Саломатлик

Сув — шифобахш манба: уни қанча ва қандай ичиш керак?

Сув организмдан токсинларни ва ортиқча ёғларни чиқаради, ҳазм қилишга ёрдам беради, турли хил алмашинув жараёнларида қатнашади, иссиқлик ташувчи ва иссиқлик бошқарувчи ҳисобланади, ёшликни, юз ва тана гўзаллигини узоқ вақт сақлаб қолишга ёрдам беради.

Организмда суюқлик миқдори етарлича бўлмаса, сувсизланиш бошланади: қон қуюқлашади, юракка тушадиган босим кўпаяди, буйракларда тошлар пайдо бўлади, қон босими кўтарилади, тери қуруқлашади, сочлар эса мўрт бўлиб қолади...

Катта ёшли одам бир кунда 8 стакандан кам бўлмаган миқдорда сув ичиши зарурлиги ҳақида кўпчилик эшитган бўлса керак.

Лекин россиялик врач-парҳезшунос, машҳур Ковалков парҳезининг муаллифи Алексей Ковалков бир кунда 4-5 стакан оддий тоза сув ичиш етарли деб ҳисоблайди — унинг фикрича айнан шу миқдорни инсон саломатлиги учун энг мувофиқ деб ҳисоблаш мумкин экан.

Қандай қилиб кўпроқ сув ичиш мумкин? 5 оддий қоида 

Жадвал бўйича ичинг!

Бунинг учун янги кунни бир стакан тоза сув ичишдан бошланг. Яна бир стакан нонуштадан сўнг, кейин тушликда ва ҳоказо. Ва уйқудан олдин бир стакан сув ичишни унутманг — кечқурун қатиқ ичиш ҳам жуда фойдали бўлади.

Сувнинг таъмини яхшиланг

Ичиш ёқимлироқ бўлиши учун, сувга бироз апельсин ёки грейпфрут шарбати, ялпиз барглари, резавор мевалар ёки лимон бўлакчаси қўшинг.

Сув ҳар доим ёнингизда бўлсин!

Иш столингиз устида ҳар доим бир стакан сув туриши керак — шунда сиз сувни хоҳлаган вақтингизда ичишингиз мумкин.

Таркибида кўпроқ сув бўлган озиқ-овқатларни истеъмол қилинг

Бу нафақат мева ва резавор меваларга, балки сабзавотларга ҳам тегишли. Организмдаги етишмаган сув ўрнини тўлдиришга шўрва ва сувда тайёрланган бўтқалар ҳам ёрдам беради.

Агар сиз кўпроқ сув ичишни хоҳласангиз, яхшиси майда қултумлар билан ва овқатланиш маҳалидан бошқа пайтларда ичинг

Бу айниқса озишни хоҳловчиларга тегишли. Агар сиз бирданига кўпроқ сув ичиб юборсангиз, меъдангиз чўзилиши мумкин. Агар овқатланиш вақтида ичсангиз — бу ҳазм қилиш жараёнини секинлаштиради.

Манба: Daryo.uz