Дунё статистикасига кўра, Ер юзи аҳолисининг 15 фоизида вена қон томирлари кенгайиши, яъни варикоз номи билан таниш бўлган касаллик кузатилади. У айниқса аёллар ўртасида кўп учрайди. Туғруқни бошидан кечирган аёлларнинг қарийб 70 фоизида варикознинг кўринишлари мавжуд. Бу касаллик аста-секин ривожлангани учун бирламчи белгилар у қадар ташвишга солмайди. Бироқ ўз вақтида даволанилмаса, оқибати жиддий ҳолатларни келтириб чиқариши ҳеч гап эмас.
Биласизми?
Аёлларда асосан оёқ (болдир), тўғри ичак ва чаноқ томирлари (жинсий аъзолар) кенгайиб, чўзилади ҳамда тугун ҳосил қилади. Асосан юза томирлари кенгайиб, аввалига майда капиляр қон томирларнинг ёрилиши юзага келиб, аста-секин улар сони ортиб боради. Ёрилган капиляр қон томирлар ўрнида баъзан оғриқлар кузатилади. Бироқ касаллик авж олиш палласига етгач, чўзилган қон томири яққол кўзга ташланади ва жиддий оғриқларни келтириб чиқаради.
Оёқ (болдир соҳаси)да...
Веноз клапанларининг етишмовчилиги, вена деворларининг туғма заифлиги, тана вазни ортиши (ўта семизлик), узоқ вақт бир хил кўринишдаги меҳнат билан шуғулланиш ва оёқ мушакларини узоқ вақт зўриқтириш (толиқиши) натижасида оёқларда варикоз кенгайиш юзага келади.
- Белгилари. Бирламчи кўринишида майда капиляр қон томирларининг ёрилиши кузатилиб, вақти-вақти билан оғриқлар юзага келади. Касаллик авж олгач, кенгайган қон томир соҳаси юпқалашиб, санчиқли оғриқ, холсизланиш, оёқ болдирларининг шишиши кузатилади. Ёрилган қон томир ўрнида тўқ жигарранг ёки қўнғир доғлар пайдо бўлади.
- Муолажа. Қон томир жарроҳи касалликнинг даражаси ва кўринишини аниқлаб, консерватив (маҳаллий), склеротерапия ва жарроҳлик амалиётидан бирини қўллашга кўрсатма беради.
- Асоратлари. Касалликка беэътибор бўлиш тери яллиғланишлари, экзема, тромбофелит (жароҳатланган вена соҳасида тромблар ҳосил бўлиб, қон таъминланиши бузилади) каби ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин.
- Белгилари. Анал тешиги соҳасида қичишиш, баъзан оғриқ, жисмоний меҳнатдан сўнг бу сезгиларнинг зўрайиши касалликнинг илк белгиларидир. Шунингдек, ахлатнинг қон аралаш келиши, онал тешик атрофида ачишиш, санчиқли оғриқ, геморродиал тугунлар пайдо бўлиши варикоз касаллигининг яққол кўриниши саналади.
- Муолажа. Ичакнинг ички тарафидаги вена варикоз кенгайишига консерватив муолажа усуллари қўлланилса, ташқи тарафдаги кенгайган варикоз венаси учун склеротерапия ҳамда жарроҳлик амалиётидан бири қўлланилади. Қолаверса, тўғри ичакда варикоз кенгайиши юзага келмаслиги ва муолажадан сўнг қайтарилмаслиги учун қабзиятга йўл қўймаслик, кўпроқ мева-сабзавотлардан истеъмол қилиш, ҳожатдан сўнг онал тешик соҳасини илиқ сувда чайиш каби ҳолатларга эътибор қаратиш тавсия этилади.
- Асоратлари. Бирламчи белгилари юзага келиши билан даволанилмаса, сурункали кўринишга айланиши мумкин.
Тўғри ичакда...
Оддий қилиб айтганда, бавосил (геморрой) тўғри ичак ва орқа чиқарув йўли веналарининг варикоз кенгайиши касаллиги ҳисобланиб, ички ва ташқи тугунлар ҳосил бўлиши билан фарқланади. Ичакнинг ички тарафида ҳосил бўлиб, оғриқ берувчи кўриниши ички ҳолат бўлса, ташқи тарафга чиқиб қолган вена томири касалликнинг ташқи кўриниши дейилади. Мунтазам ич қотиши (қабзият), узоқ вақт ўтириб ишлаш, веналарнинг ўсма ёки ҳомилали бачадон билан босилиши натижасида тўғри ичакда қон димланиши ёки босим тушиши юз бериб, варикоз кенгайиш вужудга келади.
Кичик чаноқда (жинсий аъзоларда)…
Баъзи вақтларда оғир юк кўтариш, вена деворларининг туғма сустлиги, ҳомилали бачадоннинг босими таъсирида кичик чаноқ веналарида қон димланиб, катта жинсий лабларда вена томирларининг варикоз кенгайиши юзага келади. Бу каби ҳолат авваллари кузатилмаган бўлса-да, баъзан ҳомиладорлик сабаб юзага келиши мумкин.
- Белгилари. Ҳомиладор бўлмасингиздан аввал юзага келган жинсий аъзодаги вена кенгайиши оғир юк кўтариш, зўриқиш сабаб хуруж қилиши мумкин. Ҳомиладорлик сабаб юзага келган вена варикоз кенгайиши эса ҳомила катталашиши билан зўраяди. Бу вақтда ҳомила кичик чаноққа зўриқиш бериб, кучли оғриқни келтириб чиқаради ва ҳаракатланиш учун ноқулайлик туғдиради.
- Муолажа. Ҳар бир организм индивидуал кўринишда бўлгани сабаб, туғруқдан сўнг вена томирларининг эластиклик хусусияти тикланиши ҳам турлича бўлади. Кимдадир кенгайган вена томири 30-40 кун ичида секин-аста ўз ҳолига қайтса-да, кейинчалик ҳам хуруж қилиши ёки вена томирининг кенгайиш эҳтимоли йўқ эмас. Вена томири эластиклик хусусиятини тиклай олмай, қайтмаса, шифокор томонидан склеротерапия ва жарроҳлик аралашувига кўрсатма берилади.
- Асоратлари. Кенгайган вена томири ўз вақтида даволанмаса, бошқа жинсий аъзолар, қин, бачадон соҳаларига ҳам тарқалиши мумкин.
Ҳомиладорлик даври
Ҳомила сабаб жинсий аъзолар, тўғри ичак ва оёқ болдирида юзага келган вена варикоз кенгайишини даволашда асосан оғриқсизлантирувчи маҳаллий муолажа турлари тавсия этилади. Бунда оғир юк кўтармаслик, кўп пиёда юрмаслик, туғруққача тақиладиган махсус бандажлардан фойдаланиш ва эластик бинт боғлаш каби усулларни қўллаш мумкин. Вена томири яққол кенгайган бўлса, албатта қонда тромбоцитлар миқдори ошиб кетмаслигини назорат қилиш лозим. Бунинг учун шифокор кўрсатмаси билан лабаратория шароитида қон ивишини текширтириб туришингиз керак. Бордию вена томири кенгайиб, тромблар ҳосил бўлиш хавфи юзага келса, қон томири жарроҳи билан маслаҳатлашган ҳолда жарроҳлик аралашувини ўтказишга кўрсатма берилади.
Кимга мурожаат этасиз?
Қон томир касалликларини даволаш билан шуғулланувчи тиббиёт клиникаларига мурожаат этиб, шифокор кўригидан ўтасиз. Умумий аҳволингиз ва шикоятингизга кўра касаллик даражаси аниқланиб, шифокор томонидан муолажа турлари тайинланади. Булар:
- Консерватив. Вена қон томирлари фаолиятини меъёрий ҳолатга келтирувчи гель, суртма дорилар, шунингдек, компресс қилувчи махсус колготка ва оғриқни енгиллаштирувчи препаратлар тавсия этилади. Муолажа давомийлиги ҳар бир бемор учун алоҳида тартибда белгиланиб, шифокор томонидан назорат қилинади. Бироқ бу каби тадбирлар касаллик бошланаётган вақтда тромбофелит юзага келишининг олдини олиш учун натижа бериши мумкин.
- Склеротерапия. Жароҳатланган вена томирига махсус инъекция препарати юборилиб, куйдирилади. Муолажа касаллик даражасига кўра 3-6 марта ўтказилиб, 2-3 ҳафтадан сўнг куйдирилган тери ўрни битиб кетиб, натижаси сезилади. Муолажадан кейин шифокор кўрсатмасига кўра, томирларни мустаҳкамловчи препаратларни ўз вақтида қабул қилиш ҳамда оғир жисмоний ҳаракатлар вақтида махсус қопламли чулки ва боғламлар билан вена томирларини асрасангиз, натижаси бир умрга етади. Аммо организм хусусиятидан келиб чиқиб, муолажани қайта ўтказиш талаби юзага келиши ҳам мумкин. Склеротерапия муолажаси вена томирларида тромблар юзага келган вақт маън қилинади. Тромблар бартараф этилгач, муолажани ўтказиш мумкин.
- Жарроҳлик аралашуви катта тери ости вена томирларининг ўзгарган кўриниши ҳамда клапан етишмовчилиги юзага келганда ўтказилади. Жарроҳлик аралашувининг Бенкокк, Нарат ва Линтон усуллари мавжуд бўлиб, кенгайган вена томири маҳаллий ҳушсизлантирувчи препаратлар таъсирида кесиб олиб ташланади. Бу каби муолажа усулларидан сўнг шифокор кўрсатмасига мувофиқ оғриқсизлантирувчи ва томирларни мустаҳкамловчи препаратлар буюрилиб, бемалол ҳаракатланишингиз мумкин. Агар белгиланган кўрсатмаларга риоя қилинса, муолажа натижаси бир умрга етади. Юрак етишмовчилиги, онкологик ҳамда оғир кўринишдаги бошқа касалликларда жарроҳлик аралашуви тавсия этилмайди.
Нима истеъмол қилинади?
Таомномага Е (тухум сариғи, зайтун ёғи, салат барги), С (наъматак, қорағат меваси, карам, шивит), Р витаминига (ёнғоқ, кўк чой, цитрус мевалар), калцийга (сут-қатиқ, творог) бой маҳсулотларни киритиш тавсия этилади. Шунингдек, қора гилос меваси тиқинлар юзага келишидан ҳимояловчи биофлавоноидларга бой бўлиб, муолажа вақти фойдадан холи бўлмайди. Агар онангизда варикоз касалликлари бўлса, сизда ҳам наслий мойиллик бўлиши мумкин. Шу сабаб таомномангизда қандолатчилик маҳсулотлари, ширин ва ёғли егуликлар камроқ бўлишига эътибор қаратинг.
Бу муҳим!
Касалликнинг илк белгиларидан эътиборан, қуйидаги кўрсатмаларни ёдда сақланг:
- иссиқ ванна, сауна, юқори ҳарорат таъсирида бўлиш мумкин эмас;
- ўтирган ҳолатда оёқларни бир-бирига чалиштириш қон томирлар ҳаракатига тўсқинлик қилиб, касалликни зўрайтиради;
- тор бичимли ич кийим, қаттиқ резинкали пайпоқ, баланд пошнали пойафзал кийиш тавсия этилмайди;
- варикоз аломатларини сезсангиз, аччиқ дамланган чой ва қаҳва истеъмолини камайтиринг;
- эрталаб 10 дақиқалик бадантарбия машқлари қон айланишини яхшилаб, мушаклар мустаҳкамлиги учун фойдали;
- профилактика чоралари қаторида ҳар куни бир соат бўлса-да пиёда юришга одатланинг.
Гирудотерапия ёки игнали уқалаш. Қай бирининг фойдаси бор?
Одамлар орасида бу каби усуллар ёрдамида варикоз касаллигини даволаш мумкин, деган қараш мавжуд. Бироқ иккала муолажа ҳам кенгайган вена томирлари касалликларидан ташқари ҳолатларда қўлланилса, тўғри ҳисобланади. Бироқ вена қон томирларида қон димланиш ва босим даражасига учраган томирни бу каби усуллар билан даволаш тавсия этилмайди. Касалликдан мутлоқ тузалиш учун албатта малакали шифокорга кўриниб, муолажалардан кейин ҳам тартибли кўрикдан ўтишни канда қилманг!
Тиббиёт фанлари номзоди, қон томирлари жарроҳи Дилшод УМАРОВ тавсиялари асосидаДилдора ЮСУФБЕКОВА тайёрлади.
Манба: Darakchi.uz