– Қизимни турмушга бергандим. Аммо салдан кейин куёвнинг касали борлиги маълум бўлди. Тунда ўрнини ҳўллаб қўяркан... Биздан андиша қилиб, қизим эрининг хасталигини яшириб юраверибди. Бўйида бўлавермагач, гап буёқда эканини билиб қолдик. Қудаларга оғиз жуфтласак, кичиклигидан шундай эди, қилмаган илму амалимиз қолмаган, уйлантирсак ўтиб кетар дегандик, дейишди. Одамлардан номус қилиб, бировга тиш ёролмайман. Болам эса кундан–кун сўлиб бораяпти. Икки ойдан бери бизникида... Ўғлингизни даволатганингиздан кеийн қизим қайтиб боради деб шарт қўйдик. Аммо бундан бирор наф бўладими, йўқми билмайман.
Исми сир тутилди.
Афсуски, муштариймизнинг мурожаатидаги каби воқеалар ҳаётимизда йўқ эмас. «Турмуш қурса, ўтиб кетар...» қабилида ёндашиш, тиббий саводхонликнинг пастлиги эмас, балки калтабинликдир. Ахир давоси кўрилмаган касаллик қандай қилиб ўз-ўзидан бартараф бўлиши мумкин? Бугун танлаган мавзумиз орқали кимнингдир фикрини ўзгартира олсак ажаб эмас. Одамлар орасида «Бўлаверади» кайфиятига эга айрим касалликлар ва уларнинг чораси ҳақида сирлашамиз.
Мутахассис – андролог-сексопатолог Дилмурод ЭРГАШЕВ.
Болаликдан қолган дард
Энурез – уйқу вақти ихтиёрсиз пешоб ажратиш касаллиги. Асли бу хасталик болаларда кузатилиб, марказий асаб тизимининг пешоб ажратиш жараёни устидан назорати шаклланишининг ортда қолиши, руҳий омиллар, инфекциялар, ошқозон–ичак тракти фаолиятидаги ўзгаришлар сабаб келиб чиқади. Муаммо ўз вақтида ҳал этилмаса, энурез боланинг ўсмирлик давригача ҳам давом этиши мумкин. Англаётганингиздек, шу тариқа хасталикнинг ечими топилмай қолаверади.
Катталарда учрайдиган пешоб тутолмасликни энурез билан адаштирмаслик лозим. Иккиси икки ҳил тушунча. Туғруқдан сўнг қовуғ мушакларининг сустлашиши, кучли стресс, холецистит, урологик касалликлар, сурункали тонзиллит асоратида ихтиёрсиз пешоб тутолмаслик келиб чиқади.
Хасталик оила қургандан сўнг ўтиб кетмайди (!) аксинча қандай бўлса шу ҳолича давом этаверади. Аммо шунда ҳам муолажа қилиш мумкин. Уролог-шифокор пешоб тутолмасликнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлагач, пешоб йўлларини мустаҳкамлайдиган, асабларни тинчлантирадиган препаратлар, витаминлар, яллиғланишга қарши физиомуолажа, парафин даво чораларини комплекс тарзда олиб боришни буюради. Уролог, невролог ва психиатр мутахассисларнинг биргаликдаги сайъи-ҳаракатлари натижасида кутилган натижага эришиш мумкин. Тўлиқ соғайиш учун узоқ вақт талаб этилиши рост, аммо қунт қилинса оила қургандан кейин юз берадиган нохуш вазиятларнинг олдини олиш эҳтимоли ортади.
Тутқаноқ хуружлари
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, эпилепсия билан дунё аҳолисининг 1 фоизи хасталанган бўлиб, касаллик асосан тутқаноқ хуружлари билан кечади. Эпилепсия бош мия жароҳатлари, неврологик бузилишлар оқибатида келиб чиқиб, болаликдан намоён бўла бошлайди. Болада эпилептик характернинг пайдо бўлмаслиги учун ўз вақтида муолажа олиш, стресс ҳолатларидан ҳимоялаш ва хуружларга қарши препаратларнинг тартибли қабул қилиниши ғоят муҳимдир.
Назоратда ушланган эпилепсия оила қуришга монелик қилмайди. Акси бўлганда эса, жинсий яқинлик, талваса хуружларининг ортиши, нозик муносабатларда совуққонликликни келтириб чиқаради. Ўғил ё қизингиз эпилепсия билан оғриб, шифокор рўйхатига киритилган бўлса, турмуш қуришидан аввал бу ҳақда маълум қилишни унутманг. Борди-ю, касаллик оғир ҳолатда кечиб, яққол аломатлар билан кузатилса, асоратлари мавжуд бўлса, оила қуриш масаласида шошилмаган маъқул.
Оила қуриш мумкин, аммо фарзанд кўриш...
Сўзлашувда «десткая матка» номи билан юритиладиган патология, тиббиётда бачадон гипоплазияси дейилиб, аниқ белгилар билан кузатилмайди. Ўсмир ёшидаги қизларда ҳайз келишининг кузатилмаслиги ёки ушбу жараённинг мавжуд бўлиб, пала-партиш кечиши жинсий аъзоларда ўзгаришлар борлигидан дарак бериши мумкин. Гоҳида ушбу патология туғма бўлиб, организмнинг умумий ривожланишдан ортда қолиши билан кечиши ҳам мумкин. Балоғат ёшига етгандаги кўриниши эса иммунитетнинг пастлиги, вазн, бўй ўлчамларининг ёшига мос келмаслиги, сурункали ва инфекцион касалликлар билан хасталаниш, гормонал бузилишлар, асаб тизимидаги ўзгаришлар туфайли содир бўлади.
Бачадон гипоплазияси турмуш қуришга монелик қилмаса-да, жинсий яқинлик вақти айрим муаммоларнинг келиб чиқиши ва энг асосийси ҳомиладорликнинг юзага келишига тўсқинлик қилади. Зеро, ривожланмаган бачадон уруғланиш имкониятига эга бўлмайди.
Тиббий текширувлар давомида жинсий аъзода ривожланишнинг ортда қолиши туғма нуқсонли бўлиб, бачадон ёки қиннинг бўлмаслиги билан ифодаланса, муолажа кутилган натижани бермаслиги мумкин. Бачадон гипоплазияси ташхисида эса мунтазам олиб борилган даво чоралари ёрдамида бачадон ўлчамини меъёрий кўринишга келтиришга эришилади.
Қиз ўстираётган оналар диққатига: фарзандингиз балоғат ёшига етдими, болалар гинекологига олиб боринг. Ҳайзи кечикаяптими, текширувлардан қочманг. Зеро, турмушга чиққанидан сўнг аттанг қилиб қолишингиз ҳеч гап эмас.
Йирингли ҳуснбузар
Айрим йигит ва қизларда ўсмирлик даври йирингли, катта ҳуснбузарлар тошиши кузатилади. Аслида, бу вақтинчалик ҳолат. Аммо кимдадир тошма узоқ «меҳмон» бўлиб қолиши мумкин. Бундай вақтда «Уйланса (ёки турмушга чиқса) қуриб тушади» қабилида ёндашишса-да, оилавий ҳаётдан сўнг организмда рўй берадиган гормонал ўзгаришлар ёғ безлари фаолиятини кучайтириб, ҳуснбузар янада кўпаяди ёки чуқурлашади. Гоҳида бунинг акси ҳам бўлиши мумкин. Аммо аввалдан аниқ хулоса қилиб бўлмайди.
Аслида ҳуснбузар пайдо бўлишининг эндоген (ички ўзгаришлар) ҳамда экзоген (ташқи таъсирлар) сабаблари бор. Ёғ безларидаги яллиғланиш сурункали давом этганида аввал келиб чиқиш омилини аниқлаб, сўнг муолажа қилиш даркор.
Вагинизм
Яқинликдан аввал қин мушакларининг қисқариши билан ифодаланадиган мазкур ҳолат ўта жиддий муаммодир. Вагинизм невроз, кучли стресс ёки ўта сезгир (таъсирчан) қин мушаклари патологияси саналади. Афсуски, муаммонинг борлигини тўйгача аниқлашнинг имкони йўқ. Кўпинча илк жинсий яқинлик вақти қаттиқ қўрқиш, асабийлашиш натижасида патология юзага чиқади ва бир қанча тушунмовчиликларни пайдо қилиши мумкин.
Вагинизм тузалмайдиган касаллик эмас, аммо унинг давоси кўпроқ руҳиятнинг соғломлашишига боғлиқ. Сексопатолог ҳамда психоневрологларнинг биргаликдаги муолажаларидан сўнг, вагинизмни енгишга эришилади. Ягона шарти, ўз вақтида мутахассисга мурожаат этиш ва муаммони яширмасликдир.
Бўйи етган қизда вагинизм аломатлари борлигини қаердан билиш мумкин? Бунинг учун фарзандингизнинг жинсий тарбиясига жиддий ёндашишингиз, оила қургандан кейинги ҳаёт тўғрисида суҳбатлашиш, бу борада унинг фикрлари, қарашлари билан қизиқишингиз даркор. Синчков бўлсангиз, руҳиятидаги ўзгаришларни пайқамай қолмайсиз.
Шизофрения
Сурункали ўсиб борувчи руҳий касаллик ҳисобланган шизофренияда беморнинг фикрлаши ва ҳиссий фаолиятининг бузилиши кузатилади. Кўпинча ақли заифлик белгилари ҳам намоён бўлиши мумкин. Шизофрениянинг турлари бир қанча. Хасталик даражаси ва кечишига кўра муолажа давомий олиб борилади.
Васваса хуружлари, галлюцинация ҳамда ақлий фикрлаш қобилиятининг чекланганлиги оилавий ҳаёт масаласини истисно этади. Шу боис руҳий хаста беморларга турмуш қуриш ҳамиша ҳам тавсия этилмайди.
Манба: Darakchi.uz