Кўпчилик аёллар озиш илинжида бўлган бир пайтда семиролмаётган одамларнинг муаммоси кўпчиликка эриш туюлади. Ахир бу бахтлиларнинг қадди-қомати худди сиз истагандек. Аммо озғинлик ҳам бир муаммо-да: ёқтирган кийимни киёлмайсиз, боз устига озғинлик ортидан букчайиб юриш (сколиоз ва остеохондроз) хасталиклари юзага келади. Бугунги мақоламизда ориқликда нималарга эътибор бериш кераклиги ва бу муаммони қандай ҳал қилиш мумкинлиги билан танишамиз. Бу ишда бизга шифокор-диетолог Илҳом ОТАЖОНОВ ёрдам беради.
–Жуда озғинман. Вазним 39 кг. Асло семиролмайман. Қилмаган амалим қолмади. Іар хил қиммат дорилар ҳам ичдим. Бир танишим Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган гиёҳлардан тайёрланган элексир коллаген турини уч ой ичилса, семириш мумкин, деганди. Бу препарат таъсир қиладими? Умуман қандай йўл билан семиришим мумкин?
Зарифа, Тошкент шаҳри
Аввал кўрикдан ўтинг!
Бу вазиятда биринчи бўлиб, иккита шифокор кўригидан ўтилади: шифокор-гастроэнтеролог билан суҳбатлашиб, ошқозон-ичак касалликлари ва гижжа бор-йўқлигини текширтириш. Сўнг эндокринолог текширувидан ўтиб, буқоқ ва шунга ўхшаш гормонал бузилиш билан боғлиқ касалликлар бор-йўқлигини аниқлаш шарт. Агар текширув натижалари ижобий чиқса, унда ҳамма гап сизнинг турмуш тарзингизда. Кун давомида аниқ тартибга риоя қилинг: вақтида туриб, кечки соат 21 даёқ ётишга одатланинг. Уйқу 9-10 соатдан кам бўлмаслиги керак. Асабларни қўзғовчи стрессли вазиятлардан ҳам ўзингизни асранг. Асабийлик уйқусизлик ва ошқозон касалликларига сабаб бўлиши, бу эса ўз навбатида озғинликка олиб келиши тайин. Оқсил ва углеводларга бой маҳсулотларни кўпроқ енг. Айниқса, хилма-хил гўштлар (фақат ёғсиз) – қўй, курка, товуқ ва балиқ гўшти, хамирли таомлар, музқаймоқ ва шоколад, сут-қаймоқ, пишлоқ, сут чой, овқат олдидан ичилган мевали қуюқ (нектар) шарбатлар тезроқ вазн йиғишингизга ёрдам беради.
Биласизми:
Нонуштага сули бўтқасига майиз, ёнғоқни мўлгина солиб ейиш, чойга лимон, асал солиб ичиш одамни семиртиради.
Иккинчи нонуштага сариёғли нон ёки 2 дона сувда пишган тухум, 2 та мева (ширин таъмли нок ёки олма) ейилса, янада яхши.
Шафтоли, анжир, киви, олхўри ва банан ҳам одамнинг семиришига ёрдам беради.
Тушликка гречиха ёки гуруч солинган суюқ таом устига майда пишлоқни тўғраб истеъмол қилиш, ва албатта, курка ёки товуқ гўшти, пишган ловия солинган сабзавотли салат ейишингиз керак. ўтар чойга қуритилган мевалар ва пишириқ ёки шоколад ейилади.
Кечки овқат сергўшт аммо буғда ёки қайнатиб пиширилган бўлиши мақсадга мувофиқ.
Муштариймизнинг мурожаатидаги «Коллаген элексири» ҳақида, тўғриси, аниқ маълумотга эга эмасмиз. Агар у тиббий ва санитар стандартлардан ўтган бўлса ва маълум сертификатга эга бўлиб, шифокорлар томонидан тавсия қилинса, қабул қилиш мумкин. Аммо маслаҳатимиз, ҳар хил биологик фаол қўшимчалар ёрдамига таянмай, аввало текширувлардан ўтинг. Муаммонинг асл сабабини аниқ топгандагина озғинликни бартараф қилиш мумкин. Уй шароитида қуйидаги вазнни кўпайтирувчи оқсилли коктейль тайёрлаб ичишингиз мумкин: бир пиёла сметана, бир пиёла творог, 1 дона мева кўпиртириб аралаштириб, кун давомида 2-3 пиёладан овқатдан олдин ёки таомлар орасида ичилади.
Биласизми:
Бўтакўз, зирк гиёҳларидан дамлама тайёрлаб, овқат олдидан ичсангиз, иштаҳангиз очилиб тез вазн орттирасиз.
Семирмаслик наслга боғлиқми?
Албатта. Ота-онангиз туғма озғин бўлишса, фарзандининг ҳам уларга ўхшаши кузатилади. Ва энг ёмони, ота-онани шу ҳолатга олиб келган ёндош касалликлар – ошқозон ости безининг яллиғланиши, гормонал бузилишларнинг ҳам наслдан ўтиш хавф бор. Одам ҳаддан зиёд озғин бўлса, букчайиб юришга одатланиб қолади. Бу ҳам яхши одат эмас – чунки қомат бузилса, овқат билан борган фойдали маҳсулотлар ҳазм бўлмайди. Фаст-фуд таомларидан воз кечинг – улар ичакларни оғритиб одамни янада оздиради.
Манба: Darakchi.uz