Саломатлик

Планка машқини бажариб, озамиз

Май охирида 57 ёшли АҚШлик Жорж Худ планкада 5 соат туриб, дунё рекордини ўрнатди. Бир қарашда бу оддий машқ бўлиб кўриниши мумкин, лекин унинг қийинлигига машқни бажариб кўриб амин бўлишингиз мумкин.

Мутахассислар таъкидлашича, планка ҳаракатсиз, турғун ҳолатдаги машқ бўлиб, уни бажариш чоғида қорин, бел, елка ва думба мускуллари ишлайди. У тананинг максимал миқдордаги мускулларини ҳаракатга келтиради ва шу туфайли универсал машқ ҳисобланади.

Дастлаб планкада туришни бир дақиқа давом эттириш тавсия этилади, аста-секинлик билан вақтни 5—7 дақиқага етказиш мумкин.

Шифокорлар умуртқа поғонасида муаммолари бўлган кишиларга планка машқини бажаришда жуда эҳтиёт бўлишни маслаҳат беради. Юкни баробар тақсимлаш техникасига риоя қилинмаса, у тананинг қандайдир бир қисмига тушиб қолади, бундан кўпинча бел зарар кўради.

скачанные файлы

Мутахассислар планка машқини бажариш бўйича қуйидаги кўрсатмаларни беради:

Тирсакларни тўғри елкалар тагига қўйинг, билаклар ўзаро параллел бўлсин. Тос суягини ичкарига қаратиб тортинг, бироқ думба қаппайиб чиқиб қолмасин. Оёқларни текис чизиқ бўйлаб чўзинг. Бўйнингиз эса умуртқа поғонасининг давоми бўлсин. Товон билан орқага, курак суяги билан тепага интилинг. Шу тариқа сиз текис планка чизиғини ҳосил қиласиз.

Машқ бажариш чоғида барча мускул гуруҳлари ишлаши лозим. Бунинг учун қорин ва думбани ичкарига тортиб, таранг тутиш керак. Ва албатта, чуқур ва бир текисда нафас олишни унутманг, нафасингизни тутманг.

Мақолани тайёрлашда “Ладй.маил.ру” сайти маълумотларидан фойдаланилди.