Қовун косметологияда ажинлар пайдо бўлишининг олдини олади, терини силлиқ қилади ва юмшатади, терининг янгиланишига ёрдам беради ва тошмаларни даволайди, тери пигментациясига қарши курашади, терини таранглаштиради ва намлайди.
Қовун соч илдизларини мустаҳкамлайди ва уларнинг тузилишини қайта тиклайди.
Юз териси учун қовунли ниқоблар
Қуруқ терини сут ва минерал сув қўшилган қовун шарбати билан артиш мумкин. Қовуннинг шарбатини сиқинг, унга бир ош қошиқ сут ва минерал сув қўшинг. Аралашмага пахта бўлагини ботиринг ва юзингизни артинг. 15 дақиқадан сўнг уни илиқ сувда ювинг.
Ёғли ва нормал терилар учун бир ош қошиқдан асал ва қаймоқ қўшилган қовун этидан қилинган ниқоб жуда мос келади. Масаллиқларни паста ҳолига келгунча аралаштиринг, ниқобни 15-20 дақиқага юзингизга суринг, кейин эса уни илиқ сув билан ювинг. Қовун шарбати ичига асал ва қаймоқнинг ўрнига тухум сариғини ҳам қўшсангиз бўлади. Бу ниқоб ҳамма турдаги терилар учун мос келади.
Пигмент доғларини қовун шарбати ва лимон ёрдамида ҳам оқартириш мумкин. Ҳар бир маҳсулотдан бир ош қошиқдан олиб аралаштиринг ва муаммоли жойлар терисига бир кунда 2 марта қўйинг.
Сочлар учун қовунли ниқоблар
Сочларни қовун шарбатининг ўзи ёки унинг асал, қаймоқ, қатиқ ва ўсимлик ёғлари билан аралашмаси ёрдамида ҳам мустаҳкамлаш мумкин.
Қуруқ сочлар учун қовун шарбати, лимон ва кокос ёки чакамуғ ёғи аралаштирилган ниқоб мос келади. Уларнинг ҳаммасидан 3-4 чой қошиқдан олиб аралаштиринг ва ниқобни аввал соч илдизларига, кейин эса бутун соч узунлиги бўйлаб суринг. 20 дақиқадан сўнг сочларингизни шампунь ва илиқ сувда ювинг.
Манба: Daryo.uz