Маданият

"Озмоқчиман. Липосакция ёрдам берадими?"

Гўзал чеҳра ва алифдек қомат соҳибаси бўлишни ким ҳам истамайди, дейсиз. Бироқ атрофимизда қадди-қоматидан қониқмайдиган санамлар талайгина. Иш шу даражага бориб етадики, бу таваккалчи хонимлар жарроҳлик муолажаларига ҳеч иккиланмай мурожаат қилишмоқда. Липосакция жарроҳлик амалиётининг тобора оммалашиб бораётгани эса фикримизнинг яққол исботи. Хўш, бу муолажа қанчалик самарали? Кимларга мумкин-у, кимларга тавсия этилмайди? Саволларимизга тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали пластик жарроҳ Ҳамидулла АСАДОВ жавоб беради.

Турлари ва нархи билан танишинг

Липосакция — қоматни коррекция қилишга қаратилган жарроҳлик операцияси бўлиб, содда тил билан айтганда, мижозни безовта қилаётган тананинг маълум қисмидаги ортиқча ёғ қатламини олиб ташлаш усули дегани. Амалиётнинг анъанавий, тумесцент, ультратовушли, радиотўлқинли, лазерли, вибрацион усуллари тиббиётда кенг тарқалган. Бугунги кунда эса кўпчилик шифокорлар айнан тумесцент липосакцияда тўхталишмоқда. Муолажа давомида тери остига махсус аралашма юборилиб, эмулсия кўринишига келган ёғ вакуум ёрдамида сўриб олинади. Ёғ қатлами юпқа бўлганида эса лазерли турини қўллаш тавсия этилади. Умуман олганда, жарроҳликнинг турини мижознинг хоҳиши, саломатлиги ва қоматидан келиб чиққан ҳолда шифокор танлагани афзал. Нархлари ҳам қанча миқдордаги ёғдан қутулишни исташингизга кўра белгиланади. Ўртача бир бор жарроҳлик столига ётиб 400 000 дан 2 500 000 сўмгача пул харжлашингиз мумкин.

Қайси соҳаларга қўлланилади?

Агар бақбақа, бўйин, ёноқлар, курак ости соҳаси, бел, ички ва ташқи бўкса, болдир, елка ва қориндаги ёғлардан азият чекаётган бўлсангиз, липосакция айнан шу соҳаларни коррекция қилишига диққатингизни қаратамиз.

Ёшнинг аҳамияти борми?

Бу жарроҳлик тури соғлом инсонларда 18 ёшдан 55–60 ёшгача амалга оширилиши мумкин. Операциядан олдин керакли барча қон таҳлиллари топширилиб, шифокор кўригидан ўтиш шарт.

Қарши кўрсатмалари бор!

Агар мижозни томирларнинг варикоз кенгайиши, тромбофлебит, ички аъзолар касалликлари, қандли диабет, онкологок хасталиклар, қон ивиши билан боғлиқ муаммолар, инфекцион касалликлар, гипертония ва юрак-қон томир касалликлари безовта қилса, липосакция амалиётини ўтказиш мумкин эмас. Шунингдек, жарроҳлик умумий наркоз остида бажарилишини ҳам инобатга олиб қўйинг.

Операциядан кейин...

Тикланиш жараёни ҳар кимда турлича кечади. Баъзи инсонлар 2 кундан кейин ишга чиқиб кетсалар, бошқаларга 8–10 кун талаб этилади. Реабилитация даври даволовчи шифокор кўрсатмалари асосида ўтиши шарт.

«Қайтадан ёғ тўпланса-чи?»

Тиғ остига ётишдан аввал ҳар бир инсонни натижанинг барқарорлиги қизиқтириши табиий. Жарроҳлик муваффақиятли ўтган тақдирда, соғлом турмуш тарзига амал қилинса, липосакциянинг таъсири жуда узоқ муддат сақланиб қолади. Чунки 25 ёшдан кейин ёғ ҳужайралари бўлиниб кўпайишдан тўхтайди. Бироқ нотўғри овқатланиш ва кам ҳаракатли турмуш тарзидан воз кечмасангиз, ёғ ҳужайралари энига ўсиши мумкин. Операция давомида олиб ташланган ёғ қатлами эса қайта тикланмайди.

Липосакция – озиш усули эмас!

Липосакция ёрдамида ортиқча ёғ қатламидан фориғ бўлиб, қоматни расо кўринишга келтириш мумкин. Бироқ танадаги ёғ жуда кўп бўлса, бу усул самара бермайди. Одатда шифокорлар бир мартада 200 мл.гача ёғни олиб ташлашни тавсия этишади. Лекин замонавий тиббиёт 1.5–5 литргача ёғдан халос бўлиш имконини беради. Аммо билиб қўйинг, ёғ қатлами (айниқса, қорин атрофида йиғиладиган тури) маълум гормонларни ишлаб чиқаришда иштирок этади. Улардан бирданига фориғ бўлиш эса нафақат терининг осилиб қолишига, балки саломатлигингизга ҳам зиён етказиши мумкин! Ортиқча вазн муаммосидан эса фақат соғлом турмуш тарзига риоя қилиган тақдирингиздагина халос бўласиз.

Манба: Darakchi.uz