Бу пишириқни тайёрлаш жуда осон ва арзон. Кекснинг жуда юмшоқлиги ва қаймоқли-творогли мазаси албатта сизга ёқади деган умиддамиз.
Масаллиқлар:
- ёғли творог — 270 г
- маргарин — 150 г
- шакар — 250 г
- тухум — 3 та
- ванилин — 1 г
- чўпидан тозаланган майиз — 100 г
- юмшатувчи (разрихлитель) — 1 пакет
- ун — 300 г
Юмшатилган маргаринни шакар ва ванилин билан биргаликда бир хил ҳолатга келгунча аралаштирамиз. Кейин юмшоқ творогни қўшамиз ва яна яхшилаб аралаштирамиз.
Аралашмага тухумни қўшамиз ва крем ҳолатига келгунча аралаштирамиз.
Масса устидан юмшатувчи аралаштирилган унни сепамиз, уннинг устидан эса ювиб қуритилган майизни соламиз. Уларнинг ҳаммасини қошиқ билан шошилмасдан аралаштирамиз.
Тайёр бўлган хамирни кекс учун формага жойлаштирамиз. Агар сиздаги форма силикондан қилинган бўлса уни ёғлаш керак эмас. Агар оддий форма бўлса уни маргарин билан ёғлаймиз ва ун сепамиз. Пишириш вақтида хамир яхши кўтарилади, шунинг учун форманинг 2/3 қисмини тўлдирсангиз етарли бўлади.
Кексни олдиндан 165—170 даражагача қиздирилган духовкада бир соатга яқин пиширамиз. Тайёр бўлганини билиш учун ёғоч чўпдан фойдаланамиз. Агар кекс пишган бўлса, у қуруқ бўлиб чиқади. Кексни форма ичида илиқ ҳолга келгунча сақлаймиз. Кейин уни оламиз ва устидан шакар кукуни сепамиз.
Ёқимли иштаҳа!
Манба: Daryo.uz