Оила

"Турмушга чиқишни истамайман..."

Оппоқ келинлик либосини кийган қўғирчоқни бағрига босиб ўйнамаган, қўшни келинчакка ҳавас-ла боқиб келинсалом қилмаган, энг чиройли кун — тўй оқшомини хаёлида гавдалантириб энтикмаган қиз бўлмаса керак. Негадир айрим дугонажонларимиз турмуш қуриш ёшига етгач, катта ҳаётга қадам қўйишдан чўчиб қолишади? Руҳшунос Шаҳноза ХАЛИЛОВА билан бирга ушбу саволга жавоб излаймиз.

1-мурожаат: «Кўнглим йўқ»

 Ёшим йигирма учда. Ўзим ҳали талабаман. Икки йилдан буён дўстона муносабатда бўлган йигитимдан совчилар келди. Уйдагилар рози бўлишди, оқлик ўрашди. Ойим ҳарчанд «Тўйдан кейин кўнгил қўйиб кетасан», деса ҳам, бунга кўзим етмаяпти. Йигитга доим «Дўст бўлиб қолайлик, оқликни қайтарайлик», деб айтаман. Турмуш қургач ҳам унга муносабатим илимаса-чи, деб иккиланаяпман...

Фарангиз

2-мурожаат: «Ўтмишимдан хавотирдаман...»

— Ёшим йигирма бирда. Мақтанишмас, мактабда ҳам, коллежда ҳам аъло баҳоларга ўқидим. Ота-онам обрў-эътиборли инсонлар. Бизни ҳеч кимдан кам қилмай ўстиришди. Мактабни тугатган йилимиз синфдош йигитим менда кўнгли борлигини айтди. Мен ҳам уни севиб қолдим, деб ўйлардим. Биз учрашиб турардик. Бора-бора у ўзини эркин тута бошлади. Мен эса унинг ҳаракатларига қаршилик қилолмасдим, охири бошқа коллежга ҳужжат топшириб, ундан узоқлашдим. Аммо ўзимдан жуда уялардим. Йиллар ўтса ҳам, шу уят, айбдорлик ҳисси мени тарк этмади. Ўз билмим билан талабалик бахтига эришдим. Келаси ўқишни тугатаман. Уч ой олдин уйдагилар бир йигитнинг совчиларига розилик беришди. У жуда ҳам яхши инсон. Ўқимишли, бўй-басти келишган. Мен учун ҳамма нарсага тайёр. Ўзим ҳам у умр йўлдошим бўлишини истайман. Бироқ унинг олдида виждоним қийналади.

Ойдин

3-мурожаат: «Дугонам бахтсиз!»

— Танлаган инсоним бор. У мени жуда ҳам яхши кўришини доим таъкидлайди. Тез орада тўй бошлаш ниятида. Аммо яқинда дугонам оиласидан ажрашди. У ҳам севиб-севилиб турмушга чиққанди. Афсус эри ёш келинчакка қўл кўтарди, қайнонаси ҳам ёқтирмади. Дугонамнинг ҳаётини кўриб, менда ҳам шундай бўлса-чи, дея чўчиб қолдим.

Азиза

4-мурожаат: «Севганимни унута олмаяпман»

— Яхши кўрган инсоним мен биланмас, бошқаси билан умр ришталарини боғлади. Яқинда мени ҳам унаштиришди. Йигитнинг опалари билан муносабатимиз жуда самимий. Унинг ўзини эса умуман хушламайман. Тергашлари ҳам малол келади. Тўйни тўхтатсаммикан?

Ирода

Муаммо нимада?

Таҳририятга мурожаат қилган қизларимизнинг ёши йигирмадан ошган, айни оилавий ҳаётини йўлга қўядиган пайтлари. Уларнинг муомаласи, ўз муаммосини тушуниб, унга ечим излаётганлари ҳам турмуш масаласига енгил-елпи қарамасликларидан далолат. Бири олий ўқув юртда таълим олаётган, яна бири ўз ишини топган, хуллас — ўз интилишлари, қизиқишлари бор дугоналаримиз нега турмуш қуришни исташмаяпти? Оила қўрғонига қадам босишдан қўрқишаяпти? Турли баҳоналар топиб, бу вазиятдан қочишаяпти? Қизларимиз мурожаатларида сабабларни қисман келтиришган бўлса-да, уларга чуқурроқ назар солиб, таҳлил қилишни лозим топдик. Шунда муаммонинг ечимига борадиган йўл қисқаради. Тўйга розилик бериш эса бу шахсий масала. Бир қарорга келишлари учун аввало қўрқувларини енгишлари керак.

Оила қуришдан нега қўрқасиз?

Сабаблар билан танишинг!

  • Эркини йўқотиб қўйишни истамаслик. Оилали бўлгач, кўп нарса ўзгаради. Кун тартибидан тортиб организм фаолиятигача. Эркакнинг измига бўйсуниш, қайнота-қайнонанинг фикри билан ҳисоблашиш, қайсидир истакларни чегаралаш ўз мустақиллигини ҳамма нарсадан устун қўювчи қизга даҳшатли туюлиши мумкин. Чунки у боши очиқлигидан иккиламчи фойда кўраяпти. Атрофдагиларнинг ниқташлари, ёшининг ўтиб бораётганини «+»лар босиб кетаяпти-да.
  • Ёмон тажриба. Гарчи сиз ўзингиз ҳали турмуш остонасига қадам қўймаган бўлсангиз-да, сизда қайсидир маънода тажриба бор. Яъни ён-атрофдагиларнинг ҳаёт тарзи натижасида орттирилган тажриба. Айрим оналар қизларига эшиттириб турмушидан нолишади. «Сизга турмушга чиқмай, тоқ ўтганим яхши эди», дея турмуш ўртоғига баралла айтади. Қиз болада эса онасига ачиниш билан бирга турмушдан хавфсираш пайдо бўлади. Ёхуд аммаси, ёйинки холаси, ё яқин дугонасининг бахтсизлигига қараб тўн бичади.
  • Жинсий ҳаётдан қўрқиш. Мана, энг катта сабаблардан бири. Бу қўрқув, албатта, ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Эр-хотин муносабатлари, биринчи никоҳ кечаси, туғруқ ҳақидаги қўрқинчли маълумотларнинг қулоққа қуйилиши оқибатида юзага келади. Яна бир учи эса Ойдиннинг мурожаатига бориб тақалади. Йигит қиз ўртасидаги муносабатларнинг чегарадан чиқиши оқибатида айбдорлик ҳисси ва қўрқув пайдо бўлиб, бир нуқтада кесишган. Оилали бўлиш хоҳиши бор, аммо уни кучли қўрқув сўндираяпти. Бундан ташқари, қизларда бундай қўрқув таъсирида ҳимоя функцияси ишга тушиб, жинсий аъзоларда сиқилиш юз беради. Оқибатда эса аёллик органларида оғриқ, касалликлар пайдо бўлади.
  • Эркаклар билан муомала қилолмаслик. Қиз бола тарбиясида ҳаддан зиёд қаттиққўлик асорати сифатида қарама-қарши жинс вакилларидан ўзини олиб қочиш, улар билан умуман мулоқот қилолмаслик муаммоси келиб чиқиши мумкин. Шу туфайли ҳам «Тўйдан кейин кўнгил қўя олмасам-чи?» каби саволлар ўйлантиради. Кўнгил қўя оласизми, йўқми, буни ҳеч ким башорат қилолмайди. Ҳаммаси ўз қўлингизда аслида.
  • Собиқ севгилисини унутолмаслик. Кўнгил қўйгани ундан юз ўгирса-да ёки бошқа қиз билан оила қурса-да, нега ўз бахтини топиши кераклигини тушуниб туриб ҳам айрим қизларимиз олдинга қадам ташлашмайди. Чунки улар собиқ севгилисини идеаллаштириб олишган. У билан кўзлаган мақсадга эришмадингиз, демак, уни идеал санашингиз нотўғри. Ахир севгининг кўзи кўр бўлади, оилали бўлгач, инсоннинг янги қирралари очилади. Сиз эса оғиз солганлар билан нуқул уни солиштирасиз. Битта камчилик топдингизми, дарров рад этасиз. Бунақаси кетмайди, азизам!

Ечим. Оила қуриш масаласини ҳадеб ортга сураётган қизлар, қўлингизга дафтар ва қалам олинг-да, қуйидаги саволларга жавоб ёзинг:

А. Ёлғизлигингиздан қандай фойда кўраяпсиз?

Б. Оила қурсангиз, нималардан маҳрум бўласиз?

В. Агар турмушга чиқмасангиз, нима қилиш шарт эмас?

Д. Ўзингизга оилали аёл бўлишга рухсат берсангиз, ҳаётингизда қандай нохуш ҳодиса юз бериши мумкин?

Токи бу саволларга жавоб топилгунча уларни ўзингизга такрор бераверинг. Шу билангани турмуш қуришгингизга нима тўсиқ бўлаётганини англаш имкони бор. Кейин эса бу тўсиқларни қандай бартараф этиш йўлларини излайсиз.

Ечим. Агар бу тажрибага ота-онангиз сабаб бўлса, уларни айблашдан тўхтанг-да, тушунишга ҳаракат қилинг. Тушуниш натижасидагина ота-онангизнинг хатосини такрорламаслигингиз кафолатланади. «Оила — ғурбат!» «Эркакларнинг ҳаммаси бир гўр» деган фикрларингиз эса асоссиз. Унутманг, одамлар бахтсизликлари ҳақида соатлаб гапиришади. Бахтли дамларида эса мум тишлаб олишади одатда.

Ечим. Нафақат руҳшунос билан ишлаш талаб этилади, албатта, гинеколог кўриги ҳам зарур. Балким жисмоний оғриқлар сабаб оила қуришни пайсалга солаётгандирсиз? Хасталик даволангач, бахтингиз ҳам очилиб кетар.

Ечим. Биринчи ўринда, ҳар бир учрашувга чиққан йигит ёки танишишни таклиф қилган шахсга бўлажак умр йўлдош сифатида қараманг. Шунчаки улар билан гаплашиб кўринг. Бу сизга эркаклар оламини ўрганиш имконини беради. Ва энг муҳими, йигитлар билан муносабатда сабрли бўлинг. Улар учун дарров хулоса чиқарманг, қўрқувларингиз сабаб кўксидан итарманг. У билан кўришганда, гаплашганда нималарни ҳис қилаяпсиз, шунга аҳамият беринг. Ана шунда қўрқувингизга юзма-юз келасиз ва у билан дўстлашасиз.

Ечим. Ҳиссиётлар инсонни тарк этмаслиги мумкин, аммо ўтган кунларни ортга қайтариб бўлмайди. Хотираларни маҳкам ушлаб ўтиргандан наф йўқ. Бу ҳаётда ҳаммаси ўткинчи. Вақт эса кутиб турмайди. Тасаввурингиздаги идеални синдириш учун бошқа йигитларга имкон беринг. Улар билан учрашинг, гаплашинг. Талабингизга тўғри келмайдиган томони учун юз бурманг-да, яхши томонларини кўришга ҳаракат қилинг. Унутманг, биз идеал дунёда яшамаймиз. Хато қиламиз, тузатамиз.

Яна бир гап, ҳадеб куёвликка номзодларни ўтмишдаги муҳаббатингиз билан солиштираверманг. Ҳар бир инсоннинг ўзига хос томонлари бўлади. Қолаверса, сизнинг севгингизни қадрламаган, сизга уйланмаган йигитни байроқ қилиб олишингиз ҳам мантиққа зид. Уни юрагингиздан қўйиб юборинг. Шундоқ ҳам ҳаётингиздан чиқиб кетган. Бу ҳақиқатни тан олинг, оғриқли бўлса-да.

Балким юқоридаги санаган сабабларимизнинг бирортаси сизникига ўхшамас. Ахир инсон психолгияси бир-биридан тубдан фарқ қилади. Муҳими, сиз «Истамайман, қўрқаман» деб ўтирмасдан, оилали бўлишингизга нима тўсқинлик қилаяпти, шу муаммони аниқлашга киришасиз, деган умиддамиз.

Бахтингиз ўзингиздан-да чиройли бўлсин!

Манба: Darakchi.uz