— Кўриш қобилиятим пастлиги сабаб кўзойнак ва линза тақаман. Иш жараёнида ҳам кун бўйи компьютер ёнида ўтираман. Ҳозир иккинчи олий маълумот олиш учун ҳаракат қиляпман, ўқиш кўзимга зарар қилмасмикан? Тайёрлаш учун китоб ва дарсликлардан фойдалансамми ёки электрон китоблар ёки планшетдан фойдаланганим маъқулми? Қайси бири кўзлар учун зарарсиз?
Аҳмад Шокиров, Самарқанд вилояти
Сайёра Абдуллаева, олий тоифали шифокор-офтальмолог:
— Узоқ муддат майда ҳарфли матнлар билан ишлаб кўзни зўриқтириш зарарли бўлиб, хонанинг яхши ёритилмагани, нотўғри ўтиришнинг ҳам кўриш қобилиятига таъсири бор. Бундан ташқари, электрон китобларни ўқишда ҳам гигиеник талабларга риоя қилиш муҳим ўрин тутади. Худди шундай китоб ўқишда ва телевизор кўришда ҳам гигиеник қоидаларга риоя қилиш лозим.
Кўз қоғоздаги тасвирни ўқишга мослашган, лекин планшетда тасвир ярқираб туради. Шу сабаб планшетдан узоқ вақт фойдаланиш, китобдан фойдаланишдан кўра зарарлироқ. Кўзнинг намланиши камайгани унинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.
Электрон китоблар экрани эса оддий китобларга яқинлаштирилган бўлиб, бу кўз зўриқишининг олдини олади. Аммо бунда ҳам ўқиш талабларига риоя қилиш керак. Яъни хонага ёруғлик тушишини тўғри таъминлаш, тўғри ўтириш, китобнинг жойлашишига эътибор бериш ҳамда танаффуслар билан ўқиш лозим.
Манба: Darakchi.uz