Соғлом умуртқа – бу фақат чиройли қадди-қомат эмас. Кексалар инсоннинг ёшлиги ва саломатлиги умуртқанинг эгилувчанлиги ва соғломлигига боғлиқ деб бекорга таъкидламайдилар.
Инсон умуртқаси унинг қаттиқ бўғинлари ва гардишларининг чўзила олиш ва қисқара олишлари ҳисобига анча катта оғирликларга ҳам бардош бера олади. Лекин ўз гавдасига эътибор бермаслик, ўтирганда қоматни тўғри ушламаслик, кучи етмайдиган оғирликларни кўтариш ва кўчириш натижасида одамда соғлиқ билан боғлиқ катта муаммолар пайдо бўлиши мумкин.
Соғлиқ билан бўладиган бундай ёқимсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун шифокорлар томонидан берилган бир неча тавсияларга риоя қилиш керак бўлади.
1-қоида
Қоматингизни тўғри тутинг. Уни тўғри шакллантириш учун қуйидаги машқларни бажаринг: 1. Деворга яқин туринг ва унга энсангиз, елкаларингиз, куракларингиз, думбаларингиз, товонларингизни тегизинг. 2. Буни бир кунда бир неча марта такрорланг.
2-қоида
Стулга ёки бошқа ўтирғичга ўтиришда кескин ҳаракатлар қилманг: сиз кичик тос ва думғаза суякларига зарар беришингиз мумкин, бу жуда оғриқли ва даволаш қийин. Агар сизнинг оёқни чалиштириб ўтириш одатингиз бор бўлса, уни йўқотинг: оёқларнинг бундай ҳолати умуртқанинг юқорида айтилган соҳаларида қон айланишининг бузилишига олиб келиши мумкин.
3-қоида
Агар узоқ вақт туриб қолишга тўғри келса, унда танангизнинг оғирлик марказини бир оёғингиздан иккинчисига навбати билан алмаштириб туришга, иложи борича бир-икки қадам олдинга ва орқага юришга ва бир неча марта чуқур-чуқур нафас олиб ва чиқаришга ҳаракат қилинг.
4-қоида
Умуртқангизга ҳаддан ташқари оғирликларни юкламанг, ўртача оғирликларни эса фақат икки қўлингиз билан кўтаринг. Бунда гавдангизни гоҳ бир томонга, гоҳ иккинчи томонга оғдирмасдан тўғри тутишга ҳаракат қилинг.
Манба: Daryo.uz