Ҳар бир она паҳлавондек фарзанд кўришни, унинг дўмбоқ юзу қўлчалари билан фахрланишни орзу қилади. Аммо тиббиётнинг бу борада ўз ўлчамлари бор…
4 килодан ортиқ. Нима учун?..
Бугунги кунда туғилаётган чақалоқлар орасида 10-15 фоизининг вазни 4 килодан ортиқ. Бундай болаларнинг туғилишига қуйидаги омиллар сабаб бўлиши мумкин:
- нотўғри овқатланиш;
- ирсият;
- эндокрин касалликлари;
- туғуруқ кечикиши;
- йўлдошнинг ўзига хослиги…
Асоратлар
Ҳомиланинг вазни меъёрдан ортар экан, асоратлар ҳам шунга мутаносиб равишда кўпаяди. Бу туғуруқ пайтида қатор хавфларни юзага келтиради.
- Қоғоноқ сувининг эрта оқиб кетиши — ҳомила бошининг баландда жойлашиши, ҳомила пуфакчасининг ўзига хослиги ва шунга боғлиқ равишда ривожланадиган қоғоноқ сувининг меъёрдан ортиқлиги каби сабаблар натижасидир. Сувсизлик оқибатида киндик ҳалқаси тушиб кетиши мумкин. Бу эса бола ҳаёти учун жиддий хавф туғдиради.
- Туғруқ жараёнидаги турли кутилмаган ҳолатлар — беҳоллик, дискоординация (ҳомиладор аёл хатти-ҳаракатларининг жараёнга номутаносиблиги). Бунда тўлғоқ ниҳоятда оғриқли, бачадон бўйни очилиши эса қийин кечади. Ҳомилани туғруқ йўлидан ҳаракатлантириш учун кўп куч керак бўлади.
- Ҳомиланинг ўткир гипоксияси. Бунда туғруқ жараёни чўзилиб кетиши, туғаётган аёлнинг қаттиқ чарчаши, инфекциялар оқибатида болага кислород етишмай қолиши мумкин.
- Тос суягининг клиник торлиги, бу — боланинг катта боши онанинг одатда меъёрий саналадиган тос суягига сиғмаслигидир. Бундай туғуруқ жараёни одатда кесарча кесиш усули билан якун топади.
- Елкачалар дистонияси. Бунда бола елка кенглиги онанинг тос суягига нисбатан каттароқ бўлади. Бу кўпинча қандли диабет билан оғриган оналарда кузатилади. Мазкур клиник ҳолат туғуруқ пайти ўмров ва елка суяги синишига, умуртқа поғонасининг бўйин қисми шикастланишига олиб келиши мумкин.
Чақалоқ йирик вазнли бўлса…
Шифокорларнинг таъкидлашича, ҳаддан ортиқ катта чақалоқнинг ташқи муҳитга кўникиш даври анча мураккаб кечаркан. Кўпинча йирик туғилган чақалоқларда турли салбий ўзгаришлар кузатилади: артериал босим беқарор бўлади, модда алмашинуви издан чиқади, неврологик бузилишлар рўй беради. Бундай болалар қандли диабет, семириш ва аллергияга мойил бўлишади.
Шунингдек…
1. Акушер-гинеколог ҳар гал кўрик пайтида ҳомиладор аёлнинг бачадон туби баландлиги ва қорин айланасини ўлчайди. Қорин айланасининг 100 см.дан катталиги ва бачадон туби баландлигининг 42 см.дан ортиқлиги ҳомиланинг катталигига ишорадир.
2. Агар аёл ҳомиладорлик даврида ҳафтасига 500 граммдан кўп вазн орттирса, ҳомиладорлик даврида 15 кг.дан кўпроқ семирса-ю, унда гестоз аломатлари (шишиш, пешобда оқсилнинг кўплиги, артериал босим ортиши) кузатилмаса, йирик чақалоқ туғилишини тахмин қилиш мумкин.
3. Ультратовуш текшируви боланинг вазни ҳақида аниқ маълумотларни беради. Йирик ҳомиланинг ўлчамлари меъёрдагидан икки ҳафта катта муддатга тўғри келади.
- Мутахассис фикри
Наргиза Магзумова — акушер-гинеколог, тиббиёт фанлари доктори, профессор: — Ҳомиланинг катталашиб кетиши замонамизнинг глобал миқёсда кузатилаётган ўзига хослигидир. Бизнинг халқимизда эса урф-одатлару миллий ўзига хосликлар таъсирида бу янада авж олмоқда. Маълумки, ҳомиланинг ўсиши 28-ҳафтадан кейин жадаллашади. Бизнинг аёллар эса «болам катталашаяпти, демак, унга кўпроқ озуқа керак», деган фикрда нотўғри овқатланишади. Туғуруқ муддати яқинлашган сари «туғаётганда қувват бўлади» деб, янада кучли таомлар истеъмол қила бошлашади. Натижада ҳомила катталашиб кетади. Қолаверса, бунда камҳаракатлик ҳам ҳал қилувчи роль ўйнайди. Агар ҳомила тушиши хавфи бўлмаса, бўлажак она меъёрий жисмоний ҳаракат қилиб тургани маъқул. Махсус гимнастика машқлари билан шуғулланиш ҳам мақсадга мувофиқ. Аммо бу кўрсатма фақат соғлом ҳомиладорларга тегишли.
Катта ҳомила туғилиш жараёнида аёл ва бола организмига шикаст етиш хавфи бор. Қолаверса, туғуруқдан кейинги аёл организмининг тикланиш жараёни ҳам мураккаб кечади. Бачадоннинг пастга тушиши, қин деворларининг тушиши, қиннинг яхши қисқармаслиги кейинчалик аёлнинг жинсий ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шу боис 3-3,5 килоли чақалоқлар туғилишини меъёрий ҳисоблаймиз.
Ҳомиладор аёлнинг тиббий саводхонлиги масаласи ҳам муҳим. Аёл она бўлишга тайёрланар экан, ўз танасининг анатомик ва физиологик жиҳатлари ҳақида ҳеч бўлмаса умумий маълумотларга эга бўлиши, оналикка ақл ва масъулият билан ёндашиши керак. Шунингдек, улар шифокор кўрсатмасига беписанд муносабатда бўлишмаса, соғлом фарзанд кўриб, бахтиёр оналик ва севимли ёрлик гаштини суришларига аминман.
Манба: Darakchi.uz