— Бундан ўн уч йил аввал салпингофорит ва перитонит касаллиги сабаб, иккала бачадон найчаси ва битта тухумдоним олиб ташланди. Шундан сўнг ҳайз циклимда ўзгаришлар юз берди. Кейинчалик эса миома пайдо бўлди. Миоманинг келиб чиқишига тухумдон етишмовчилиги сабаб, дейишгани учун турли гормонал дориларни қабул қилиб юравердим. Натижада, гормонал воситалар қорин пардаорти ўсмасини ривожлантириб юборди. Бу ўсмани уч йил аввал жарроҳлик амалиёти билан олиб ташлашди. Яқиндан бошлаб ҳайз кўрмай қўйдим. Миомага эса саккиз ҳафталик, деб ташхис қўйилди. Гормонал дориларни ҳам ичиб кўрдим. Лекин фойдаси йўқ. Тезда толиқаман, ҳаётга бўлган қизиқишим йўқ. Бирор иш қилгим келмайди, ҳеч нарса ёқмайди, эрим билан ҳам гаплашгим келмайди. Бу эрта климаксми?
Муҳаббат, 39 ёш, Наманган вилояти
Саволларга олий тоифали шифокор, акушер-гинеколог Райҳон САЛОМОВА жавоб беради.
— Миома ташхиси қўйилганида, кўпинча, аёллар бачадонимни жарроҳлик амалиёти билан олиб ташлашади дея шифокор кўригига келишдан бош тортишади. Уларнинг назарида миома ўсимтаси билан бирга бачадон ҳам олиб ташланади, натижада эса жинсий ҳаёт издан чиқади. Бу нотўғри фикр. Миома ўсимтасини консерватив ҳамда жарроҳлик йўли билан даволаш усуллари мавжуд. Миома туфайли бачадон бутунлай ампутация қилиб ташланган тақдирда ҳам жинсий ҳаёт сифати бузилмайди. Эркак аёлида бачадон бор ёки йўқлигини умуман сезмайди, унга шунчаки аёлининг ички жинсий аъзоси йўқлиги руҳий босим ўтказиши мумкин. Шу боис, шифокорлар кўп ҳолларда бачадон ампутацияси ҳақида бемор аёлларнинг эрларига хабар беришмайди.
Унутманг, миома хасталиги туфайли организмда қамқонлик юзага келади. Биринчидан, ўсимта организмнинг бор кучини сўриб олади, иккинчидан, сурункали қон кетиши ўз асоратини кўрсатади. Буларнинг барчаси, албатта, ҳолсизланиш ва иммунитет пасайиб кетишига олиб келади. Маслаҳатим, миомани олдиринг.
Манба: Darakchi.uz