Маданият

Табиий маҳсулотлар: юз учун қайси мевалардан ниқоб қилган яхши?

Вақти-вақти билан терини ҳам табиий витаминлар билан озиқлантириб туриш зарур эканлигини унутмаслик лозим. Уй шароитида ниқоб тайёрлаш учун албатта тансиқ мевалардан фойдаланиш шарт эмас. Ҳамма жойдан олиш мумкин бўлган ўзимизнинг маҳаллий мевалар юзни парвариш қилиш учун жуда мос келади.

Биз сиз учун ҳамма турдаги юз терилари учун ҳартомонлама ва фойдали ниқоблар тайёрлаш мумкин бўлган 5 хил ёзги меваларни танладик.

Олма.  Олмалардан қилинган аралашма юз терисини мустаҳкамлайди ва яхши тозалайди. Майда қирғичда қирилган олма ажойиб тарзда намлайди, янгилайди ва витаминлар билан таъминлайди. Ҳамма турдаги терилар учун мос тушади. Олма шарбати ҳам жуда фойдали ва уй шароитида тайёрланадиган косметикада кўп ишлатилади.

Олхўри. Олхўри сизнинг терингизга юмшоқлик ва майинлик бағишлайди, уни ёшартиради ва майда ажинларни текислайди. У тери тешикчаларини торайтириш хусусиятига ҳам эга. Қариётган ва сўлиган териларни парвариш қилиш учун жуда мос.

Қовун. Қовун эти оқартирувчи хусусиятга эга, сепкилларни ва бошқа пигмент доғларни билинмайдиган қилишда ёрдам беради. Қовундан қилинган мевали ниқоблар ёшартирувчи ва тозаловчи самарага эга. Яхши озиқлантиради, намлайди ва таранглаштиради. Кўпроқ қуруқ ва нормал териларни парвариш қилишда ишлатилади.

Тарвуз. Тарвуз ҳамма турдаги териларни парвариш қилиш учун мос келади. У ажойиб таранглаштирувчи воситадир. Тарвуз шунингдек тозаловчи ва ёшартирувчи хусусиятларга эга бўлиб, юз рангини яхшилашга ёрдам беради.

Узум. Узум таркибида кўплаб фойдали моддалар мавжуд. Ундан ажинларни йўқотувчи, терини тозаловчи, озиқлантирувчи ва уни текис, таранг қилувчи ажойиб мевали ниқоблар қилиш мумкин.

Манба: Daryo.uz