Саломатлик

Жазирамада қон босими ўйин кўрсатса...

Ҳаво ҳарорати кескин кўтарилган бир паллада шифокорлар иложи борича кўчада юрмасликни тавсия қилишади. Иқлимнинг исиши, айниқса, қон босими юқори бўлганлар учун хавфлидир. Буни қарангки, гипотониклар — табиатан қон босими паст юрадиган одамлар ҳам бу даврда ўзларини беҳузур сезишлари мумкин. Хўш, кутилмаган вазиятларнинг олдини олиш учун нималарни билишимиз керак? Бу ҳақида терапевт Нигора АҲМЕДОВА маслаҳат беради.

ГИПЕРТОНИЯ ХУРУЖ ҚИЛГАНИДА

Ёзнинг жазирама кунларида бу ҳолат кўпчилик учун янгилик эмас. Аввало, шу кунларда ҳаракатни бироз камайтириш ва иложи борича ташқарига камроқ чиқиш керак.

1.Шифокор билан маслаҳатлашиб, доимий ичадиган дориларингиз қабулини давом эттиринг.

2.Кун давомида илиқ сув ичинг, овқат-салатларга умуман туз солманг. Овқат таъмини шивит, кашнич, лимон ва долчин билан тўғрилаш мумкин. Шу тадбирнинг ўзиёқ қон босимини 2-3 даражага туширишга қодир.

3.Аҳволингиз ёмонлашаётганини сезишингиз билан бошингизни баландроқ қилиб ётинг. Ўзингизни бўш қўйиб, ўпка билан чуқур (тўлиқ) нафас олинг-да, нафасни узоқроқ чиқаринг. Шу оддий ҳаракатнинг ўзи қон босимини меъёрига келтиради.

4.Бошингиз оғриб, кўз остингиз қоронғилашаётган, қулоқларингиз шанғиллаб қон босимингиз кўтарилаётганини сезсангиз, юзингизни муздек сувда ювинг, сочиқни сувда хўллаб, томоқ олдига, киндик соҳасига 1 дақиқа қўйиб туринг. Тоғорачага муздек сув қуйиб, ичида 5 дақиқа тез-тез юринг, дарров ўзингизга келасиз.

5.Эрталабдан ҳолатингиз ёмонлигини сезсангиз, газсиз минерал сувга бир ош қошиқ асал, 3 томчи лимон ширасидан аралаштириб, ичинг.

6.Кўпроқ одамлар билан мулоқотда бўлинг. Маълум бўлишича, кекса ёшдагилар тенгқурлари билан кўпроқ суҳбатда бўлса, қон босими тез меъёрига келаркан.

Аччиқ қора шоколад енг, у юракни қувватлаб, қон томирларни кенгайтиради ва қон босимини пасайтиришга қодир.

ГИПОТОНИЯНИНГ ҲАМ ЭҲТИЁТИНИ ҚИЛАМИЗ!

Агар сизда остеохондроз, камқонлик, аритмия, ошқозон яраси ёки гастрит касаллиги кузатилса, қон босимининг пасайишидан ҳеч ҳайрон бўлманг. Баъзан уйқусизлик ва зўриқиш оқибатида ҳам қон босими кескин пасайиб кетиши мумкин. Гипотоник одам бошқаларга қараганда 2-3 соат кўпроқ ухлаши керак. Ҳавоси дим, иссиқ хонада ўтирмаслиги, жазирама офтоб остида имкон қадар бўлмаслиги зарур. Агар сизда эрталабдан бошнинг айланиши, беҳузурлик, қўл-оёқнинг шалвираб ҳолсизланиши кузатилса, текширилганда қон босими ҳақиқатан ҳам 100/60 даражадан пасайгани аниқланса, қуйдаги чораларни кўриш керак:

1.Агар беҳоллик эрталабдан қийнаётган бўлса, дорихонадан одамгиёҳ (женьшень) тиндирмасини келтиринг. Ярим пиёла қайнатилган илиқ сувга 20 томчи тиндирмадан томизиб, ичилса, беҳолликдан асар қолмайди, кунбўйи тетик юрасиз.

2.Бўшашаётганингизни сезган заҳоти иссиқ сувда 3 дақиқа, илиқ сувда 1 дақиқа душ қабул қилинг, дарров ўзингизга келасиз.

3.Қон босими пасайганда нуқтали массаж ҳам ёрдам беради. Бунинг учун бош ва кўрсаткич бармоқ ўртасидаги чуқурчани, бошнинг чакка қисмини, қулоқ супрасини, қош-қовоқ ўртасини ва товоннинг ўртасидаги нуқтани яхшилаб уқаланг.

4.Гипотонияси паст одам эрталаб, албатта, 5 дақиқа давомида бадантарбия қилиши, эрталаб соат 11гача ёки соат 18дан кейин велосипед учиши, ишга ёки ишдан кейин ярим соат пиёда юриши, сузиш ёки фитнес билан шуғулланиши керак.

5.Тетикланаман деб қаҳва ичишга муккасидан кетманг, у бора-бора таъсир қилмай қўяди ва энг ёмони, асабларни қўзғайди.

6.Гиёҳлардан – момоқаймоқ, маврак, зираворлардан–аччиқ қалампир, долчин, саримсоқпиёз, райҳон, жағ-жағ ўти, мевалардан анор, қулупнай, цитруслилар билан дўстлашинг, кайфиятингиз чоғ, бақувват юришингиз таъминланади.

7.Қон босимингиз тушаётганини сезишингиз заҳоти қалампирмунчоқ шодасини ҳидланг ёки бир бўлак пишлоқ енг, аҳволингиз яхшиланади.

8.Дармонсизлик кечга яқин қийнаётган бўлса, 2 дона бедана тухумини сувда пишириб сариёғли нон билан еган дуруст.

9.Беҳолмисиз? Бурун остидаги лаб ўртасини бир дақиқа босиб туринг.

10.Бир дона аскорбинка таблеткаси ёки бир ҳовуч қора майиз ва ёнғоқ мағзи дарров ўзингизга келтиради.

11.Шундай ётинг-ки, оёқлар бошдан юқорироқ бўлсин. 10 дақиқа шу ҳолатда ётсангиз, қон босимингиз кўтарилади.

Манба: Darakchi.uz