Маданият

Сочлар стресс натижасида оқариши мумкинми?

Олимларнинг фикрича, стресс ҳам оқ сочлар пайдо бўлишида муҳим роль ўйнайди.

Наслдан-наслга ўтиш билан боғлиқ равишда одамларнинг сочлари 30-40 ёшларда оқара бошлайди. Кўпчилик олимлар бу ҳодиса меланин пигментларини юзага келтирувчи ҳужайралар — меланоцитларни ишлаб чиқаришнинг тўхташи билан боғлиқ деган тахминий фикр тарафидалар.

Бизнинг сочларимиз ўсади, тўкилади ва яна ўсиб чиқади. Такрорланиб турадиган бу жараён бир неча йилларгача давом этади. Соч оқаришининг биринчи белгилари пайдо бўлиши билан ҳар бир циклда оқ сочлар кўпая бошлайди. Агар бошингизнинг ярми оқарган бўлса, унда кейинги цикл охиригача сизнинг сочларингиз деярли тўлиқ оқариб бўлади.

Ҳа, ҳақиқатан ҳам стресс бу жараёнга таъсир кўрсатиши мумкин.

Олимларнинг аниқлашича, стресс туфайли сочларнинг ўсиш цикли қисқарар экан. Демак, оқ сочлар ҳам тезроқ пайдо бўлади.

Бундан ташқари, стресс одамнинг тез қаришига ва меланоцитларнинг йўқолишига олиб келувчи тизимли яллиғланишни ҳам келтириб чиқаради. Мана, ҳатто ёш одамларда ҳам оқ сочларнинг кўп бўлиши мумкинлигининг сабаби нимада экан.

Умуман олганда, агар сиз тез-тез асабийлашсангиз, сиз учун вақтидан олдин оқ сочларга эга бўлиш эҳтимоли юқорироқ бўлади.

Манба: Daryo.uz