Сўнгги уч ой давомида теридаги доғлар, сепкил ва ажинлар ҳақидаги мурожаатлар йиғилиб қолди. Афсуски, уларга жавоб беришнинг имкони бўлмади. Чунки қуёшнинг оташ нурлари қўлларимизни “боғлаб” қўйганди-да. Ультрабинафша нурлари бироз чекинган олтин фаслнинг илк кунлариданоқ кузги косметологик муолажалар тўғрисида маълумот беришга шошилдик. Фойдаланишингиз учун қулай бўлишини ўйлаб, тажрибали косметолог Маҳбуба МАМАНОВА билан биргаликда махсус тақвим туздик.
1-15 СЕНТЯБРЬ — ТЕРИНИ ТОЗАЛАНГ
Маълумингизким, тери билан боғлиқ ҳар бир амалиёт тозалашдан бошланади. Кераксиз хужайралардан ҳоли, тоза теригагина ниқоблару, кремлар яхши сингади. Шунинг учун биринчи бекатни «тозалаш» деб номладик. Бу амалиётнинг ҳам бир неч хил: оддий (теридаги тиқинлар қўл билан сиқиб ташланадиган), механик, вакуумли, ультратовушли ва лазерли турлари мавжуд. Келинг, бугун амалиётнинг механик турига тўҳталамиз.
Кўрсатмалар: ёғли ва аралаш турдаги терига, шунингдек ҳуснбузарларда тавсия этилади.
Муолажа қандай кечади? Аввал юзга таркибида антисептик компонентлар бўлган восита суртилади. Бироз қуригач, 3 фоизли водород пероксиди билан артилади ва махсус найсимон ўртаси тешик “қошиқча” билан теридаги ёғлар сиқиб ташланади. Якунида терини дизинфекция қилувчи ва катакларни торайтирувчи махсус ниқоб суртилади.
Қарши кўрсатмалари: яллиғланишлар, яралар, аллергия.
Давомийлиги: ҳар 6 ойда бир марта ўтказиш мумкин.
15-30 СЕНТЯБРЬ — ТЕРИНИ ЮМШАТИНГ
Эндиги вазифамиз иссиқ ҳарорат туфайли дағаллашган терини юмшатиб, кузги об-ҳаво инжиқликларига тайёрлаш. Бунинг учун гўзаллик салонлари гидродермия муолажасини таклиф этмоқда.
Кўрсатмалар: қуриб бораётган, кўз атрофида қопчалар пайдо бўла бошлаган, мушаклар тонусини йўқотган, ёғли юз териси учун тавсия этилади.
Муолажа қандай кечади? Аввал енгил пилинг ёрдамида тери тозаланади. Сўнг косметолог томонидан танланган гель махсус аппарат таъсирида уқаловчи ҳаракатлар билан терига сингдирилади. Тери ҳудди гель таркибидаги фойдали моддаларни сингдириб олади. Иккинчи босқичда эса ўзгарувчи ток билан уқаланади. Шунда фойдали моддалар яхшироқ сингади-да.
Муолажа 10 сеансдан иборат бўлиб, ҳафтада 1-3 марта ўтказиш мумкин.
Қарши кўрсатмалари: герпес, тери яллиғланиши, аллергия.
1 – 15 ОКТЯБРЬ — ГЎЗАЛЛИК ИГНАЛАРИ ХИЗМАТИНГИЗДА
Оҳ, бу игнали муолажалар. Билсангиз уларнинг ҳам 10 дан ортиқ турлари бор. Филлер — юз контурини ўзгартиради, ботокс — майда ажинларга қарши курашади, мезотерапия — терини витамин ва минераллар билан озиқлантиради, биоревитация — коллаген ишлаб чиқарилишини жадаллаштириб, терини таранглаштиради, пигмент доғлар, тошмалар ва ажинларни бартараф этади.
Амалиёт қандай кечади? Барча игнали муолажалардан аввал юз тозаланиб, оғриқни камайтирувчи восита билан ишлов берилади.
Мезотерапия — бутун юз бўйлаб оз-оздан инъекция юборилади. Уколллар якунлангач, махсус зардоб суртилади. Мезотерапия сеанси 6-10 мартадан иборат бўлиб, ҳафтасига 1 бор қўллаш мумкин.
Ботокс — препарат ажинларни келтириб чиқарувчи мушакларга юборилади. Йилига 2 марта бажариш мумкин.
Филлерлар — бу ҳам ажинларга қарши курашувчи укол бўлиб, чизиқ тушган тери остини гелли масса билан тўлдириш ҳисобига ажинларни сездирмайди. Таъсири 4-6 ой давомида сақланиб қолади.
Биоревитация — гиалурон кислотаси ва витаминли коктейль тери остига игна ёрдамида юборилади. Ҳафтасига 1-2 мартадан 4 сеанс амалга оширилиши лозим.
16-31 ОКТЯБРЬ — ПИЛИНГЛАР САЛТАНАТИГА ХУШ КЕЛИБСИЗ!
Кузнинг энг асосий косметологик муолажаси пиллинг учун октябрнинг иккинчи ярми айни муддао. У офтоб таъсирида қуриб, дағаллашган терининг маълум қатламидан халос қилиб, юзингизга янада соғлом кўриниш бахш этади. Турли доғлар ва сепкилларни ҳам кетказиш хусусиятига эга. Ҳозирги кунда мутахассислар пилингнинг механик, лазерли ва кимёвий турларини таклиф этишмоқда.
Муолажа қандай кечади?
Кимёвий пилинг — 3 хил: юзаки, ўрта ва чуқур бўлиши мумкин. Қай бирини танлашни муаммонинг турига қараб мутахассис белгилайди. Демак кимёвий моддалардан бирини юзга суртиб, терининг юқори қавати куйдирилади. Таҳминан етти кун давомида куйган тери тўкилиб, остидаги янги ва чиройли тери намоён бўла бошлайди.
Механик пилинг — упани эслатувчи махсус кукун юзга чангюткичга ўхшаш аппарат ёрдамида сепилади ва шу оннинг ўзидаёқ босим остида йиғиб олинади. Кукун билан бирга теридаги хизматини ўтаб бўлган ҳужайралар ҳам чиқиб келади.
Лазерли пилинг — лазер нурлари ёрдамида юз териси тозалаб чиқилади. Одатда теридаги муаммони бошқа косметологик муолажалар бартараф этишга қодир бўлмай қолган ҳоллардагина тавсия этилади.
1-15 НОЯБРЬ — АЖИНЛАРДАН ХАЛОС БЎЛАМИЗ
Ажинлардан халос бўлишнинг ҳам бир қанча синалга усуллари мавжуд.
Озон терапияси — терини ёшартиришнинг бу усулида кислород ва озон газлари қоришмаси тери остига юборилади. Олимларнинг таъкидлашича, озон гази кучли оксидловчи модда бўлиб, унинг таъсирида ҳужайралар жадалроқ ажрала бошлайди. Шунингдек терига кислород яхши етиб бориши ҳисобига ёшаради.
Муолажани 8-10 марта, ҳафтада 1-2 бор амалга ошириш мумкин.
Фототерапия — ажин тушган тери соҳасига гель суртилиб махсус аппарат ёрдамида ишлов берилади. Турли узунликдаги нурлар чуқур қатламларга таъсир ўтказиб, каллоген ишлаб чиқарилишини яхшилайди ва терининг эластиклигини оширади. Натижани эса олти ойдан кейин кўришингиз мумкин. Амалиёт ҳафтасига 1 мартадан, 4-6 бор ўтказилиши мумкин.
Термаж — бу ҳам аппаратли косметология турига мансуб муолажалардан бири бўлиб, радиотўлқинлар таъсирида тўқималар қизийди ва юзнинг эластиклиги учун жавобгар коллаген тўқималари тортилиб, зичлашади. Натижа ярим йилдан кейин намоён бўла бошлайди.
15-30 НОЯБРЬ — ЛАЗЕРЛИ САЙҚАЛЛАШ (ШЛИФОВКА)
Асосан чандиқ ва чоклардан халос бўлиш учун тавсия этилади. Шунингдек, хуснбузарлардан қолган изларни, нотекисликларни ва турли доғларни кетказади. Уни жарроҳлик амалиёти ўтказилган инсонларга ҳам тавсия этиш мумкин.
Муолажа қандай амалга оширилади? Юз тозалангач махсус крем суртиб, юз плёнка билан қопланади. Сўнг лазер нурлари билан юзга ишлов берилади. Сайқаллашдан кейин 7 кун давомида уйдан чиқмаслик тавсия этилади. Чунки лазер нури таъсирида тери куйиб, қизаради, яралар ҳосил бўлади ва амалиётдан сўнг мунтазам равишда махсус кремлардан фойдалниш лозим. Маълум вақтдан сўнг тери плёнкага ўхшаб шилина бошлайди ва остидан янги тери чиқади.
Манба: Darakchi.uz