Ушбу йилнинг 14 август куни Олий Мажлис Сенатининг тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Сенат ахборот хизмати.
Мажлисда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2018 йил 29 июнда “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги Қарорининг ҳаётга тадбиқ қилишининг амалий жиҳатлари ўрганилди.
Хусусан, юқоридаги Қарорда белиланган вазифаларнинг самарали ижро этилишини таъминлаш мақсадида Сенат Кенгашининг мажлисида “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларида Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузиш тўғрисида”ги Қарор қабул қилинди.
Қарор билан комиссияларнинг намунавий низоми ва уларнинг намунавий таркиби ҳам тасдиқланди.
Унга кўра маҳалла фуқаролар йиғинлари билан биргаликда намунали оилавий тадбирлар ўтказилишини ташкил этиш, оилавий тадбирларни ўтказиш вақтида миллий қадриятларга зид бўлган маросимларга, номақбул одатларга ва уларнинг салбий оқибатларига йўл қўймаслик юзасидан тарғибот ишлари олиб бориш, урф-одатларни менсимаслик, исрофгарчилик ҳолатларини жамоатчилик муҳокамасига қўйиш каби масалалар комиссияларнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Бундан ташқари, Қарорда мамлакатимиздаги барча фуқаролар йиғинлари ҳузурида оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузиш белгиланди.