Рекламалардаги гўзалларни кўриб, киприкларига ҳавасингиз келдими? Ёки узун ва қалин киприк соҳибалари қаторида эмаслигингиздан хафамисиз? Кўнглингизни чўктирманг. Бугун кундалик ва оқшом учун киприк ёпиштириш усулларини ўрганамиз.
Кундалик макияж учун
Бундай сунъий киприклар турли хил узунликда бўлиши мумкин. Уларни қовоққа ёпиштириш учун бирор қулай идишга бир неча томчи елимни сиқиб, киприкни унга тегизинг-да, қовоқнинг ташқи бурчагидан бошлаб ёпиштиринг. Ёдингизда бўлсин, улама киприкнинг узунлиги қовоқнинг марказига келганда табиий киприкларингиздан фарқ қилмаса, худди аслидек кўринади. Қовоқнинг ички бурчагига эса кўп миқдорда ёпиштирмаганингиз маъқул. Одатда улама киприклар билан бирга уни ёпиштириш учун махсус елим ҳам сотилади. Бироқ унинг сифати кўп ҳолларда талабга жавоб бермагани боис, мутахассислар алоҳида елим сотиб олишни тавсия этишади. Іа, яна бир муҳим маълумот, киприкларни кўзингизни очган ҳолда ёпиштиринг. Тутамларни табиий киприкларингиз қаторига жойлаштира олсангиз, жозибали чиқади. Тутамлар орасидаги масофа эса 2-3 миллиметр бўлсин.
Доналиси қанақа?
Жуда калта киприк соҳибаларига айнан донали туридан фойдаланиш тавсия этилади. Уларни маҳорат билан ёпиштирсангиз, табиийсидан деярли фарқланмайди. Демак ҳар бир толани елимга ботириб, қовоқнинг ташқи бурчагидан марказга қараб ёпиштириш лозим. Бундай сунъий киприклар айниқса бодомқовоқ санамларга қўл келади. Қовоқнинг четига киприкларнинг узунроғини танласангиз, нур устига аъло нур. Баъзида ёпиштирилган киприклар турли томонларга қараб қолади. Агар биринчи уринишларингизда шундай омадсизликка учрасангиз, асло кайфиятингизни тушурманг. Киприкни қайириб, шакл берувчи махсус мослама билан муаммо осон ҳал этилади.
Оқшом тадбирларига – тасмалиси
Балки эркаклар киприкларингиз улама эканлигини сезмасликлари мумкин, аммо аёллар буни дарҳол пайқашади. Шу сабабдан тасмали киприклардан ҳар куни эмас, байрам ва тадбирлардагина фойдаланганингиз маъқул. Тасмалиларини ёпиштириш юқоридаги икки турга қараганда осон ва қулай. Фақат уларни ёпиштиришдан аввал кўзингиз ўлчамига мос қилиб кесиб олишингиз лозим. Шундан кейин елимни киприкка 1-2 миллиметр оралиқда томчилаб текказиш керак. 10 сония кутиб, кўзларни очган ҳолда қовоққа ёпиштиринг. Тасмали киприклар кўзни каттароқ кўрсатиш хусусиятига эга. Шунинг учун кичик кўз соҳибаларига қўл келади.
Узоқ муддатлиси ҳам бор!
Агар ҳар куни киприк ёпиштиришдан чарчаган бўлсангиз, гўзаллик салонларида 2-3 ойгача турадиган киприкларни улатишингиз мумкин. Ўртача нархи: 80 000 дан 100 000 сўмгача
Кейин муаммо бўлмайдими?
Кун якунида ҳудди макияжни тозалаганингиз каби сунъий киприкларни ҳам олиб қўйишингизга тўғри келади. Бунинг учун пахтали дискни намлаб бир неча сонияга киприк устига қўйинг. Елими бироз юмшагач, эҳтиёткорлик билан оласиз. Қовоқдаги елим қолдиқларидан халос бўлиш ёддан чиқмасин.
Таъқиқлар...
- Гарчи мутахассилар киприк улашга мўлжалланган елим бутунлай безарар эканлигини таъкидлашса-да, базида аллергияга сабаб бўлиши мумкинлигини ҳам эътибордан четда қолдирманг.
- Кўзнинг шиллиқ пардаси шамоллаганда ёки кўз хасталикларига чалинган бўлсангиз, ушбу гўзаллик муолажасини соғайгунингизга қадар ортга суриб туришингизга тўғри келади.
Мафтуна тайёрлади.
Манба: Darakchi.uz