Биласизми?

Бекаларнинг ошхонадаги 10 хатоси

Ҳар бир аёлнинг уй тутиш, рўзғор юритиш, ошхонада «кашфиёт» яратиш борасида ўз синалган усуллари бор. Бироқ бу борада тажриба орттириш йўлида баъзи хатоликларга йўл қўйиш уят ёки айб эмас. Ахир хатолар ўргатади! Асосийси, хатолардан тўғри хулоса чиқариш ва уларни такрорламаслик! Келинг, биз бекалар орасида ошхонада энг кўп йўл қўйиладиган хатолар ҳақида гаплашамиз.

  • Рецептни охиригача ўқимаслик
  • Маҳсулотларни ўз билганича тақсимлаш
  • Ёғни тутагунча қиздириш
  • Овқатдан тез-тез хабар олиш
  • Мазасини таътиб кўриш
  • Маҳсулотларни тартибсиз ишлатиш
  • Гўштни совимасидан кесиш
  • Сабзавотларни кўп қайнатиш
  • Зираворларни кўп қўшиш
  • Музлатилган маҳсулотларни эритмаслик

Хато: одатда газета-журналларда чоп этилган бирор таом рецептини охиригача ўқимай, тайёрлашга киришиб кетамиз. Натижада эса ё таомнинг таги олади, ёки керагидан ортиқ қайнаб кетади. Кейин эса «Рецептида шундай ёзилган экан, қаердан билай?» деб ўзимизни оқлаймиз.

Маслаҳат: Ҳовлиқманг! Аввалига рецепт билан яхшилаб танишинг. Зарур бўлса, бирор танишингиздан «Шуни тайёрлаб кўрганмисан?» дея қизиқинг. Барча керакли маҳсулотларни тўплаб, тайёрлай олишга кўзингиз етсагина ишга киришинг.

Хато: баъзи «уддабурон» бекалар овқатга, айниқса, пишириқларга янгилик киритишга уста бўлишади. Кейин эса «тўртта тухум ўрнига бир дона солгандим, шунга ўхшамади чоғи», дейишади.

Маслаҳат: тежамкорлик яхши, бироқ ҳамма маҳсулотлар ҳам бир-бири билан мос тушавермайди. Қолаверса, баъзида бир дона тухум етишмаслиги ҳам таом ёки егуликнинг таъмига таъсир этиши мумкин. Яхшиси, аслида кўрсатилганидек тайёрлаган маъқул.

Хато: айрим бекалар қозондаги ёғ оппоқ тутун чиқар даражада қизимагунча масаллиқ солишмайди. Аслида эса ҳамма ёғ тури ҳам юқори ҳароратга мослашмаган. Айниқса, писта, зайтун ёғлари.

Маслаҳат: қаттиқ қиздирилган ёғлар таркибидаги фойдали элементларни йўқотади. Шу сабаб ёғни меъёрида қиздиринг.

Хато: «пишганмикан?» дея қозон қопқоғини ҳадеб очавериш таомнинг мазасини бузади. Ахир ҳар бир таомнинг дам ейиш каби хусусиятлари мавжуд.

Маслаҳат: аслида таомни димлагач, камида 20 дақиқа тегмаслик керак. Ана шунда таом ўзига керакли мазани олиб, меъёрида сингиб пишади.

Хато: овқат тайёрлаётиб, мазасини неча марта таътиб кўрасиз? Пишгунига қадар бўлган жараёнда таомни таътиб кўравериш унинг аниқ мазасидан чалғитади.

Маслаҳат: таомнинг етилиб пишганини билиш учун тайёр бўлишидан 15-20 дақиқа аввал таътиб кўришнинг ўзи етарли.

Хато: баъзида маҳсулотларни қозонга тартибсиз солиб, тўлдиришади ёки “тезроқ пишсин” деб оловни баландлатиш билан вақтдан ютишни исташади. Аслида эса бу билан таомнинг тайёр бўлиш вақти узаяди холос.

Маслаҳат: агар ҳар бир маҳсулотни тартиб билан кетма-кетликда солсангиз, ҳам тезроқ пишади, ҳам мазаси билан қувонтиради.

Хато: пишган гўштни ликопчага олган заҳоти кесиш нотўғри. Бунда маза берувчи шарбати чиқиб кетади.

Маслаҳат: қайнатилган ва буғда тайёрланган гўштларни 15 дақиқа, қовурилган гўшт маҳсулотларини эса 20 дақиқа давомида кесмай туринг. Шунда у ўз шарбатини тўлалигича шимиб, мазасини сақлаб қолади.

Хато: аҳамият берган бўлсангиз, қайнатилган сабзавотларингизнинг ораси бўлинган ё иккига ажралган кўринишда бўлади. Бунинг сабаби эса уларни жуда баланд оловда ва узоқ қайнатиш билан боғлиқ.

Маслаҳат: сабзавотларни қайнатишда тоғорачага солинган сув маҳсулотлар устини қоплаши керак холос. Олов ҳам ўртача баландликда бўлишига диққат қилинг.

Хато: билсангиз, керагидан ортиқча ишлатилган зираворлар ҳам таом мазасига путур етказади, ҳам ошқозонга таъсир этиши мумкин. Айниқса, аччиқ, нордон таъм берувчи зираворларни меъёрида ишлатиш муҳим.

Маслаҳат: суюқ таомлар суви қайнаб чиққач, майдаланган ва озгина миқдорда ишлатилган зираворлар етарли саналади. Қуюқ ва димланган таомларда эса зираворларни егулик тайёр бўлишидан 15-20 дақиқа аввал солсангиз, таъми яхшиланади.

Хато: вақтдан ютаман деб баъзида ҳали музи эримаган маҳсулотларни ҳам ишлатаверишади. Ахир музлатилган маҳсулот тўлиқ эримаса, ўзи билан бирга ортиқча сувни ҳам олиб қолади-ку! Бу эса таом мазасини бузади.

Маслаҳат: музлатилган маҳсулот тўлиқ эриб, аслига яқин кўринишга келсагина ишлатиш мумкин. Акс ҳолда унинг на таъми, на фойдаси бўлади.

Манба: Darakchi.uz