Шакар, туз, асал, ёғ ва қаҳва терини тозалайди, қазғоқни кетказади ва сочларни бақувват қилади,чиройли кўриниш беради.
Бош ва сочларга скраб нима учун керак?
Таркибидаги абразив заррачалар туфайли скраблар шампунларга қараганда самаралироқ ҳисобланади. Улар терининг дағал ҳужайраларини, чангларни, соч турмаклаш воситаларининг қолдиқларини, теридаги ортиқча ёғларни кетказади. Тери нафас ола бошлайди, сочлар эса тезроқ ўсади.
Таркибига боғлиқ равишда скраблар терини озиқлантиради ва намлантиради, сочларни ялтиратади, қазғоққа ёки ортиқча ёғлиликка қарши курашади.
Скраблардан қандай фойдаланиш керак?
Агар сочларингиз ёғли бўлса, скраблардан бир ҳафтада бир марта, агар қуруқ ва нормал бўлса, 2-3 ҳафтада бир марта фойдаланинг.
Фақат сочлар илдизини ва терини скрабланг. Ундан олдин бошни ювиш керак эмас, уни илиқ сув билан ҳўллашнинг ўзи етарли бўлади. Амаллар тугагандан кейин эса бошингизни одатдагидек ювинг.
Агар терингиз шикастланган ёки восита таркибий қисмларига аллергиянгиз бўлса, шунингдек ранги йўқолмаслиги учун сочларингизни бўягандан кейинги бир неча кунлар скраб қилишдан воз кечинг.
-
Намлантириш ва озиқлантириш учун шакар, асал ва қаймоқдан скраб
Масаллиқлар:
- 3 ош қошиқ шакар;
- 1 ош қошиқ асал;
- 2 ош қошиқ суюқ қаймоқ.
Тайёрлаш ва қўллаш:
Шакар ва асални аралаштиринг. Қаймоқни қўшинг, аралаштиринг. Аралашмани бош терисига суринг, 5 дақиқа уқаланг ва яхшилаб сингиши учун яна 10 дақиқа қолдиринг. Скраб қолдиғини илиқ сув билан ювинг.
-
Сочлар ялтираши учун шакар ва ёғдан скраб
Масаллиқлар:
- 2 ош қошиқ шакар;
- 1 ош қошиқ ўсимлик ёғи (зайтун, чакамуғ, бодом).
Тайёрлаш ва қўллаш:
Шакар ва ёғни яхшилаб аралаштиринг. Скрабни бош терисига суринг ва бошингизни уқаланг. 5–7 дақиқадан сўнг воситани илиқ сувда ювинг.
Манба: Daryo.uz