Кутилмаганда, кескин, оғриқли, ёқимсиз ва хавфли! Оёқ томирининг тортишишини айнан шундай изоҳлаш мумкин. Безовталик кундузи ва кўп ҳолларда тунда юз бериб, ички касалликлар ҳамда ташқи омиллар сабаб келиб чиқувчи психологик ўзгаришлар асорати ҳисобланади. Томир тортишиши, ҳатто, кичик ёшдаги болалар орасида учраши ҳам мумкин. Гарчи кам фоизни ташкил этса-да, муаммони инкор этолмаймиз. Бироқ бугун болалардаги томир тортишиши ҳақида сўзламоқчи эмасмиз, диққат марказимизда катталардаги кўриниши!
Мутахассис — Нодира ҲАМРОЕВА, олий тоифали шифокор-терапевт.
Дармондорилар етишмаётганидан дарак эмасми?
Яқиндагина тиббий текширувлардан ўтган бўлишингизга қарамай, томир торшиши сизга ҳам хавф солиши мумкин. Муаммонинг бу тариқа юзага келиши мушаклар зўриқиши сабабдир. Шунингдек, организмда минерал моддалар, калий, кальций, магний, Е, D, А ва В гуруҳи витаминлари танқислиги мавжудлиги боис ҳам оёқ томирларида спазм пайдо бўлади.
Томир тортишиши бир ёки бир қанча мушаклар зўриқиши билан кечади. Шуниси қизиқки, безовталик нафақат оёқнинг болдир соҳасида, балки қорин ва қўл мушакларида ҳам учраши мумкин. Мутахассислар, томир тортишишини асаб зўриқиши, камҳаракатлилик, мунтазам ўтириб ишлаш, узоқ муддат тик оёқда туриш ёки сувда сузиш, организмнинг сувсизланиши ва турли хил касалликлар билан боғлашади.
Инфекцияларнинг ҳам таъсири бор!
Томир тортишишининг икки хил кўриниши фарқланади. Биринчиси, кескин ва қисқа фурсат давом этиб, тиббиётда клоник томир тортишиши дейилади. Иккинчиси эса бунинг акси, безовталик дабдурустдан бошланса-да, спазм бир неча дақиқаларга чўзилиши мумкин. Шифокорлар бу ҳолатни томир тортишишининг тоник тури, дея таснифлайдилар.
Ҳар иккала ҳолатнинг келиб чиқиши, инфекцион касалликлар, маҳсулотлар (дори воситалари)дан заҳарланиш, бош мия жароҳатлари, невроз, моддалар алмашинувининг бузилиши, юрак ва қон хасталикларига боғлиқ. Агар безовталик тез-тез қайталанса ва оёқ мушакларига асорат берса, албатта, шифокорга мурожаат этинг.
Иссиқ мавсумда тер ажралишининг ортиши туфайли организм сувсизланади. Қувватсизлик умумий чарчоқни пайдо қилса, тана оғирлиги оёқ мушакларига юк бўлиши мумкин. Англаганингиздек, бу томирларда спазмни келтириб чиқаради. Гипертония муолажасида қўлланиладиган пешоб ажралишини фаоллаштирувчи препаратлар эса муҳим микроэлементларнинг организмдан чиқиб кетишига олиб келади. Натижада томир қисқариши ва нерв импульси мароми бузилади. «Томир тортишадими кейин» дерсиз? Ҳа, худди шундай бўлади.
Иситмангиз йўқми?
Аҳамият берган бўлсангиз, тана ҳарорати кўтарилганида оёқ-қўлларда енгил титроқ юзага келади. Термометр кўрсаткичлари +39...+40С даражага етганида эса оёқ ва қўл томирларида тортишиш келиб чиқиши мумкин. Бунга касаллик қўзғатувчи микробларнинг «қўли баланд» келгани сабаб ҳисобланади. Негаки, иситма туширувчи препарат қабул қилингач, мушаклар аста бўшашади.
Асабийлашманг, зарари бор-а...
Бирор воқеа-ҳодисадан қаттиқ таъсирландингиз, майлига у ҳайратланиш, қувониш ёхуд ваҳима бўлсин, қонда адреналин миқдорининг ортиши нафас олиш маромининг тезлашишига олиб келади. Организмга кислород келиб тушиши ўзгаргач, карбонат ангидрид даражаси ҳам пасаяди ва оёқ томирида спазм келиб чиқади.
Маймоқлик ҳам сабаб
Оёқ кафти деформацияси болдир ва товон суягини бирлаштириб турувчи бўғинда қийшиқликни пайдо қилади. Шунга мос тарзда пойабзал шакли ҳам ўзгаради. Кун давомида ана шу ҳолатда бўлиш болдир мушакларига зўриқиш бериши мумкин. Тиббиётда мазкур ҳодиса маймоқлик асоратида келиб чиқувчи томир тортишиши деб юритилса-да, муаммонинг чораси бор! Ҳар замон оёққа дам бериб, ортопедик пойабзалдан фойдаланиш зарур. Қон томирлар мустаҳкамлиги учун мўлжалланган гимнастика ҳам фойдадан ҳоли эмас.
Бавосилдан эҳтиёт бўлинг!
Агар сизни қабзият, йўғон ичакда ташқи ва ички ёриқлар, бавосил тугунлари безовта қилса, дарҳол чорасини кўринг. Нега деганда айнан ичаклар билан боғлиқ муаммолар оёқ томирларига асорат беради. Ич қотиши келиб чиққанида йўғон ичакни бўшатиш учун кучанасиз. Қориннинг пастки соҳасига босим берилса-да, унинг маълум қисми оёқ қон томирларини шикастлайди. Томир тортишиши, қабзият, тана қисмларида кўкариш аломатлари билан кузатилса, таомномада қовоқ уруғи, ёнғоқлар, соя, ясмиқ дони, помидор, булғор қалампири, лимон, қорағат, мол жигари, кўкатлар, карам, барра мева–сабзавотлар бўлишига аҳамият беринг.
Барча мушаклар бараварига зўриқса...
Ниҳоятда хавфли ҳолат! Бунда танадаги барча мушаклар бир вақтнинг ўзида тортишиб, ҳушидан кетиш ҳолатини келтириб чиқаради. Ўз вақтида биринчи ёрдам кўрсатилмаса, оқибати фожеали якун топиши ҳам ҳеч гап эмас.
Тунингиз осуда ўтиши учун...
Уйқу маҳал оёқ томирининг тортишиши жиддий безовталикни келтириб чиқариши рост. Ҳатто бир маротаба ушбу ҳолат билан рўбарў келган бўлсангиз-да, ухлашга ётишдан олдин қуйидаги маслаҳатларни ёдга олинг:
- болдир мушакларини бўшаштириш учун оёқларингизни кичик курси устига қўйиб, 10–15 дақиқа тин олинг;
- тик турган ҳолатда оёқларингизни бирлаштиринг. Қўллар белда. Аввал ҳар иккала оёқ учи ва товон қисмини юқорига кўтариб-туширинг. Сўнг машқ ҳар бир оёқда алоҳида тартибда бажарилади.
- Оёққа қиздирувчи таъсирга эга суртма суртиб, уқаланг;
- томир устига аста игна санчиб қўйинг;
- Тўғри таомланинг. Мева-сабзавотлар, денгиз маҳсулотлари, сариёғни канда қилманг;
- зарарли одатлардан воз кечинг. Тамаки чекиш қон томирларни қаритади!
- жисмоний машқларни канда қилманг. Ҳар куни эрталаб енгил бадантарбия билан шуғулланиш қон айланишини яхшилайди, биласиз-а?
- узоқ давом этган иш кунидан сўнг оёқларингизни денгиз тузи қўшилган ванна билан сийланг;
- қулай пойабзалдан фойдаланинг;
- варикоз билан хасталанган бўлсангиз, махсус пайпоқлар ёки эластик бинт ёрдамида оёқларга дам беришни унутманг.
Биринчи ёрдам!
Баъзилар оёқ томирида спазм юзага келаётганини олдиндан ҳис эта билишади. Сиз ҳам улар сафида бўлсангиз, оғриқ қўзғалаётганини сезган заҳотингиз оёқ мушакларини бўшаштиринг. Шунда ҳам томир торшиши келиб чиқса, ўтирган ҳолатда оёқ учини ўзингизга қаратиб, 2–3 дақиқа ушлаб туринг. Безовталик ўтиб кетмадими? Ўрнингиздан туринг-да, аста ҳаракатланинг. Иложи бўлса оёқяланг, пол устида юринг. Ҳали ҳам оғрияптими? У ҳолда кескин чораларга ўтамиз!
Безовталик ўтиб кетгач, 5–8 дақиқа оёқларни юқорига кўтариб ётинг. Бу оёқда қон айланишини яхшилайди ва такрорий спазм келиб чиқиш хавфининг олди олинади.
Муолажа қилинадими?
Аввалига терапевт шифокор кўригидан ўтинг. Шикоятларингиздан келиб чиқиб, эндокринолог, кардиолог, нефролог ва невролог мутахассислар кўриги тавсия этилади. Безовталик сабаби соматик патологиялар билан боғлиқ бўлса, тўғри танланган даво чоралари тез фурсатда муаммодан фориғ этади. Мабодо томир тортишиши жиддий хасталиклар белгиси сифатида аниқланса, ташхисдан келиб чиққан ҳолда муолажа қилинади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам.
Манба: Darakchi.uz