Саломатлик

Танада туз миқдори ҳаддан зиёд ошиб кетса нима бўлади?

Умуман олганда туз бизнинг танамиз учун жуда зарур. Маҳсулотнинг зарари тўғрисидаги мақолани уни мақташдан бошлаш ғалати бўлса ҳам — лекин бу ҳақиқатан ҳам шундай.

Ош тузининг асосий таркибий қисми натрий бўлиб, у қон айланиши ва босимини бошқариш, асаблар ва мушаклар орасидаги узвий алоқани таъминлаш вазифасини бажаради. Ош тузининг иккинчи элементи бўлган хлор эса овқат ҳазм қилишга ёрдам беради.

Нима учун зарарли?

Камдан-кам одамларгина организмдаги туз балансини махсус чоралар қўлламасдан туриб тўғри ушлаб тура олади.

Кўпчилик кишилар парҳезга беписандлик билан муносабатда бўлганлари учун кундалик меъёрни ошириб юборадилар.

Туз ва қон босими

Натрий хлорид қон босимининг ошиб кетиш хавфи билан бевосита боғланган. У шундай ҳам организмда суюқлик ва қон оқимларини бошқарувчи ролини бажаради.

Қон таркибидаги натрий хлорид миқдорини ошириш билан одам юрак, мия ва томирларга бўлган оғирликни оширади, бу эса қон босимининг ошиб кетишига сабаб бўлади.

Туз ва кальций

Шўр овқатларни кўп ейиш суякларингизни мўрт қилиб қўйиши, тишларингизнинг эса аҳволини ёмонлаштириши мумкин. Гап шундаки, туз организмдан асаб тизими фаолиятини бошқариш ва мушакларнинг тўғри тикланишини таъминлаш вазифаларини бажарувчи кальцийнинг ювилиб кетишига ёрдам беради.

Ҳамма нарсага жаҳлингиз чиқаверишидан ажабланиб ўтирманг — фақат истеъмол қиладиган туз миқдорини камайтишга ҳаракат қилинг.

Туз ва буйраклар

Тўғри фаолият кўрсатиши учун буйракларда калий ва натрийнинг сувга бўлган нисбати аниқ белгиланган нисбатда бўлиши керак.

Тузнинг катта миқдори бу нисбатни бузади, натижада буйраклар организмда кўпроқ сувни ушлаб қола бошлайди. Тана шишиб кетади, томирлардан кўпроқ қон ўта бошлайди, бу эса гипертония касаллигига олиб келади.

Манба: Daryo.uz