Саломатлик

"Доплер текшируви мажбурийми?" Гинекологга 7 савол

Иш юзасидан аёллар шифокори қабулига йўлим тушди-ю, навбатда турганларнинг гурунгига қўшилиб қолдим. «Кечаси билан белим оғриб, қайд қилиб чиқдим. Эрталабдан УТТга тушиб келаяпман», дея сўзлаётган келинчакнинг гапини давом эттириб, аёллар роса дардлашиб олишди. Ўн беш дақиқалик ишқибозликдан билганларим шу бўлдики, ҳомиладорлик ва фарзанд кўриш борасида аёлларни қизиқтирган саволлар кўп. Бугун айнан шундай муаммо ва мурожаатларга имкон қадар аниқлик киритамиз. Бу борада бизга олий тоифали акушер-гинеколог Нилуфар БЎСТОНОВА кўмак беради.

«Жигарранг ажралма хавфлими?»

— Ҳомиладорликнинг учинчи ойидаман. Бир неча кун илгари оз миқдорда тўқ жигарранг ажралма келганди. Яна шу ҳолат такрорланаяпти. Аммо танамда ҳеч қандай оғриқ йўқ. Шунинг учун шифокорга учрашишга иккиланаяпман.

Ҳилола, Тошкент шаҳри

— Қиндан тўқ жигарранг ажралма келиши йўлдош кўчиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Стресс, камқонлик, кескин ва қўпол ҳаракатланиш кабилар ҳомила тушиш хавфини келтириб чиқаради. Тўғри, баъзан ҳеч қандай оғриқ ёки безовталик бўлмайди. Аммо ажралма ранги ва миқдорининг мавжудлиги мутахассис кўриги учун етарли асосдир. Айни дам даволовчи шифокорингиз назоратида ҳомила тушишидан ҳимояловчи препаратлар қабул қилишингиз лозим. Муолажа вақти жинсий яқинлик мумкин эмас.

«Бир марта кесарча бўлсанг, тамом…»

— Туғруқ вақтида биринчи фарзандим киндик ўқига ўралиб қолгани боис кесарча кесиш амалиёти қўлланган. Иккинчи боламни ҳам шу йўл билан туғаманми, деб хавотирланаяпман.

Нозима, Ангрени шаҳри

— Агар ҳомила ўлчами, ривожланиши, туғруқ ҳолати ва аёлнинг умумий аҳволи қониқарли бўлса, кесарча кесиш амалиёти қўлланмаслиги ҳам мумкин. Лекин олдиндан аниқ бир тўхтамга келиш мушкул.

«Доплер текшируви мажбурийми?»

— Айтинг-чи, ҳозирда анчайин оммалашган доплер текшируви барча учун мажбурийми ёки ихтиёрий? Мен фақат скрининг текширувидан ўтдим, холос.

Мадина, Сирдарё вилояти

— Доплер текшируви учун белгиланган кўрсатмалар бўлиб, бу ҳақда шифокорингиздан маълумот олишингиз мумкин. Хусусан, 18 ёшгача ва 35 ёшдан сўнг ҳомиладор бўлган аёллар учун мазкур текширув зарурий таҳлил ҳисобланади. Ҳомиладорликнинг 16-20-ҳафтасигача ўтказилган скрининг текшируви ҳомила ривожланишида бирор-бир ўзгаришни кўрсатган бўлса, 30-ҳафтадан сўнг доплерга йўлланма берилиши мумкин. Агар шифокорингиз кўрсатма бермаса, доплердан ўтишингиз шарт эмас.

«Қоғоноқ суви ифлосланса…»

— Беш ойлик ҳомиладорман. Икки ҳафта илгари шамоллаб қолгандим. Скринингга тушсам, қоғоноқ суви ифлосланган дейишди. Ҳозир антибиотик укол олаяпман. Муолажадан сўнг қоғоноқ суви тозаланадими? Бунинг кейинчалик болага таъсири бўлмайдими?

Гуласал, Тошкент шаҳри

— Хавотирингиз ўринсиз. Шифокорингиз томонидан танланган муолажа айни қоғоноқ сувини тозалашга қаратилган бўлиб, соғайганингиздан сўнг қайта УТТ текширувидан ўтиб, бунга ўзингиз ишонч ҳосил қилишингиз мумкин. Муолажа самарали бўлиши учун гемоглобин миқдорига ҳам аҳамият беринг.

«6 йил спиралда юрдим…»

— Иккинчи фарзандимни дунёга келтирганимдан сўнг, яъни олти йил аввал спираль қўйдиргандим. Энди ҳомиладор бўлолмаяпман. Овуляция кунларини ҳисоблаганим ҳам беҳуда ўтди. Ўйланиб қолдим, балки бу спиралда юрганимнинг таъсиримасмикан?

Хонзода, Гулистон шаҳри

— Спиралдан фойдаланган вақтингиз жинсий аъзоларда шамоллаш юз бериб, даволанмаган бўлишингиз мумкин. Ўйлаб кўринг, балки бирор безовталик бўлгандир? Қолаверса, спираль олиб ташланган бўлса, ҳомиладорликка ҳеч қандай таъсири бўлмайди. Шифокор кўригидан ўтиб, ТОРЧ инфекцияси ва қиндан суртма топшириб, бактериялар бор-йўқлигини аниқлаштиринг. Зарур бўлса, умр йўлдошингиз ҳам сиз билан бирга текширувдан ўтиб, даволаниши лозим.

«Пуштиранг ажралма, белгими?»

— Биринчи фарзандимда туғруқ бошланишидан аввал тўқ пуштиранг ажралма келиб, икки кундан сўнг кўзим ёриган. Айтишларича, бу туғруқ белгиси экан. Ҳозир етти ойлик ҳомиладорман. УТТда эгизак дейишганди. Кеча оз-моз пуштиранг ажралма келиб, сўнг тўхтади. Бу нимадан дарак бериши мумкин?

Гулчеҳра, Навоий вилояти

— Пуштиранг ажралма ҳам йўлдош кўчиши билан изоҳланиши мумкин. Айни дам аҳволингиз қониқарли бўлса ҳам, ҳар эҳтимолга қарши даволовчи шифокорингизга учраб, кўрикдан ўтинг. Гарчи эгизаклар муддатидан эрта туғилади, дейишса-да, етти ой меъёрий туғруқ учун етарли бўлмаслиги мумкин.

«Туғмайсан, дейди-ю, ўзи даволанмайди…»

— Ҳомиладор бўлиш учун қилмаган муолажам қолмади, ҳисоб. Охири шифокорлар маслаҳати билан эримни аранг кўндирдим-у, бирга текширувдан ўтдик. Менда жиддий ўзгариш чиқмади, эримда эса маний таркибида уруғланиш фоизи камлиги маълум бўлди. Даволаниб, уруғланиш фоизини оширмаса, фарзанд кўролмас эканмиз. Аммо эрим мен соппа-соғман, дея муолажаларга унамаяпти. Балки уйда бирор тадбир қўлласа бўлар, масалан, бедана тухуми кор қилади, дейишади-ку?!

Ойниса, Бухоро шаҳри

— Чиндан ҳам эрингизнинг таҳлил хулосаси уруғланиш фоизини кам кўрсатган бўлса, ҳомиладор бўлолмайсиз. Имкон қадар турмуш ўртоғингизга тушунтиринг, малакали уролог-шифокор кўригидан ўтсин. Акс ҳолда, бу муаммо ҳал бўлмайди. Уй шароитида эса фақат шифокор буюрган дори воситаларинигина қўллаш мумкин. Сиз айтгандек, бедана тухуми ёки мусича гўшти кабиларнинг фойдаси йўқ.

«Нега кислород етишмайди?»

— Ҳомилада кислород етишмаслиги бор, шунга ҳам қорнингиз қаттиқлашган, дейишди. Кун бўйи жисмоний фаолман, кам суюқлик ичаман, фойдали маҳсулотларни канда қилмайман. Нега бундай бўлади, тушунолмаяпман?

Зарина, Тошкент вилояти

— Ҳомилада кислород етишмаслиги асосан қонда гемоглобин миқдорининг камлиги билан юзага келади. Зеро гемоглобин кислород етказиб берувчи асосий воситадир. Камқонликка доир текширувдан ўтиб, гемоглобин миқдорини оширувчии препаратлар қабул қилишингиз лозим. Бундан ташқари, кислородли кўпик ҳам фойдадан холи бўлмайди.

Манба: Darakchi.uz