Янги мавсум келиши билан кийим-кечакларни янгилаш, кераксизларидан халос бўлиш ва қишки кийимларни жавоннинг узоқ бурчакларига “сафарга юбориш” эҳтиёжи туғилади. Бундай пайтда қишки буюмларни сақлаш қоидаларига риоя қилиш зарур.
Қўллаш керак бўлган энг асосий қоида — бу иссиқ кийимларни олиб қўйишдан аввал уларни тозлашдир. Бундан кимёвий тозалаш хизматидан фойдаланиш мумкин, бироқ мустақил равишда тозаламоқчи бўлсангиз, кийимлардаги ёрлиқларга эътиборли бўлинг. Бундан ташқари, қишки кийимлар чўнтакларини бўшатишни ҳам унутманг.
Кийимларни ҳаво яхши айланадиган, қуруқ, салқин ва қоронғи жойда сақлаш лозим. Буюмларни полиетилен пакетларга солманг. Полиетилен ҳаво айланишига тўсқинлик қилади ва натижада ёқимсиз ҳид юзага келиб, куя пайдо бўлиши учун қулай шароит яралади. Бундан ташқари, оқ рангдаги буюмларнинг букланган қисмлари полиетиленда сарғайиб қолади. Шу туфайли, кийимни яхшиси табиий матолардан қилинган ғилофларда ёки зиғирпоя толаси ва қалин пахта матосидан тикилган халталарда сақлаган маъқул.
Мўйнали кийим-кечаклар
- Мўйнани кенг ва қоронғи шкафда, батарея ва бошқа иссиқлик манбаларидан узоқда сақлаш лозим;
- Салқин ва булутли ҳавода мўйнани вақти-вақти билан очиқ ҳавога чиқариб туриш зарур;
- Бўялган ва табиий рангга эга мўйналарни битта идишда сақламанг;
- Куяга қарши воситадан албатта фойдаланинг;
- Мўйнани тўғри тушадиган қуёш нурларидан сақланг;
- Бундай буюмларни полиетилен ғилофларда сақлаш ярамайди.
Жун газламали буюмлар
Жун газламадан тикилган кийимларни олиб қўйишдан олдин уларни яхшилаб шамоллатинг. Сингиб қолган овқат, тамаки ёки атир ҳиди ҳам куяни ўзига чақиради.
Бундай буюмларни кимёвий тозалашга берган маъқул. Қўлда ювмоқчи бўлсангиз, болалар шампуни ёки жун кийимлар учун махсус воситадан фойдаланинг.
Куя пайдо бўлишининг олдини олиш учун энг яхши чора — жун кийимларни герметик полиетилен пакетга солган ҳолда музлатгич камерасида 3—4 кун сақлашдир.
Чарм буюмлар
Кучли кирланган бўлса, чарм кийимни фақат профессионалларга бериб тозалатиш лозим. Уйда унинг ифлосланган қисмларини қайнатилмаган илиқ сут ёрдамида артиш мумкин, ундаги ёғ чармга яхши сингади.
Чармдан тикилган кийимларни хона ҳароратида кийимосгичга илган ҳолда қуритиш мумкин. Текислаш керак бўлса, астарини ағдариб, уч қават дока билан паст ҳароратда дазмоллаш мумкин.
Ҳеч қандай вазиятда чарм буюмларни кир ювиш машинасида тозалаш ярамайди, оқибатда чарм қўполлашиб, бўёғи тўкилади, доғ ва кирлар эса аксинча, қолиб кетади.
Чарм буюмларни ҳаво ўтмайдиган полиетилен пакетларда сақлаш керак эмас.