу ниқобни бир ҳафтада 2 марта такрорлаш мумкин.
Ёшартирувчи ниқоб
Қайси аёл ёш кўринишни истамайди дейсиз?! Албатта ҳеч қайсиси! Шундай экан, яна бир ёшартирувчи ниқоб рецептини ёзиб олинг: 1 чой қошиқ сметанага 1 чой қошиқ лимон шарбати қўшиб, аралаштиринг ва тозаланган юз терисига суртинг. 15 дақиқа ўтгач, аввал илиқ, кейин совуқ сувда чайинг. Бу муолажани бир ҳафтада 2 марта бажарсангиз, ёшаргандан ёшарасизки, асти қўяверинг.
Юздаги қора нуқталарни «ўчирамиз!»
Тери катакларига ўрнашиб қолган қора нуқтачалар ёқимсиз ҳолатдир. Улар терининг нафас олишига тўсқинлик қилади. Уларни йўқотиш учун сули ёрмасидан фойдаланиш мумкин. 1 стакан сули ёрмасини гўштқиймалагичдан ўтказиб, 1 чой қошиқ истеъмол содаси билан аралаштирамиз. Сўнг 1 ош қошиғини 1 чой қошиқ илиқ сув билан аралаштириб, юзимизга суртамиз. 5-10 дақиқа ўтгач, илиқ сувда чайиб, қуруқ сочиқда артиш керак. Сули тери катакларини тозалаб, таранглаштиради.
Ёғли юз териси учун…
Иссиқ ҳавода юз териси янада ёғланади. Бунинг олдини олиш учун ушбу ниқобни тавсия этамиз. 100 грамм кефирга 1 чой қошиқ лимон шарбати ёки 1-2 дона майдаланган ўрик мевасини қўшиб, аралаштирасиз. Ниқобни юзингизга суртиб, бироз қотгач, илиқ сувда чаясиз. Бундай витаминли ниқоблар юз терисини яхши озиқлантириб, намлантиради.
Қуруқ юз териси учун…
Одатда бундай тери учун озиқлантирувчи ниқоблар танланади. Бунда энг осон усул: пахтали тампонга илитилган ўсимлик ёки зайтун ёғидан шимдириб, юз терисига айланма ҳаракатлар билан суртасиз. 20 дақиқадан сўнг иссиқ иссиқроқ сувда намланган сочиқ билан пастдан юқорига қарата артиш лозим.
Терини оқартирамиз!
Шолғомни қирғичдан ўтказиб, сметана ёки ўсимлик ёғи билан аралаштиринг. Қуюқ ҳолатда юз терисига суртиб, 15 дақиқадан сўнг илиқ сувда тозаланг. Шолғом юз терисини намлантириб, оқартиради.
Витаминга бой 2 рецепт
- Творог ва сабзи аралашмаси юз терисини витаминлар билан тўйинтириб, кўринишини сезиларли даражада яхшилайди. Ниқобни тайёрлаш учун 1 ош қошиқ творогни 1 чой қошиқдан сметана ва сабзи шарбати билан аралаштиринг. Сўнг аралашмани юз ва бўйин терисига суртасиз. 15 дақиқадан кейин аввал илиқ, сўнг совуқ сувда чайинг.
- 1 дона олмани бўлакларга ажратиб, 0,5 стакан сутга солиб, паст оловда қайнатинг. Ёғоч қошиқда кавлаб турган ҳолда олмали бўтқа ҳосил қилинг. Бироз совигач, илиқ ҳолатда юзга суртиб, 20 дақиқадан сўнг совуқ сувда чайинг.
Манба: Darakchi.uz