Биласизми?

Зайтун ёғи гўзаллик учун

Зайтун ёғи азалдан соғлиқ ва гўзалликнинг кони бўлиб ҳисобланган. Бу ёғни табиий универсал косметик восита деб ҳисоблаш одат тусига кириб қолган.

Уни мўъжизали ёғ дейишади, чунки у ҳақиқатан ҳам яшашни енгиллаштиради. Зайтун ёғидан нафақат салатлар ва тушликларга қўшишда, балки косметик воситалар сифатида ҳам фойдаланиш мумкин.

Сочларни парваришлаш учун

Зайтун ёғи кўпчилик Голливуд юлдузлари учун сочларни парвариш қилишда ёрдам берувчи севимли восита ҳисобланади. У сочларга уларнинг соғлиғи ва ўсиши учун зарур бўлган озуқавий моддалар етказиб беради, бош териси ва соч фолликулаларининг етарлича намланишини, озиқланишини таъминлайди.

Бундан ташқари, ёғ бош терисининг қичишиши ва қуруқлигини бартараф қилишга ёрдам беради. Ҳатто ёғни бир марта қўллашдан кейин сочлар кўз олдимизда ўзгара бошлайди: тўйинган, эгилувчан ва ярқираган ҳолатга келиб қолади. Ёғни бош терисига ҳам, сочнинг бутун узунлиги бўйлаб ҳам суриш мумкин.

Сочларни парвариш қилишда мунтазам равишда зайтун ёғидан фойдаланиш уларнинг тўкилишини тўхтатади, қичишиш ва қазғоқни йўқотади, учлари «гуллаши»нинг олдини олади, ҳажм ва ялтироқлик қўшади.

Тери учун

Зайтун ёғи юз терисини парвариш қилишда кенг қўлланилади. Бу маҳсулот деярли ҳеч қачон аллергия чақирмайди, шунинг учун уни бемалол таъсирчан териларни парвариш қилишда ҳам ишлатиш мумкин. У ажойиб тарзда терининг қуруқлигини бартараф этади, шу билан биргаликда намлайди ва озиқлантиради.

Зайтун ёғи нафақат юз учун озиқлантирувчи восита, балки у макияжни тозаловчи восита сифатида ҳам ишлатилади. Ёғ ортиқча косметикани жуда яхши кетказади, шунингдек юз терисини ҳам тозалайди.

Манба: Daryo.uz