Саломатлик

Таблеткалар "заҳар"га айланмасин десангиз

Кўпчилигимиз таблеткаларни дуч келган суюқлик билан ичишга одатланганмиз. Айримлар чой, шарбат, компот, қаҳва каби суюқликлар ёрдамида дори ичишга кўникиб қолган. Афсуски, барчамиз ҳам бу йўсиннинг таҳдидини англайвермаймиз. Чунки бу суюқликлар таркибидаги кимёвий моддалар дорилар таркибидаги моддалар билан ўзаро реакцияга киришиши ва кутилмаган нохушликларни келтириб чиқариши мумкин. Бу ҳолатларнинг натижаси ўлароқ, дориворлар ўз шифобахшлик хусусиятини йўқотиш билан чекланиб қолмай, ҳатто тана учун заҳарли манбага айланиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Хўш, қайси дориворлар қандай суюқликлар билан “келишмайди” ёхуд аксинча “дўст тутинади?".

СУТ БИЛАН "КЕЛИШМАЙДИГАН" ДОРИЛАР

Сут билан ярага қарши дориворларни (ранитидин, циметидин ва ҳ.к.), темирли препаратларни, айрим ферментларни ҳамда антибиотикларни ва юрак-қон томир тизимида ишлатиладиган дориворларни қабул қилиш ярамайди. Сут ёки сутли овқат истеъмол қилгандан кейин тетрациклин антибиотик дориворини қабул қилиш ярамайди.

Аммо сут таркибидаги ёғ аксинча ёғда эрувчан витаминлар (A, E, D, K), йодли дориворлар, индометацин, резерпин каби таблеткаларни қабул қилишда қўл келади.

ДОРИЛАРНИ ЧОЙ БИЛАН ИЧИШ МУМКИНМИ?

Чой билан дори ичиш ҳам тавсия этилмайди. Чунки чой таркибидаги танин моддаси кўплаб дориворлар билан ўзаро таъсир этиш натижасида чўкма ҳосил қилади. Қолаверса, бундай аралашмалар юрак-қон томир тизимига таҳдидли таъсир қилиши мумкин. Айниқса, таркибида азот сақлайдиган дориворларни чой билан ичиб бўлмайди. Жумладан, папаверин, кофеин, кодеин, эуфиллин ва юрак гликозидлари шундай дориворлар сирасига киради.

ҚАҲВА ДОРИЛАР ТАЪСИРИНИ СУСАЙТИРАДИ

Қаҳва ҳам таркибидаги танин туфайли чойга ўхшаш таъсир қилади. Аммо қаҳва билан дори қабул қилиш янада таҳдидлироқ. Чунки айрим ҳолларда қаҳва баъзи дориворлар таъсирини кучайтирса, бошқалари таъсирини эса сусайтиради. Натижада, дориворларнинг дардга таъсири кескин ўзгаради. Қаҳвани дори ичишда қўллаш мутлақо тавсия этилмайди.

ПАРАЦЕТАМОЛНИ ШАРБАТ БИЛАН ИЧИНГ!

Шарбатлар билан айрим дориворларни қабул қилиш камдан-кам ҳолларда бўлсада қўл келиши мумкин. Жумладан, аспирин, парацетамол, силга қарши дориворларни шарбат билан ичиш уларнинг самараларини оширади.

ШАРБАТ БИЛАН ИЧИБ БЎЛМАЙДИГАН ДОРИЛАР

Аммо аксари дориворлар шарбатлар билан “келишмайди”. Айниқса, нордон шарбатлар калций дориворлари ва айрим антибиотикларни парчалаб ташлайди. Нордон мева шарбатлари ошқозон кислотали муҳитини сусайтириши туфайли ҳам антацид дориворлар таъсирини йўққа чиқаради. Юрак гликозидлари ва сулфаниламид дориворларнинг ўзлари ҳам ишқорий муҳитга эга бўлганлиги боис, бу дориворларни нордон мева шарбатлари ва ҳаттоки компот билан ҳам ичиб бўлмайди.

ДОРИНИ ҚАНДАЙ ИЧИШ КЕРАК?

Ҳанузгача кексаларимиз таблеткаларни қабул қилишдан олдин уларни эринмасдан талқон қилиб майдалашади. Маълум бўлишича, бу услуб доривор қабул қилишда яхши ёрдам берар экан. Майдаланган доривор кукунини енгиллик билан ичиш натижасида ошқозон-ичак тизимини таъсирлантирмаслик ва ҳазм қилишнинг осонлаштирилишига эришиш мумкин. Албатта бу майдалаш жараёнини ҳимоя қобиғи билан қопланган таблеткалар ва капсулаларга нисбатан асло қўллаб бўлмайди. Чунки ҳимоя қобиғи ушбу дориворларнинг ошқозонга қадар безарар, шикастланмаган тарзда етказилишига хизмат қилади.

“Эрувчан” (“Шипучие”) таблеткаларни қабул қилишдан олдин кўрсатмада қайд этилган миқдордаги сувда эритиб ичиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Аслида дориворларни хона ҳароратига эга қайнатиб совутилган сув билан ичиш энг безарар тавсия ҳисобланади. Бошқа ҳар қандай суюқликлар билан дориворларни ичиш шифокор-мутахассис томонидан истисно тариқасида буюрилсагина қўлланилиши мумкин. Шунинг учун, доривор тайинлашда шифокор-мутахассис дори қабулида бу жиҳатга алоҳида тўхталмаса, демак, дориворни одатий, тиндирилган, қайнатиб совутилган сув билан ичганингиз маъқул ҳисобланади.

Манба: Darakchi.uz