Ҳомиладорлик

ЭКУ - экстракорпорал уруғлантириш

Тиббиёт кундан кунга ривожланиб бораётган бир асрда яшамоқдамиз. Фарзанд кўришни истаган оилаларда, баъзида аёл ҳомиладор бўла олмайди. ЭКУ - экстракорпарал уруғлантириш бундай оилалар учун бир умид. Тиббиётда нисбатан янги услублардан бири бўлиши қарамай, бугунги кунда бепуштликка қарши фаол равишда қўлланилаётган ва самарали натижалар билан якунланаётган даволаш турига кириб улгурган. Шу сабабли, ЭКУ - экстракорпорал уруғлантириш ҳақида бироз маълумот беришни лозим кўрдик. Саволларимизга Олий тоифали шифокор Баҳодирова Шаҳноза Файзуллаевна жавоб бердилар.

- ЭКУ услуби ҳақида бироз маълумот берсангиз?

- ЭКУ - бепуштлик ҳолатларида қўлланадиган кўмакчи репродуктив услуб. Ушбу усулда дунёга келган болаларни "пробиркадан чиққан" деб аташади. Чунки экстракорпорал уруғлантиришда тухум ҳўжайра ва уруғ ҳужайрадан эмбрион ҳосил бўлишининг (ҳомиладорликнинг дастлабки кунларида одатда бачадон найчасида кечадиган ривожланиш босқичи) сунъий шароитда - яъни "пробирка"да кечади. Бу технология бепушт жуфтларга тайинланади. Бир йил мобайнида жуфтликнинг фертиллигини (бола кўришга қобиллигини) ўрганилади. Шу давр мобайнида ҳомиладорлик содир бўлмаса, бепуштлик тасдиқланади. Унинг сабаблари ўрганиб чиқилиб, асоратлари бартараф қилинади. Даволанишдан сўнг ҳам ҳомиладорлик содир бўлмаса, бошқа репродуктив услубларга мурожаат қилинади. Ҳозир тиббиётда аёл бепуштлиги, эркак бепуштлиги, аралаш бепуштлик, мижоз мос келмаслиги ва яна бошқа бепуштлик турлари борлиги аниқланган. Масалан, эркак манийсида уруғ йўқ бўлса, уруғ кичик урологик амалиёт йўли билан тухумдон тўқималаридан олинади, яъни биопсия қилинади. Унинг сифати аниқлангандан сўнг, уруғлантириш амалга оширилади.

Шунингдек:

  • Эркак манийсида уруғ фоизи 40 фоиздан кам бўлса;
  • Аёлда икки найча, яъни уруғланган тухумҳужайрани бачадонга олиб борувчи йўл ёпиқ бўлса;
  • Ўзига хос ирсий хасталиклар, миома, эндометроз, тухум - ҳужайра етилмаслиги ёки фаолияти етарли бўлмаслиги, овуляция йўқлиги каби касалликлар кузатилса;
  • Аёлда жарроҳлик амалиёти сабабли тухум ҳужайралари йўқ бўлса;

Бундай ҳолларда тухум ҳужайра донордан (донор сифатида аёлнинг синглиси, опаси ёки бошқа аёл қариндошлари бўлиши мумкин) олинади. Эмбрион аёлнинг бачадонига кўчирилади, яъни экилади ва ҳомиладорлик содир бўлиб, ўзи туғади. Ҳозирги кунда Экстракорпорал уруғлантириш кўп ҳолларда қўлланилади. Чунки, дунёда демографик муаммо юзага келган. Европа мамлакатларида жуфтлик 3-6 ой давомида ҳомиладор бўла олмаса, уларга экстракорпорал уруғлантириш таклиф қилинади. Баъзи мамлакатларда эса экстракорпорал уруғлантириш давлат ҳисобидан амалга оширилади. Мамлакатимизда экстракорпорал уруғлантириш энди ривожланиш босқичига ўтди.

- Экстракорпорал уруғлантиришга тайёрлаш қандай кечади?

- Тайёргарлик аёлнинг шахсий ташхисидан келиб чиқиб, амалга оширилади. Авваламбор, эр ва хотинни текшириб, ташхис қўйилади. Шундан сўнг, босқичма босқич даволаш муолажалари бошланади. Бунда гормонал ва яна бир қанча омиллар ҳисобга олиниб, муаммолар бўлса, бартараф қилинади. Шунингдек, аёл организмига эмбрионларни кўчириш учун ҳам замин ҳозирланади. Тухумдонлар фаолиятини янада кучайтириш (стимуляция) амалга оширилади. Одатда, аёлда бир дона тухумҳужайра етилса, бу давр (цикл)да йигирмага яқин тухум ҳужайра етиштиришга ҳаракат қилинади. Бу йигирмата тухум ҳужайра уруғлантирилади, дегани. Улардан қанча кўп эмбрионлар ҳосил бўлса, танлаш имконияти ортиб, эр хотинда болани жинсини танлаш ҳуқуқи ҳам бўлади. Бачадонга доимо иккита эмбрион жойланади. Бу ҳомиладорлик содир бўлиши эҳтимолини оширади. Баъзи ҳолларда учта эмбрион экилиши ҳам кузатилган. Ғарб мамлакатларида бачадонга тўрттагача эмбрион экилгани маълум. Бугунги кунда клиникамизда иккита эмбрион экилади. Тиббиёт марказимиз Санкт Петербургнинг таниқли "Инсон Репродукцияси маркази" билан ҳамкорликда ишлайди. Бу марказ собиқ шўро даврида биринчилардан бўлиб - ЭКУ услубини қўллаган. Шунингдек Ганновер, Миланнинг тиббиёт марказлари билан ҳам ҳамкорлик қиламиз. Ҳозирги кунга келиб, биринчи маслаҳат, тайёрлов, бепуштлик сабабини ўрганиб чиқиш, эркак ва аёлни уруғлантиришга ҳозирлаш жараёни амалга оширилади. Клиника билан тузган шартномамизга кўра, юқорида айтиб ўтилган дастурлар барчаси шу ерда ўтказилади, айнан экстракорпорал уруғлантириш эса чет элдаги клиниканинг ўзида бажарилади.

- Нима учун айнан шу марказ билан ҳамкорлик қилишимизнинг сабаби, марказ нафақат бўлажак боланинг жинсини танлаш ҳуқуқини, балки бўлажак болада учраши мумкин бўлган ирсий касалликларни аниқлаш имконини ҳам беради. Масалан, баъзи оилаларда ногирон бола туғилади ва оила иккинчи фарзандда ҳам бу нуқсон такрорланишидан қўрқиши мумкин. Бундай ҳолда, эмбрион 12 хромосома нуқсонларига (ирсий) таҳлил қилинади ва кейин фақат соғлом эмбрионлар бачадонга олиб ўтилади. Олдинги пайтда жуфтлик муолажани яқин ёки узоқ чет эл мамлакатларида олгани боис, даволаниш даври 90 кун чўзилган, ҳозирги кунга келиб бу вақт 14-17 кунга камайган.

-  Тажрибангиздаги ижобий натижалар ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз?

- Агар эркак манийсида ўзгариш бўлса, буни даволаш амримаҳоллиги ҳозирги кунда маълум. Шундай ҳолатлар бўладики, эркак узоқ муддат даволанади, аммо натижа бўлмайди. Дорилар эса танага ва айниқса жигарга зарар етказиб боради. Шу сабабли, агар бундай муаммолар кузатилса, ЭКУ дастурига мурожаат қилиш тўғрироқ бўлади. Ижобий кўрсатгичларимиз кўп. Айниқса, аёлдаги найчалар ёпиқ бўлганда, эр ва хотиннинг мижози бир бирига мос келмаган ҳолатларда самарали кўрсатгичлар юқори. Айнан бачадон билан боғлиқ муаммоларда эса аёлнинг ташхисидан келиб чиққан ҳолда, уни ҳомиладорликка тўғри ҳозирлаб бориш жуда ҳам муҳим. Бунинг учун бачадонни ҳомилани кўтариш учун ҳозир бўлгунга қадар тайёрлаб борилади.

- ЭКУ дастури ижобий якунланмаса, яъни аёл ҳомиладор бўла олмаса, қанча вақтдан сўнг дастурни такрорлаш мумкин?

- Ўрганиб чиқилган тадқиқотларга биноан, ЭКУ ни 3 ойдан сўнг такрорлаш мумкин. Бироқ, бу бачадоннинг умумий ҳолатига қараб белгиланади. Худди шундай, аёлнинг руҳий ҳолатини ва истагини ҳам эътиборга оламиз. Аммо бу муддат ичида аёл албатта ўз шифокори назоратида бўлиши керак. Чунки бола тушиб қолишига сабаб бўлган касалликнинг асоратлари илдиз отиб кетишига йўл қўймаслик лозим. Эмбрион аёл қорнида ривожланмаган ҳолатда эса бошқача йўл тутилади. - Иккинчи марта ЭКУ дастурини такрорлашни истаган аёл, яна тухумҳўжайра топшириши керакми?

- Марказимизда уруғлантирилган эмбрионларни сақлаб қўйиш (креоконсервация) дастури ҳам амалга оширилади. Беморларимиз билан шартнома тузилади, бу шартнома асосида эмбрионларни 5 йил давомида сақлаб, яъни музлатиб қўйилади. Ва аёл яна ҳомиладор бўлишни истаганда эрининг рухсати билан тайёр эмбрионлар олиниб, бачадонга экилади. Аёлдан яна тухум ҳўжайра, эркакдан эса уруғ ҳужайра олишга ҳожат қолмайди. Эмбрионлар махсус тарзда эритилиб, бачадонга экилади. ҳали тўла тасдиқланмаган маълумотларга кўра, бу услубдаги эмбрионлар бачадонда ривожланиб кетиш кўрсаткичи юқори. Жинсий ҳўжайраларни (тухумҳўжайралар ва уруғ ҳужайралар)ни музлатиб қўйиш кимё ва нур терапиясини бошидан кечирган беморлар учун ҳам келажакда ўз фарзандларига эга бўлиш учун имкониятдир.

-  Аёл ўзини ЭКУ дастурига қандай ҳозирлаши керак? Аёлнинг руҳий ҳолати дастурнинг ижобий якунига таъсир қиладими?

-  Биз беморларимизни ҳар доим ҳар томонлама тайёрлаб борамиз. Худди шундай ижобий якун билан биргаликда салбий ҳолатлар бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам маълум қиламиз. Албатта аёл ҳам, шифокорлар ҳам ижобий натижани исташади, аммо аксинча бўлиши мумкинлигини ҳам эътибордан четда қолдиришмайди. Юз фоиз ижобий якун бўлади, дейишнинг ўзи нотўғри, аммо шифокор қўлидан келганича, яхши натижа учун жон жаҳди билан ҳаракат қилади. Ўзбекистонда ҳам бу дастур ўз ривожини топишига умид қиламиз. Дастурнинг барча ҳуқуқий жиҳатлари ўрганиб чиқилиб, керакли қонунлар қабул қилинса, бундан ҳам яхши бўлади. Қимматли суҳбатингиз учун ташаккур!..

Мадина ЗАРИФ суҳбатлашди