Саломатлик

Шамоллаш янги бошланган ҳолларда қандай қилиб тез оёққа туриш мумкин?

Бош оғрийди, эт увишиши бошланади, бутун баданингиз қақшаб оғрийди… Касалликнинг бундай биринчи аломатлари ҳаммага таниш бўлса керак. Агар айнан ҳозир касал бўлиш ҳеч мумкин эмас бўлса, масалан: кечқурун тақдимот ёки бошқа муҳим тадбир бўлса нима қилиш керак?

Аввал вазиятни аниқлаш керак: бу гриппми ёки нафас йўлларининг ўткир вирусли инфекциясими? Биринчи ҳолатда лоҳаслик тез ривожланади, ҳарорат кескин кўтарилади (балки 40 даражагача), бош оғрийди, мушакларда оғриқ, кўнгил айниш ва қайт қилиш кузатилади.

Грипп касаллигининг бошланғич босқичида тумов ва йўтал бўлмайди. Грипп тахмин қилинганида, шифокорлар дарров мутлақо «таслим бўлиш» — уйда қолишни ва шифокор чақиришни тавсия қилади. Акс ҳолда ёмон оқибатларга олиб келадиган ва ҳаёт учун хавфли бўлган асоратлар қолиши мумкин.

Агар нафас йўлларининг ўткир вирусли инфекцияси бўлса, унда мустақил равишда курашиш мумкин. Бу касалликнинг биринчи аломатлари — томоқнинг қичишиши, тумов ва йўтал, шунингдек ҳароратнинг кўтарилиши. Шунинг учун биринчи навбатда организмда касалликни ривожлантирувчи манбаларга ҳужум қилишни ташкиллаштириш керак.

Шамоллаш янги бошланганда тез оёққа туришга ёрдам берувчи қадам

Биринчи қадам — тумовдан қутуламиз

Бурунни тузнинг кучсиз эритмаси ёки мойчечак дамламаси билан ювишни бошлаш керак, бу амал вируснинг шиллиқ қаватларга ўрнашиб олиши ва чуқурроқ кириб кетишига йўл қўймайди.

Хонанинг ҳавоси ҳаддан ташқари қуруқлашиб кетмаслиги учун батарея ёнига идишга сув солиб қўйинг. Инфекция тарқалмаслиги учун эса тез-тез шамоллатиб туринг.

Иккинчи қадам — томоқни даволаймиз

Томоқни вақти-вақти билан фурацилин ёки мойчечак дамламаси билан чайқаб туринг. Ёки қуйидаги усулда аралашма тайёрланг: 1 ч. қ. туз, 1 ч.қ. сода ва 3-5 томчи йод. Шимиш учун таблеткалар сотиб олинг. Бўйинга — иссиқ рўмол.

Учинчи қадам — йўтални даволаймиз

Энг ишончли восита – эвкалипт, оққарағай ва чой дарахти эфир ёғлари ёки — маврак, қизилпойча ва зуптурум каби доривор ўтлар билан ингаляция қилиш. Асал қўшилган ўтли чойлар ёки оддий сувни илиқ ҳолда ичиш.

Тўртинчи қадам — иммунитетни мустаҳкамлаймиз

Агар ҳарорат 38,5 даражадан ошмаса иситмани туширувчи воситаларни қўлламаслик лозим. Бу организм бутун кучини ишга солиб инфекция билан курашаётганини билдиради. Бунда унга кўп миқдорда C витамини таблеткалари, ёки цитруслилар масалан, грейпфрут экстракти ёрдам беради.

Бешинчи қадам — организм учун ҳордиқ

Бу чораларни қўллаб, куч тўплаш учун ўзингизга имконият беринг. Яхшиси ўзингизни оғир овқатлардан тийинг, кўпроқ суюқликлар (морс, чой ёки сув) ичинг, ётинг ва ухлашга ҳаракат қилинг.

Бироз вақт ўтгандан сўнг ўзингизни яхшироқ ҳис қила бошлайсиз ва тадбирга ёки муҳим учрашувга қатнашишингиз мумкин. Лекин ундан кейин — шамоллаш кучайиб кетмаслиги учун албатта даволаш ишларини давом эттиринг.

Манба: Daryo.uz